Сабзи ҳосилни йиғиштиришда нималарга эътибор бериш керак?

Ўзбекистон шароитида сабзи ҳосилини белгиланган календарь муддатларда йиғиб олиш керак. Баҳорги сабзи экинлар учун энг мақбул йиғим-терим вақти май ойининг охири ва июнь ойининг биринчи ўн кунлиги, ўрта муддатда етиштирилганники август охири ва сентцябр ойининг биринчи ўн кунлиги ҳамда кечки муддатда етиштирилган сабзиники 5-20-ноябрь кунлари ҳисобланади.

Ушбу муддатларга риоя қилмаслик ҳосилнинг катта йўқотишларига олиб келиши мумкин. Кечиктирилган ҳосил натижасида сабзи таъми ёмонлашади, илдизмевалари дағал, ширасиз бўлиб қолади. Йиғим-терим вақти ортга сурилганда, сабзи чириб айнишни бошлайди ва ҳосил йўқотилиши 5-10 фоизга етиши мумкин. Бундан ташқари кичик қўшимча илдизчаларнинг шаклланиши ва илдизмеваларнинг қаттиқ ёрилиб кетиши кузатилади.

Кечки сабзини доимий совуқ бошланишидан олдин йиғиштиришни бошлаш керак. Олдиндан ҳосилни йиғиб олиш катта йўқотишларга олиб келади. Куз ойларида кимёвий таркибга бой бўлган илдизмевалар ҳосилининг асосий шаклланиши содир бўлади. Айнан шу даврда фотосинтез маҳсулотларининг 20-30%и барглардан илдизмеваларига етиб боради.

Сабзи ҳосилини йиғиштириш пайтида илдизмеваларни очиқ ҳавода камроқ қолишига ҳаракат қилиш керак, акс ҳолда сўлиган илдизмевалар ўз кўринишини йўқотади ва сақлашга яроқсиз бўлиб қолади.

Манба: https://uzimizniki.agrozamin.uz/uz/news/00002