Қанд лавлагини озиқланиш хусусияти

Озиқланиш хусусияти. Илдизмеваларда маъданли моддалар 0,5-0,8 % ни ташкил қилади. У бошқа экинларга нисбатан озиқа моддаларни кўп ўзлаштиради. Илдизмева ҳосили 300 ц/га бўлганда 120 кг азот, 45-50 кг фосфор, 140-170 кг калий тупроқдан чиқиб кетади. Ўртача 1 т илдизмева ва шунга мувофиқ барглар ҳосил бўлиши учун
ўсимлик 5-6 кг азот, 1,5-2 кг фосфор, 6-7,5 кг калий ўзлаштиради.
Айниқса, ўсимликнинг дастлабки ривожланиш фазаларида озиқа моддалар билан етарли таъминланиши муҳим аҳамиятга эга. Бу даврда моддаларнинг етишмаслиги натижасида қанд лавлаги маҳсулдорлиги кескин пасаяди. Илдизмеванинг жадал ривожланиш даврида фосфорликалийли озиқлантиришнинг аҳамияти катта.
Азот. Кўп азотли ўғитларни солиш илдизмева ва баргларнинг жадал ўсишини таъминлайди. Ортиқча азот, айниқса аммиак шаклидагиси қанд лавлаги ривожланишини секинлаштириши мумкин. Азот етишмаса барглар ранги оч-яшил, оч-сариқ тусга кириб эски баргларнинг нобуд бўлиши кучаяди, барглар ўсиши тўхтайди, илдиз тизими ўсиши тўхтайди, илдизмева ҳосили камаяди, ўсимлик эрта пишади.
Ортиқча азотли озиқлантириш барглар ривожланишини кучайтиради, пишиши кечикади, қанд миқдори камайиб умумий ва эрийдиган азот ортади, кул кўпаяди, илдизмеванинг технологик сифати пасаяди.
Дастлабки ривожланиш даврида мўътадил азотли озиқлантириш, барглар массасининг асосий қисми ҳосил бўлишда ўсимликнинг ҳамма озиқа элементларига талабини қондириш, пишишга яқинлашганда азотли озиқлантиришни камайтириш мақсадга мувофиқдир.
Фосфор. Ўсимлик фосфорни бутун ўсув даврида талаб қилади. Фосфор етишмаса барглар ва илдизмеваларнинг ўсиши кескин камаяди. Барглар тўқ-яшил тусга киради, тўқ-қўнғир доғлар пайдо бўлиб, четлари қурийди, қўнғир ўйиқчалар ҳосил бўлади. Фосфор билан оптимал озиқланиш баргларнинг ҳосил бўлишини, илдизмеванинг ўсишини, пишишини тезлаштириб қанд миқдорини оширади, технологик сифатини яхшилайди.
Калий. Ўсимликда углевод ва оқсил алмашинувида катта аҳамиятга эга. Азотни ўзлаштиришни яхшилайди, барглардан илдизмевага углеводларнинг боришини тезлаштиради, ферментлар фаолиятини яхшилайди, протоплазманинг сув ушлаш қобилиятини оширади, сўлишдан сақлайди.
Калий етишмаса, ўсимликнинг қурғоқчиликка чидамлилиги пасаяди, касалликларга чидамсиз бўлиб қолади, баргларда хлорофилл ҳосил бўлиши, фотосинтез жараёни сустлашади. Баргларнинг ён томирларида оч доғлар ҳосил бўлади, томирларнинг ўзи яшил ҳолда қолади, барглар атрофи сарғаяди ва тўқ жигарранг тусга кириб қурийди.
Микроэлементлардан марганец (Mn), бор (B), мис (Cu) муҳим аҳамиятга эга.