Қовуннинг серҳосил ва экспортбоп “суюнчи-2” навининг бирламчи уруғчилиги

Хоразм вилоятида ўзига хос қовунчилик мактаби мавжуд бўлиб, катта майдонларда қовун етиштирилади, олинган ҳосил ички ва ташқи бозорга етказиб берилади. Сўнгги йилларда қовун мевалари ва қовун қоқилари экспортига ҳам талаб ортмоқда. Шу сабабли ҳудудда қовуннинг юқори сифатли экспортбоп навларининг уруғларига талабгорлар кўпаймоқда.
Айнан ушбу ҳудудга мос, серҳосил, касалликка чидамли, транспортбоп ва экспортбоп маҳаллий қовун навларининг бирламчи уруғчилигини ташкил қилиш давр талабидир.
Тадқиқотнинг мақсади. Хоразм вилояти тупроқ-иқлим шароитига мос, ун-шудринг касаллигига чидамли, серҳосил ва экспортбоп қовуннинг маҳаллий “Суюнчи-2” нави бирламчи уруғчилигини ташкил этиш.
Тадқиқотнинг услублари. Бирламчи уруғчиликни ҳамма тизимларида навдор уруғ етиштириш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 12 октябрдаги 641-сонли қарори билан тасдиқланган Низом асосида олиб борилди.
Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмийтадқиқот институтининг Хоразм илмий-тажриба станциясида навлараро фазовий иҳота масофалари сақланган ҳолда
қовуннинг ўртапишар “Суюнчи-2” нави 2,0 гектар майдонга экилиб, бирламчи уруғчилик ишлари ташкил этилди.
Уруғчилик пайкалидаги экинларни нав жиҳатидан тозалаш далолатномаси; апробация далолатномаси; апробатор блокноти; оригинал ва элита уруғларга аттестат ҳужжатлари расмийлаштирилди. Уруғлик етиштирилаётган майдонда якка
танлов, 5% тиғизликда оригинал, 35% тиғизликда элита ҳамда 60% тиғизликда 1-авлодли уруғлар тайёрланди.
Тадқиқот натижалари. Институтининг Хоразм илмийтажриба станциясида режалаштирилган қовун навининг бирламчи уруғчилик ишлари илмий асосда олиб борилди.
Қовун ўсимликларининг ўсиб ривожланиш даврида фенологик кузатув, биометрик ўлчовлар олиб борилди ҳамда хўжалик белгилари ва касалликка чидамлилик кўрсаткичлари аниқланди.
Фенологик кузатувлар натижасига кўра, “Суюнчи-2” нави экилгандан сўнг 16 кунда униб чиқди. Оталик гуллари 36 кунда, оналик гуллари 42-куни очилгани кузатилди. Меванинг етилиш даври 83 кунни ташкил этди.
Қовун ўсимлигининг биометрик ўлчовларига кўра асосий палак узунлиги ўртача 125,0 см. ён палаклари узунлиги 395,4 см., умумий палак узунлиги 520,4 см., ёнпалаклар сони 4,0 дона.
Навнинг хўжалик белгилари ва касалликка чидамлилиги бўйича, мева вазни ўртача 3,4 кг. ва кичиги 2,5 каттаси 4,6 кг. этининг қалинлиги 3,8-5,0 см., таркибидаги эрувчан қуруқ модда миқдори ўртача 15,6%, энг юқори 19,0 % ун-шудринг касаллигига чидамли.
Ўсимликлар вегетация даврида, гуллаш ҳамда мевалари шаклланиш даврида нав тозалаш ишлари амалга оширилди.
Бу жараёнда уруғлик майдонларда касалланган, ривождан орқада қолган ва навдан четлашган ўсимликлар олиб ташланди ва далолатнома тузилиб, расмийлаштирилди.
Уруғлик майдонда гуллаш олдидан нав текшириш ишлари ўтказилди. Бунда уруғлик экинларнинг ҳолати, касаллик ва зараркунандалар бор йўқлиги, агротехник тадбирларнинг бажарилиши ва экиннинг хақиқий майдони аниқланиб, ривождан
орқада қолган, касалланган ўсимликлар олиб ташланди. Натижада, апробация даврига келиб уруғлик майдонда, навдор уруғ етиштириш имкониятига эга бўлинди.
Тажриба майдонида навни навдорлигини аниқлаш ва уларни ҳужжатлаштириш мақсадида апробация ишлари ўтказилиб, навдорлиги аниқланди. Бу жараён мева этлари ва уруғлари тўлиқ биологик пишган вақтда ўтказилди. Дала шароитида санамаларни уруғлик майдонлар диагонали бўйича поғонама-поғона қилиб, тенг масофаларда жойлашган нуқталардан 10 та бўлакка бўлиб, хар бир бўлакдан 50
донадан намуналар олинди. Ана шу олинган намуналардаги ўсимликлар икки гуруҳга бўлинди. Биринчи гуруҳга нав белгиларига эга ва хўжалик учун қимматли бўлган ўсимликлар танлаб олинди. Иккинчи гурухга нав белгилари йўқ (ривожланмай
ёки ўсмай қолган) ва (зарарланган) ўсимликлар ажратилди.
Ҳар бир намунадаги навдан четлашган ўсимликлар сони аниқланиб, апробатор блокнотига қайд қилиниб, навдорлиги аниқланди. Апробация натижаларига биноан, уруғлик майдонлар навдорлиги юқори бўлиб, биринчи тоифа талабларига
тўлиқ жавоб берди.
Олиб борилган тажрибаларимиз натижасида қовун навларини навдорлигини, ҳосилдорлиги ва бошқа хўжалик учун керакли бўлган хусусиятларини ошириш омили бўлган яккатанлов бўйича 53 дона, 6,0 кг оригинал, 42,0 кг элита ва 72,0 кг 1 репродукция, жами 120,0 кг уруғлар етиштирилди.
Хулоса. Тупроқ-иқлим шароитига мос серҳосил, касалликларга ва экстремал ноқулай шароитга чидамли навларни навдор сара уруғлари билан экиш полиз экинлари
ҳосилдорлигини, ортиқча сарф-харажатсиз 20-25% га оширади ва сифатли маҳсулот етиштиришни таъминлайди.
Қовун навлари иссиққа чидамли, маҳаллий шароитга мослашган, лекин, навлар узоқ муддат экилиши, шунингдек, экологик шароитларни ўзгариши, навларни бир-бири билан чатишиб кетиши, мутациялар ва механик аралашишлар натижасида уруғларини навдорлик кўрсаткичларини ва софлиги пасайишига сабаб бўлмоқда. Бунинг учун уруғчиликда навлараро изоляцияга, нав софлигига эътибор бериш керак.
Хоразм вилояти тупроқ-иқлим шароитига мос қовуннинг серҳосил ва экспортбоп “Суюнчи-2” навидан тайёрланган оригинал ва элита уруғлар, уруғчиликка ихтисослашган хўжаликларга бирламчи манба сифатида, репродукция уруғлар фермер-деҳқон хўжаликларига маҳсулот олиш учун етказиб берилади.

Мастура ҲАЛИМОВА, қ.х.ф.н., катта илмий ходим, СПЭваКИТИ.

Манба: «O‘zbekiston qishloq va suv xo‘jaligi» журнали №11. 2022