Буғдой экишда ерни экишга тайёрлаш

Кузги ғалла экинлари уруғининг белгиланган чуқурликка экилиши, уруғнинг белгиланган меъёрда сарфланиши, экиш агрегатларининг юқори унум билан ишлаши учун ернинг текис бўлиши, унинг юза қатлами (0-10 см) донадор, майин тупроқли
бўлиши, ундаги кесаклар катталигининг диаметри 2-3 см дан ошмаслиги керак.

Шунингдек, ниҳолларни текис ундириб олиш, кузги ва баҳорги суғоришларни сифатли олиб бориш учун ҳам ерларни яхшилаб текислаш зарур. Бундан ташқари, ғалла майдонини сифатли текисланмаслиги оқибатида суғориш давомида сувнинг тўпланиб қолиши (кўллаши) эвазига кўчатларнинг нобуд бўлиши ёки сийракланишига, шунингдек, ернинг мелиоратив ҳолатининг ёмонлашишига олиб келади.
Ғўза қатор орасига ғалла экишдан олдин мавжуд ғўза майдонларидаги ғўзаларнинг ҳолати ва 1-теримдан сўнг ғалла экиладиган майдонлар ҳажмидан келиб чиқиб, экиш
мавсумини қисқа кунларда ва сифатли ўтказиш мақсадида экиш графиги асосида контурларни белгилаш лозим. Белгиланган контурларда пахтани 1-3 кун муддатда териб олиб, соф ҳолда гектарига 80-90 кг соф ҳолда фосфорли, 50-70 кг калийли ўғитлар бериш тавсия этилади. Ўғитлар берилгандан сўнг ғўза қатор ораларини икки марта культивация қилиш ҳисобига мавжуд ғўза эгатларини текислаш, имкон
борича ғўза қатор орасида экиш майдонини кенгайтириш ишлари ташкил этилади. Бунда ҳар бир контурдаги дала атрофлари шудгорланиб, бегона ўт илдизларидан тозалаш, техника ёрдамида дала яхлитлигини таъминлаш, ерга ер қўшишга эътибор бериш лозим. Ғўза қатор орасида ер тайёрлаш ишлари якунланганидан сўнг белгиланган меъёрда узоғи билан 2-3 кунда уруғни сифатли экиш ҳамда пахтани
иккинчи теримига қадар енгил суғориш ишларини амалга ошириш, экилган ғаллани контур бўйича 100 фоиз тўлиқ ундириб олишга ҳамда ғалла майсаларини қишловга туплаган ҳолда олиб кирилишига эришиш лозим.

Манба: «БУҒДОЙ ЕТИШТИРИШ» Тузувчилар: Ж.Б. Худайқулов – Тошкент давлат аграр университети Ўсимликшунослик кафедраси мудири қ.х.ф.д. профессор, Х.Н. Атабаева қ.х.ф.д. профессор, А.К. Анорбаев қ.х.ф.д. профессор. Лойиҳа ғояси муаллифи ва ташкилотчи: “Агробанк” АТБ