Боғларда дарахтларнинг тўкилган баргларида зараркунандалар ва касалликлар вируслари сақланиб қолади. Шунинг учун боғлар қатор ораларининг тупроғи ағдарилиб, ҳайдалади. Ҳайдалмай қолган ҳар бир дарахт атрофи 25–30 см чуқурликда ағдарилиб чопилади. Касалланган, синган шохлар, қуриб қолган дарахтлар қирқилади ва боғ ташқарисига чиқариб ташланади. Об-ҳаво шароитига қараб (илиқ кунлари) барги ёппасига тўкилган бўлса, дарахтга монилиоз, парша каби касалликларига қарши 3% ли Бордо суюқлиги ёки 5% ли оҳак-олтингугурт қайнатмасини пуркаш орқали жиққа ҳўллаш зарур.
Барча мевали дарахтлар биринчи галда шафтоли, ўрик, олхўри, гилос дарахтларининг тана ва она шохларини оқлаш зарур. Бунда 10 л сувга 2 кг тупроқ, 1,5 кг оҳак эритилиб, қалин қилиб оқланади. Оҳакка мол шатмоғи қўшилса тез ювилиб кетмайди.
Ҳосилли боғ ва токзорларда ҳар 2–3 йилда бир маротаба гектарига 20–40 т гўнг, минерал ўғитлардан соф ҳолда фосфор 150–180 кг ва калий 50–60 кг солиниб, боғлар 45–50 см, токзорлар қатор оралари 25–35 см чуқурликда шудгор қилинади.
Ҳар йили бўз тупроқларда ўстирилаётган боғ ва токзорларга соф ҳолда 60–90 кг фосфор ва 60 кг калий ўғити солинади. Бунда боғ ва токзорларнинг ҳосилдорлиги ошади, касаллик ва совуққа чидамли бўлади.
Республикамизда ноябрь ойидан бошлаб янги боғ ва токзорларни ташкил қилиш ишлари бошланади. Бунда мевали боғлар ва токзорлар кўп йиллик бўлгани боис, уларни барпо қилишда хатоликка йўл қўйиш мумкин эмас. Чунки хатони тузатиш қийин бўлади.
Мевали дарахтларнинг кўчатлари уч хил, яъни паст бўлиб ўсувчи пакана пайвандтагда, ўрта ўсувчи ва кучли ўсувчи (уруғдан) пайвандтагларда кўпайтирилади.
Уруғли мева кўчатларининг пакана пайвандтагга уланган кўчатлари 18–20 йил, ўрта ўсувчи пайвандтаг 25–30 йил, кучли ўсувчи пайвандтаг эса 40–60 йил давомида мева беради. Шунинг учун мевали кўчатлар экиладиган майдон жуда пухта ва сифатли тайёрланиши зарур.
Боғ майдонини танлашда ернинг унумдорлиги, ерости сизот сувининг яқинлиги, майдоннинг нишаблиги, суғориш учун сув билан яхши таъминланганлиги, майдон атрофида зовурлар ҳамда иҳота экинларининг мавжудлиги (асосий шамол йўналишида) ва бошқаларга катта аҳамият бериш керак.
Боғ барпо этиладиган янги боғ майдони олдиндан танлаб олиниб, майдон текисланиб, 35–40 см чуқурликда плантаж сўқа ёрдамида ҳайдалади, тупроқ етилиши билан чизелланиб, мола билан кетма-кет текисланади.
Чуқурларни ковлашда аввал тупроқнинг юза 20–25 см қисми бир томонга, чуқурнинг тагидаги қисми иккинчи томонга олиб қўйилади. Чуқурга кўчат экишдан олдин 350–400 г фосфорли, 30–40 г калий ўғити ҳамда 8–10 кг чириган гўнг солиб, тупроқ билан аралаштирилади, кейин кўчат экилади.
Даставвал кўчатларни экиш учун кўчатзорлардан экиш майдонига олиб боришда уларнинг илдиз қисми шамолламаслиги учун похол, брезент ёки полиэтилен плёнка билан ёпиб қўйиш зарур.
Маълумки, кузда мевалиларнинг кўчатларидан олма, нок, беҳи, ёнғоқ, бодом, фундук кўчатларини экиш тавсия этилади.
Янги боғлар, ёнғоқзорлар барпо этишни кузнинг биринчи совуқ тушгунига қадар тугаллаш зарур. Имкон даражасида янги экилган ёнғоқ кўчатлари атрофига чириган гўнг солиб, мульчалаб қўйилса, янги ниҳолларнинг илдизи совуқдан ҳимояланади, баҳорда яхши кўкариб, тез ўсади.
Наманган вилояти Ўсимликлар карантини ва химояси бошқармаси инспекторлари: Эгамбердиев Анваржон Назаров Фарходжон



















