Иссиқхонада кузги-қишки мавсум учун помидор уруғларидан кўчат тайёрлаш

Кузги-қишки мавсумда уруғ июнь охири – июль бошларида сепилади, доимий жойга эса кўчатлар август ойи бошида ўтказилади. Дастлаб иссиқхона қопламаси устига оҳак ёки лой сепилади, тувакчаларга озуқали аралашма солиниб, яхшилаб суғорилади, уруғлар 0,5-1 см чуқурликка экилади.

Майсалар пайдо бўлгунга қадар 2 марта, эрталаб ва кечқурун суғориб турилади. Уруғлар униб чиққандан сўнг улар бир кунда бир марта, яхшиси кечки пайт суғорилгани маъқул.

Биринчи ҳақиқий барг чиқарганида тувакчалардаги кўчатлар чириган гўнг билан 2-3 см кўмилади. Бу ёш ниҳоллар поясининг бақувват ўсишига ёрдам беради, чунки ҳаво ҳарорати иссиқ бўлгани сабабли, поялар сўлиб кетиши мумкин. Шунинг билан бирга 3-4 ҳақиқий барг чиқаргандан сўнг кўчатлар ёруғлик билан тўйиниши учун иссиқхона юзаси яхшилаб ювилиши лозим.

Вегетация даврида кўчатлар илдизи ва барглари орқали органик ўғитлар билан озиқлантириб турилади.

Ушбу мавсумда помидор ҳосили ноябрда пишиб етила бошлайди. Бу очиқ далада етиштириладиган помидор ҳосилининг тугаш даврига тўғри келади.

Қишки иссиқхоналарда кўчатни августнинг охирида ўтқазиш энг яхши муддат ҳисобланади. Кузги-қишки экиш даври январнинг бошида тугайди.

Ушбу турдаги алмашлаб экишда ярим детерминант навларидан фойдаланилади.Бунда ўсимлик озиқланадиган майдон қишки-баҳоргига нисбатан бир мунча кичик бўлиши лозим. Кўчат экишнинг бир қаторли, кўчатлар оралиғи схемаси 70х35 ёки 80х30 см бўлади, 1 м2 юзага 4 дона ўсимлик кўчати тўғри келади.

Кузги-қишки алмашлаб экишнинг бошланишида ҳароратнинг ортиши алоҳида кузатилади, бунда ҳароратнинг 30°С дан кўтарилишига йўл қўймаслик керак. Исиб кетишдан сақланиш учун иссиқхона томи оқланади.

Иссиқхонада ҳаво ҳарорати октябрь-ноябрь ойларида, қуёшли кунларда 25-28°С, булутли кунларда – 18-20°С, тунги соатларда эса 16-18°С оралиғида бўлиши лозим.

Тупроқ ҳарорати 15-17°С оралиқда сақланади. Декабрь ойида, кун қисқариши ва унинг оқибатида табиий ёруғликнинг камайишини ҳисобга олиб, иссиқхонадаги ҳарорат кундуз кунлари аста-секин 18-20°С гача, кечаси эса 15-16°С гача пасайтирилади.

Ҳавонинг нисбий намлиги 60% дан юқори бўлмаслиги керак. Қатор оралари 2-3 марта юмшатилади, ўсимлик эса чопиқдан чиқарилади.

Август-сентябрь ойларида ўсимликни суғориш тез-тез такрорланади, лекин, кейинчалик ойига 2-3 мартагача камайтирилади. Бироқ, бунда тупроқнинг намлиги 70% дан камайиб кетмаслиги керак.

Ҳосилни йиғиб олиш ноябрнинг ўрталарида бошланиб, январнинг ўрталарида тугайди. Охирги муддатларда ҳам пишиб етилмаган ҳосил бўлса, ўсимлик илдизи билан суғуриб олиниб, осиб қўйилади ва бу билан ҳосилнинг етилишига шароит яратилади.