Қовуннинг фузариоз сўлиш (фузариоз вилт) касаллиги

Ўзбекистон ўзининг ширин-шакар қовунлари билан дунёга машхурдир. Лекин охирги йилларда бу экин экиладиган майдонлар ва уларнинг ҳосилдорлиги камайиб бормоқда. Бунга агротехник тадбирларнинг бузилиши, қовун касалликларини кенг тарқалиши ва уларга қарши кураш чораларини тўла-тўкис амалга оширилмаётганлиги сабаб бўлмоқда.

Ўзбекистонда ва қўшни мамлакатларда қовун етиштиришда энг катта зарар келтирадиган ва соҳа ривожланишига тўсиқ бўлиб келаётган иккита замбуруғ касаллиги фузариоз сўлиш ва ун-шудрингдир.

Қовуннинг фузариоз сўлиш касаллиги ва унинг келиб чиқиш сабаблари: Қовуннинг фузариоз сўлиш (Fusarium oxysporum  f.sp. melonis) касаллигини тупроқдаги сапрофит замбуруғлар қўзғатади. Бу замбуруғлар ўсимлик тўқималарига киргач, ундаги шира билан озиқланиб, текинхўрлик (паразитлик) қила бошлайди. Замбуруғнинг хаёт фаолияти жараёнида пайдо бўладиган моддалар (токсинлар) қовун палаги тўқималарида замбуруғ мицелийлари йиғилиб қолиб сув ўтказиш йўлларини тўсиб қўяди, иккинчи томондан улар кўпроқ тўпланиб қолса, ўсимликни захарлайди. Натижада ўсимлик ё вақтинча сўлийди ёки бутунлай сўлийди ва ўлади. Ўсимликнинг токсинлар таьсиринини енгил, ривожланиш жараёнини давом эттириши унинг касалликка қарши тура олиш қобилияти (иммунитети) ва чидамлигини белгилайди.

Замбуруғ таъсирида ўсимлик органларида содир бўладиган ўзгаришларнинг барча сабабларини билмасдан, унинг касалликка чидай олиш ва юқори хосил бера олиш кобилиятларини аниқ белгиламасдан туриб у ёки бу тадбирни ишлаб чиқаришга жорий қилиб бўлмайди. Ана шу жумбоқлар ўрганилгач, турли агротехник тадбирлар (ўсимликнинг озиқ ва сув режими, ерни ишлаш)ни ишлаб чиқиш ва амалда қўллаш йўли билан ўсимликларнинг касалликка чидамлилик қобилиятини ошириш мумкин бўлади. Шуларни ҳисобга олиб, биз ўсимлик танасида борувчи жараёнларни турли шароитларда ўрганиб чиқдик.

Фузариоз сўлиш (вилт) билан қовун барча ўсиш ва ривожланиш фазаларида зарарланади. Ёш майсаларнинг уруғбарглари, пояси ва илдиз бўғзида қайноқ сувга куйганга ўхшаш, сўнгра қўнғир тус олувчи доғлар ривожланади, улар чирийди ва майсалар қуриб қолади, экин сийрак бўлиб қолади. Ўзбекистонда эртапишар қовун навлари майсаларининг 43-86 фоизи нобуд бўлгани  қайд этилган.

Фузариоз сўлиш экинларда мева ривожланиши ва пиша бошлаши пайтида кўплаб учрайди. Олдин ўсимликнинг пастки ярус баргларида қўнғир доғлар пайдо бўлади ва улар юқори ярус баргларига ўтади.

Палаклардан бири ёки бир нечтаси, сўнгра бутун ўсимлик сўлийди. Илдиз пўсти титилган шакл олади, усти кукунга ўхшаб қолади. Баъзан ўсимлик касалликка мавсум сўнгигача қаршилик кўрсатади, сўлимайди, аммо улар заиф, палаги калта бўлиб қолади, кам ҳосил тугади. Касалликнинг тез шакли кузатилганда ўсимлик 1-2 кун ичида сўлиб қолади.

