Қишлоқ хўжалик экинлари орасида қанд лавлаги тупроқ унумдорлигига жуда талабчан бўлади. Қанд лавлагини озиқа моддаларга талабчанлиги барг ва илдизмева ривожланиш давриларига тўғри келади. Ўсиш ва ривожланишнинг секинлик билан кечиши, ҳосилдорликни паст бўлиши асосан тупроқдаги азот, фосфор ва калий
элементларининг миқдорига узвий равишда боғлиқдир. Дарҳақиқат, маъдан
ўғитлар ўсимлик ҳаётида муҳим ўрин эгаллайди.
Азот элементи қанд лавлаги талаб қиладиган кимёвий элементлар ичида алоҳида аҳамиятга эга. У барча аминокислоталар, фосфатидлар, ферментлар ва бошқа элементлар учун компонент ҳисобланади.
Олинган маълумотларга қараганда, 1 тонна қанд лавлаги илдизмева ҳосили яратиш учун у тупроқдан 3,5-4,0 кг азот ўзлаштириб олиши кузатилган.
Демак, гектаридан 50 тонна илдизмева ҳосили олиш учун 165-200 кг азот ўғити керак бўлади. Қанд лавлаги азотли ўғитларга бутун вегетация даври давомида эҳтиёж сезади. Айниқса, вегетация даврининг биринчи ярмида азотли ўғитларга талаб кучли бўлади. Азотли ўғитни етишмаслиги, ўсимликни ривожланишини секинлаштиради. Азотли ўғитларни тупроқ иқлим шароитларига мос белгиланган меъёрда қўллаш яхши самара беради. Шуни унутмаслик керакки, азотли ўғитларни меъёридан ортиқ миқдорда берилиши ўсимликни ғовлаб кетишига, шакар миқдорини камайишига олиб келиши мумкин.
Фосфор ҳам бошқа озиқа элементлари сингари қанд лавлаги хаётида муҳим аҳамиятга эга. Қанд лавлаги фосфорга азот ва калий элементларига қараганда кам эҳтиёж сезсада, қанд лавлаги ҳосилдорлигини шаклланиши ва шакарлик даражасини қандай даражада бўлишини тупроқдаги фосфор моддасини миқдорига боғлиқ бўлади. Фосфор элементи барглар ривожланишига ижобий таъсир этиб, илдизмевага тупроқнинг чуқур
қатламларигача кириб боришига ёрдам беради. Етарли даражада фосфор билан
таъминланган қанд лавлаги қурғоқчиликка чидамли бўлади, касалликлар билан
жуда кам даражада касалланади. Айниқса, қанд лавлагида шакар моддасининг
тўпланишига фосфорни ўрни беқиёсдир. Қанд лавлаги фосфор элементини бутун вегетация даври давомида тенг миқдорларда ўзлаштира олади. Фосфор етишмаслиги оқибатида барглар ва илдизмева ривожланиш сустлашади, баргларнинг муддатидан олдин қуриб қолиши ва тўкилиб кетиши кузатилади.
Таъкидлаш жоизки, азот элементи етишмаган тупроқларда фосфор миқдорининг меъёрдан ортиқ бўлиши ҳам қанд лавлагини ўсиб ривожланишига салбий таъсир этади.
Калий ҳам азот ва фосфор элементлари сингари қанд лавлаги ҳаётида ўзига хос характерга эга. Ўсимликни ушбу элемент билан таъминланганлик даражасига қараб, ўсимлик ҳаётидаги зарурий физиологик жараёнларни ҳаракатга келиши ва маълум бир тартиб асосида бошқарилиш даражаси белгиланади. Қанд лавлаги ҳаётининг дастлабки ривожланиш даврида калий элементини азотга нисбатан 1,5-2 марта, фосфорга нисбатан 4-5 марта кўпроқ ўзлаштиради. Фосфор сингари калий элементи ҳам илдизмевада шакар тўплаш каби муҳим физиологик жараёнда фаол иштирок этади. Бизга маълумки, азот элементи илдизмевадаги шакарлик даражасини камайтирса, аксинча, фосфор ва калий элементлари шакарлилик даражасини юқори бўлишига хизмат қилади.
Калийни қанд лавлаги томонидан ўзлаштирилиши уруғ униб чиққандан уни йиғиб териб олишга қадар давом этади, айниқса, калийга қанд лавлаги дастлабки ривожланиш давридаёқ, яъни 4-5 жуфт чинбарг чиқарган вақтга қадар кучли эҳтиёж сезади.
Шунингдек, калий элементи ўсимликни қурғоқчиликка, совуққа ва касалликларга чидамлилик даражасини оширади, илдизмевадан сифатли маҳсулот олинишига хизмат қилади. Агар ўсимликда калий элементи етишмаса, ўсимликни ташқи кўринишида ўзгаришлар кузатилади, дастлаб баргларда доғлар пайдо бўлади, кейинчалик ушбу барглар сарғаяди, барг четлари оч сариқ тусга кириб, кўпгина холларда пастга ёки юқорига қараб буралиб қолади, вақт ўтиши билан барглар қуриб қолиб, муддатидан илгари тўкилиб кетади. Бу эса қанд лавлагида фотосинтез жараённи издан чиқишига олиб келади, натижада илдизмева ҳосили ва шакарлик даражаси камаяди.
Манба: » Қанд лавлаги етиштириш агротехнологияси ва алмашлаб экиш» Б.М.Холиқов



















