Зеро, соя дони таркибида катта миқдорда оқсил ва мой мавжуд, бундан ташқари, минерал ва витаминларга жуда бой ҳисобланади. Уруғининг таркибида 18-24% ёғ,
35-45% оқсил, 30% углевод ва 5% минерал, кўп миқдорда витамин ва аминокислоталар бор.
Соя чорвачиликда сифатли ва тўйимли озуқа ҳисобланиб, унинг 100 кг дони 134,8 озуқа бирлиги сақлайди.
Бу кўрсаткич бошқа биронта донли, дуккакли ёки мойли экинларда учрамайди.
Энг муҳими, соя етиштириш ернинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва тупроқ унумдорлигини ошириш хусусиятига эга бўлиб, алмашлаб экишда муҳим ўтмишдош экин ҳисобланади.
Соя ўсимлиги бугунги кунда дунёнинг кўплаб мамлакатларида жами 127 млн. га майдонда етиштирилмоқда.
Экин майдони бўйича дунёда буғдой, маккажўхори ва шолидан кейин 4-ўринни эгаллайди.
Ўзбекистонда соя ўсимлиги 2018 йилда 18500 га, 2019 йилда 19800 га, 2020 йилда 17314 га, 2021 йилда 59853 гектар майдонда етиштирилди ва мўл ҳосил олинди. 2022 йилда жами 80 000 гектар майдонга соя экини экилиб, парвариш қилиш ишлари
давом эттирилмоқда Мамлакатимизда ўсимлик ёғининг аксарият қисми импорт орқали
қопланмоқда. Аҳоли сонининг ортиши ўсимлик ёғига бўлган эҳтиёжнинг янада ортишига олиб келмоқда.
Бу эса мойли экинларга алоҳида эътибор қаратишни талаб этмоқда.
Соядан мўл ҳосил олиш асосан уни озиқлантириш ва турли зараркунандаларга
қарши кураш ишларини ўз муддатларида олиб боришни тақозо қилади.
Сояни ўғитлаш Соя экинининг илдизларида кўп миқдорда туганак бактериялар бўлиб,
тупроқни азот билан бойитишда ва тупроқ унумдорлигини оширишда беқиёс манба бўлиб хизмат қилади.
Туганак бактериялар соянинг илдизларида ҳаводаги эркин азотни тўплаб, ўсимлик томонидан осон ўзлаштириладиган ҳолатга келтиради. Республикамиз тупроқларида
Rhizobium авлодига кирувчи туганак бактериялари учрамаслиги сабабли соя уруғларини экишдан олдин ушбу тур туганак бактерияларини сақловчи препаратлар билан ишлов бериб экиш мақсадга мувофиқ.
Сояга бошқа дуккакли экинлар сингари туганак бактерияларининг энг фаол
штаммлари бўлган бактериал ўғитлар қўллаш яхши натижа беради. Бактерияли ўғитлардан фойдаланилганда азотли ўғитлар бериш меъёрлари ҳам камаяди.
Экилган соя уруғлари униб чиқишидан 2-3 ҳафта ўтгандан кейин илдизлари текширилганда бактерия фаолиятининг натижасида бўртмалар пайдо бўлганлигини кўриш мумкин.
Илдизда ҳосил бўлган туганакларнинг ичи пушти рангга бўялади. Агар туганакнинг ичи бошқа рангда, яъни яшил ёки қора рангда бўлса, ушбу бактериялар нобуд бўлган ҳисобланади.
Соя ўсимлигида минерал ўғитлар кам миқдорда қўлланилади.
Олиб борилган узоқ йиллик тажриба натижаларига асосланиб, соя ўсимлигига соф ҳолда 30-40 кг азот, 70-90 кг фосфор ва 30-40 кг калийли ўғитлар билан озиқлантириш илмий асосланган.
