Қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор, ТДАУ “Мевачилик ва узумчилик” кафедраси ўқитувчиси Жамолиддин Файзиевнинг тавсия ва маслаҳатлари:
– Токларни совуқдан асраш бўйича ишларни октябрь-ноябрь ойларида ўтказиш лозим;
– Ток тупларининг совуқдан зарарланишини олдини олиш учун улар қишда кўмилади;
– Илдизи яхши ривожланиши ва ток ер устки қисми тузилишини яратиш мақсадида юза илдизчалар ҳамда бачки новдалар олиб ташланади;
– Хомток вақтида тупнинг ривожланишига қараб, унда занг ҳосил қилиш учун 3-4 та новда қолдирилади, қолганлари олиб ташланади;
– Қолдирилган новдалар токзорга ўрнатилган симбағазларнинг пастки қисмига қия қилиниб боғланади;
– Ўсув даврида занг учун қолдирилган новдаларда 3-5 та, ўринбосар новдадан 1-2 та яхши ривожланган новдалар шакллантирилади;
– Қўндоқланган новдалар қаторлар бўйлаб бир-бирига қарама-қарши тарзда бир текис ётқизилиб, совуқ тушгунга қадар кўмилиши лозим;
– Кўмиш олдидан ҳар бир туп олдига кесилган новдалардан белбоғ ташланиб, занг ва маданглар шу белбоққа ётқизилиб боғланади;
– Белбоғлар учи икки томондан кўринарли қилиб чиқариб қўйилади;
– Замбуруғ касалликлари (оидиум) билан касалланган ток туплари кўмилишидан олдин 5% ли ИСО суюқлиги билан ишланади;
– Намликни сақлаш ва кўмишни қулайлаштириш учун токлар кўмишдан олдин суғорилади;
– Жанубий ва иқлими мўътадил ҳудудларда тупроқ қалинлиги 15-20 см, совуқ иқлимли вилоятларда 30-40 см бўлиши лозим;
– Хиёбонлардаги токлар қамиш, шоли похоли билан беркитилиб, устидан тупроқ тортилади;
– Лалми ерларда ток туплари ерга зич ётқизилиб, устига ток кесишдан чиққан новдалар ташланади;
– Бир ва икки ёшли токлар қишга кесилмасдан кўмилади
Манба: https://www.agro.uz/tok-tuplarini-sovuqdan-saqlash-bo-yicha-tavsiyalar/



