Сўлишининг сабаби – ўсимликнинг ўтказувчи тўқималари замбуруғ мицелийси билан тўлиши ва сув ўтмай қолишидир. Сўлиган ўсимликларнинг илдизи ва пояси кесиб кўрилганда, уларда сарғиш, жигарранг ва қўнғир доғларни кўриш мумкин, аммо бу доғлар ҳар доим ҳам мавжуд бўлмайди.

Фузариоз сўлиш қовун ҳосилини 30% гача камайтиради. Fusarium oxysporum f.sp. melonis тор ихтисослашган, фақат қовунни зарарлайди ва у бошқа полиз экинларини зарарламайди.

Қўзғатувчининг 4 та физиологик ирқи мавжуд, улар айрим қовун навларини заралаши билан фарқланади. «Ўзбекистон сабзавот, полиз ва картошка экинлари илмий-тадқиқот институти» ходимлари томонидан қовуннинг фузариоз сўлишга (ва ун-шудрингга) чидамли навлари ва гибридлари (ширали, суюнчи, олтин тепа, лаззатли, олтин водий, тўёна, зарчопон, гурлан ва амударё) яратилган ва районлаштирилган.

Патоген ривожланиши учун муътадил ҳаво ҳарорати 25-28оС, минимум 12оС ва максимум 34оС; қишда замбуруғ -15оС совуқда ҳам нобуд бўлмайди.

Экин ичида ва бошқа далаларга касаллик тупроқ заррачалари, тупроққа ишлов бериш асбоб-ускуналари ва суғориш сувидаги замбуруғ пропагулалари (мицелий парчалари, конидиялари ва ҳ.к.) орқали тарқалади. Мавсумдан мавсумга касаллик ўсимлик қолдиқлари ва камроқ даражада (3-8% гача) уруғлар билан ўтади.

Замбуруғ ўсимликларга илдизлари ва зарарланган тўқималари орқали киради. У тупроқда кўп йил сақланиши мумкин.

Олиб борилган илмий-тадқиқот ишларининг натижалари ва илғорлар тажрибасига таяниб қовун экиш ва уни парваришлашда қуйидаги уйғунлашган кураш чора – тадбирларига амал қилишни тавсия этамиз:

Касаллик мавжуд бўлган далаларга 4-5 йилгача қовун экмаслик; турли сабзавот экинлари ва бедадан бўшаган ерларга қовун экиш яхши натижа беради; шоликорлик яхши ривожланган хўжаликларда қовунни шолидан бўшаган ерларга экиш яхши натижа беради; янги ўзлаштирилган ерларга қовун экиш хам ижобий самара беради, бу ерларда касалик бўлмайди ёки жуда ҳам оз бўлади. Ерларни чуқур шудгорлаш; тупроқ шўрини ювиш; суғориш режимига риоя қилиш; сўлишга чидамли навлар экиш; уруғликни фақат соғлом ўсимлик меваларидан олиш, экишдан олдин уни микроэлементлар (Fe, B, Zn, Mn, Cu) эритмасида ивитиш, қуритиш ва самарали фунгицид (мисол учун, Витавакс 200 FF) билан дорилаш; таркибида элементлар баланси мавжуд бўлган ўғитларни киритиш; ўсимлик қолдиқларини даладан чиқариб, ёқиб юбориш тавсия қилинади.

Ўзбекистонда экинга суперфосфатнинг 5% ли эритмасини 3 марта (экин  4-10 барг чиқарганда, гуллаш-мева тугиш пайтида ҳамда мевалар пиша бошлаганда) пуркаш касалликка қарши яхши натижа беради.

Ўсимликлар карантини ва ҳимояси илмий тадқиқот институти Фарғона филиали директори: Хайдаров Жаҳонгир. Катта илмий ходим: Анваржон Хайдаров, тадқиқотчи: Аброржон Эргашев.