Фосфорли-калийли ўғитлар меъёри ҳосил ўлчами ва тупроқдаги ҳаракатчан фосфор миқдорига боғлиқ ҳолда белгиланади. Таркибида кўп миқдорда P2О5 ва К2О бўлган тупроқларда маъдан ўғитлар қўлланмаса ҳам бўлади, бунда фақат бактериал ўғитлар билан кифояланиш мумкин. Аммо, кўпгина тажрибаларда азотли ўғитлар ҳосилнинг ошишини таъминлаши кузатилган.
Соянинг зараркунандалари Кўсак қурти. Бу зараркунанда жуда кўп учрайди. Кўринишидан капалагининг йирик олдинги қаноти ўртасида битта юмалоқ катта буйраксимон доғ мавжуд бўлади. Капалак соянинг дастлабки фазаларида тухум қўяди. Қуртнинг танасида майда тукчалар ва доғлар билан қопланган яшил баргларни еб
озиқланишига кўра тўқ яшил рангда бўлади, бу қуртлар олдин барглар, кейинчалик ғунча гуллари билан озиқланади.
Карадрина. Бу қурт даладаги барча маданий ўсимликлар билан озиқланади.
Улар тўда-тўда бўлиб ҳаракатланади ва баргларни мутлоқ еб битиришади. Карадиринадан сўнг баргларда тешиклар яққол кўриниб туради.
Зараркунандаларга қарши кураш. Тунламларга қарши таркибида таъсир қилувчи моддаси циперметрин бўлган препаратлар ишлатилади.
Ўргамчакканага қарши олтингугурт қўйиб чиқилади ва тавсия этилган акарицидлар бир ёки икки марта сепилади.
Бундан ташқари, сояни энг кўп миқдорда ўргимчаккана, симқурт, акация оловчаси зарарлайди. Мазкур турдаги ҳашаротларга қарши тавсия этилган препаратлар ёки 25-30 кг/га олтингугурт кукуни сепилади. Олтингугурт кукуни 8-10 кун давомида яна қайта ишлатилади.
Соянинг касалликлари Сояда замбурyғли ва бактерияли касалликларнинг бир неча турлари учрайди. Жумладан, илдиз чириши, бунда ўсимликнинг сўлиши, баргларда, дyккак ва донда турли хил доғларнинг пайдо бўлишини кузатиш мумкин.
Бактериал куйиш. Ўсимлик баргида майда игнасимон доғлар пайдо бўлади, бу доғлар дастлаб жигарранг, кейин қорамтир тусга киради. Баргнинг орқа қисмида бактериал доначалар пайдо бўлади. Кейинчалик улар қўшилиб, бутун барг юзасини қоплайди ва баргни қуритади, натижада, барг тўкилиб кетади.
Ҳаворанг доғлар. Жанубий районларда кенг тарқалган бу касалликни ҳам бактериялар келтириб чиқаради. Асосан, баргни, камдан-кам ҳолларда эса пояни ва соя дуккакларини зарарлайди. Касаллик баргда кўк ва жигарранг доғлар пайдо қилиш билан бошланади.
Зарарланган жойдаги барг тўқимаси кўтарилиб, кўкиш доғлар ҳосил бўлади.
Кейинчалик барг тўқимаси қизғиш жигарранг тусга киради ва қуриб тўкилиб
кетади. Баргнинг орқа томонидан қараганда касаллик белгилари кўзга ташланмайди. Ҳавонинг қуруқ ва иссиқ бўлиши касалликнинг кўпайиши учун қулай шароит яратади.
Замбуруғли касалликлар. Сохта ун-шудринг уруғ, майса, барг ва дуккакларни
зарарлайди. Бу касалликни замбуруғлар қўзғатади. Дастлаб уруғпалла баргнинг
устки ва остки қисмида юпқа ғубор ҳосил бўлади, барг сўнгра сарғаяди ва кейинчалик тўкилиб кетади. Касалликка чалинган ўсимлик кам шохли бўлиб, дуккаклар оз миқдорда вужудга келади ёки умуман ҳосил бўлмайди.
