Пиёз уруғларини экишга тайёрлаш

Оддий пиёзнинг уруғлари одатда қуруқлигида экилади, аммо экиш кечиккан пайтларда уруғни тоза ва тез-тез алмашиниб турадиган сувда 1-2 сутка давомида ивитилади.
Пиёз уруғини экишга тайёрлашда касалликларга қарши дорилаш яхши натижа бериши кузатилган. Умуман айтганда, пиёзнинг тезлик билан униб чиқиши, ҳосилдорлиги юқори бўлиши, касалликларга камроқ чалиниши мақсадида уруғлар экишдан аввал сараланади ва калибровка қилинади, ҳўлланади, чиниқтирилади, дезинфекция
қилинади, микроэлементлар билан ишлов берилади ҳамда махсус дражелар кўринишига келтирилади.
Саралаш ва калибровка қилишда уруғларни 3-5% ли ош тузи эритмасига солинади. Бундай эритмада 5-7 дақиқадан сўнг, пуч ва етилмаган уруғлар сув юзига қалқиб чиқади, яхши уруғлар эса идиш тагига чўкади.
Экишдан аввал пиёз уруғлари ҳўлланади. Бунинг учун уруғларни тоза идишга солиб, устидан сув қуйилади ва 2 суткагача сақланади. Бу амал натижасида уруғлар сувга
бўкади. Шундан сўнг, уларни яна бироз ундирилади ёки ерга сепилади. Агар пиёз уруғларини 8 соат давомида 40 ºС гача иситилган сувга солиб қўйилса, у ҳолда уларнинг униб чиқиши бир мунча тезлашади. Ивитилган ва ҳўлланган пиёз
уруғлари униб чиқиши учун улар сепилган ер майдонида намлик етарли бўлиши керак, акс ҳолда, уруғлар қуриб қолиб, нобуд бўлади.

Пиёз уруғларини экишдан олдин дезинфекциялаш учун улар 24 соат давомида 20 оС ли марганцовка эритмасида сақланади (1 грамм калий перманганат 1 литр сувга
солинади). Эритма 2-3 марта алмаштирилади ва сўнгра уруғлар сувда ювилиб, ундириш учун ҳўл матога сочиб қўйилади ёки уруғларнинг ярми сувга ботиб турадиган
ҳолатда бирор бир идишга солинади.

Пиёз уруғларини чиниқтириш учун уларни сепишдан 2 ҳафта олдин уруғлар оғирлигига тенг бўлган миқдорда 15-22 даража ҳароратдаги сув билан аралаштириб қўйилади ва ҳар 4 соатда аралаштириб турилади. Агар сув қуриб қолса, керакли миқдордаги сув пуркалади. Тахминан 5% уруғлар уна бошлагандан сўнг, уларни экилгунича 0 оС ҳароратли музлатгич бўлмасига солиб қўйилади. Музлатгичда
сақланаётган уруғлар ҳар 2-3 кунда аралаштириб турилади. Уруғларни бундай усулда тайёрлаш пиёз ҳосилини 10-15 кун аввал олишга имкон беради.

Микроэлементлар билан ишлов бериш – уруғларга уларга зарур бўлган микроэлементлар билан ишлов бериш жуда ҳам фойдали тадбир ҳисобланади. Бу амал
ўсимлик ривожланишидаги физиологик жараёнларни бошқаради, касаллик ва зараркунандаларга қарши курашни осонлаштиради, ўсимликнинг ўсиши ва ривожланишини жадаллаштиради, ҳосил олишни тезлаштиради ва пиёзларнинг сифатини яхшилайди. Бунинг учун пиёз уруғларини бир ёки бир неча микроэлементлар билан ишланади. Қуйидаги таркибдаги эритмада пиёз уруғларига
ишлов бериш самарадор бўлиши кузатилган: бромли калий – 0,05%, молибден аммоний 0,002-0,005%, борний кислота – 0,02-0,05%. Микроэлементли моддалар 40-45 ºС ли сувда эритилади ва пиёз уруғлари ушбу эритмада 24 соат давомида
18-20 оС да сақланади. Агар микроэлементлар бўлмаса, у ҳолда пиёз уруғларига таркибида 30 дан ортиқ микроэлементлар бўлган ёғоч кули билан ҳам ишлов берилиши мумкин. Бунинг учун 1 литр иссиқ сувда 2 ош қошиқ кул эритилади ва 1 сутка давомида аралаштириб турган ҳолда сақланади. Кейин ушбу эритмага докага солинган уруғлар 4-6 соат давомида бўктириб қўйилади. Пиёз уруғларини 0,01% ли никотин кислотаси эритмасига солиб қўйиш ҳам яхши натижалар берган.
Пиёз уруғларини экишдан олдин кимёвий препаратлардан Максим 3,5% с.к., 1 мл/кг меъёри қўлланганда, Селест Топ 31,2% с.к – 2 мл/кг меъёри қўлланганда, микробиологик препаратлардан Триходермин – 1г/кг, Спорангин- 5мл/кг, Микроўстиргич – 1,4мл/кг меъёрида 30 минут олдин намлаб экилганда уруғларни унувчанлиги, касалликларга бардошлилиги ва ҳосилдорлигига ижобий таъсири
аниқланади.

Манба: «ПИЁЗ ЕТИШТИРИШ» Тузувчи: М.Ў. Холдоров – Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий тадқиқот институти Ўсимликларни ҳимоя қилиш лабораторияси мудири, б.ф.н., катта илмий ходим. Лойиҳа ғояси муаллифи ва ташкилотчи: “Агробанк” АТБ