Касалликни қўзғатувчи замбуруғ спора ҳолида қишлайди. Қишлаб чиққан споралар касаллик тарқатувчи манба ҳисобланади. Ўсимликнинг ўсиш даврида замбуруғлар конидия споралари ёрдамида тарқалади. Замбуруғнинг инкубацион даври ўсимликнинг ҳолатига ва ҳаво ҳароратига боғлиқ. Касаллик таъсирида уруғларнинг унувчанлиги 30
фоиз пасайиб кетади.
Фузариоз касаллиги соя экиладиган барча майдонларда учрайди. Бу касалликка чалинган ўсимликларда сўлиш билан биргаликда илдиз, уруғ, майса ва дуккакларнинг чириши ҳам кузатилади.
Фузариоз билан зарарланганда униб чиққан майсаларнинг асосий қисми чириб нобуд бўлади. Фузариоз билан, асосан, соя уруғлари зарарланади. Кучли зарарланган уруғларнинг кўп қисми чириб кетади ёки улардан жуда нимжон кўчатлар униб чиқади. Соя ўсимлиги вегетация даврида фузариозга чалинганда ўсиш ва ривожланишдан тўхтайди ва натижада барглар сарғайиб тўкилади.
Илдиз чириш касаллигига чалинган ёш ўсимлик илдизи қўнғир рангга киради ва чирийди, бундан ташқари ён илдизлар ривожланмайди. Касаллик инфекциялари уруғда ва тупроқда сақланади. Замбуруғ паст ҳарорат ва юқори намликда кучли ривожланади.
Оқ чириш ёки склеротиноз соя экиладиган барча районларда учрайди. Бу касаллик билан бутун ўсимлик ёки унинг айрим пояси, ён шохлари, дуккаги ва уруғи зарарланади.
Д укк ак ҳосил қилиш даврида ўсимликнинг сўлиши касалликнинг дастлабки аломатидир. Кейинчалик эса (айрим ҳолларда) ўсимлик қуриб қолиши ҳам мумкин. Ўсимликнинг касалланган қисмида қалин оқ ғубор пайдо бўлади, зарарланган тўқима рангсизланади, кейинчалик чирийди. Дуккакларни замбуруғ таналари, яъни оқ рангдаги мицелиялар ўраб олади. Склеротиноз касаллиги нам ҳавода, уруғлар қалин экилган ерларда кучли ривожланади.
Касалликларга қарши агротехник тадбирлар. Соя касалликларини келтириб чиқарувчи паразитлар, асосан, ўсимлик қолдиқларида ва тупроқда қишлайди. Соянинг бир майдонда доимий равишда экилиши ҳамда тупроқда касаллик ва ҳашаротларнинг кўпайиши оқибатда ҳосилдорликнинг камайишига олиб келади. Алмашлаб экишни тўғри ташкил этиб, тупроқдаги замбуруғ ва бактерияларни йўқотиш касалликларнинг камайишини таъминлайди. Склеротиноз билан зарарланган ўсимлик ўрнига соя экиш умуман ярамайди.
Тупроқда қишлайдиган замбуруғ споралари ва бактерияларини йўқотишда кузги шудгор муҳим тадбирлардан бири ҳисобланади. Бундан ташқари, экиш муддати тўғри белгиланганда ҳам майсаларнинг бактериоз ва фузариоз билан зарарланиши камаяди.
Соя зараркунандалари, касалликларига қарши биологик ва кимёвий кураш усуллари тўғрисида етарли билимга эга бўлиш ва унга амал қилиш мўл ҳосил гарови ҳисобланади.
С.ПИРНАПАСОВ, Ж.АБДУЗУХУРОВ, PhD, Б.МУХАММАДИЕВ, PhD, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги мутахассислари.
Манба: Ўзбекистон қишлоқ ва сув хўжалиги журнали №6. 2022



















