Малина (хўжағат) — томорқаларда кенг тарқалган қимматли резавор экин. Унинг меваси ўзининг ажойиб мазаси ва хушбўй ҳиди билан ажралиб туради, у истеъмол қилинувчи маҳсулот сифатидагина қимматли бўлмай, балки шифобахш ҳамдир. Тиббиётда малинанинг ҳўл ва қуритилган меваси терлатувчи ҳамда иситмани туширувчи восита сифатида қўлланилади. Мевасининг таркибида шакар 5-10% гача,
органик кислоталар 0,5 дан 2,5% гача, В1, В2, В6, В9, В12, С, Д, Е, РР, Р, К витаминлар, ошловчи моддалар, бўёвчи моддалар (1,5% гача), фосфор, темир, тузлар, пектин (0,5-0,9%) бор.
Малинанинг шифобахшлиги қадим замонлардан маълум. Унинг қуритилган гулидан олинадиган дамламаси илон ва чаён чаққанда қўлланилган. Таркибида шакар, органик
кислоталар, С, Р, В9 витаминлари ҳамда гемотоген бирикмаларининг гармоник бирикканлиги малина мевасини яра касалликлари, камқонлик, қон томирлари ўтказувчанлигининг бузилиши каби турли хасталикларда жуда фойдалидир. Малина юқори нафас йўлларига антисептик таъсир кўрсатиш ҳамда шамоллашнинг олдини олиш хусусиятларига эга бўлган антибиотикларга бой.
Малинанинг ҳўл меваси мураббо, шарбат, жем, компот, қиём ва ҳоказо тайёрлашда фойдаланилади.
Малина гуллаш даврининг нисбатан узоқроқ давом этиши, шунингдек ёмғирли об-ҳавода ҳам сақланадиган нектар (гулшира)га бойлиги туфайли асал олинувчи аъло даражадаги ўсимлик тарзида ҳам машҳурдир.
Ер тути меваси энди тугай бошлаши билан малина меваси пишиб етилади, шу тариқа мевалар мавсуми давом этади.
Манба: «Резавор мевалар етиштириш»
Тузувчилар: Р.М. Абдуллаев – Академик Маҳмуд Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти Мева, резавор
экинлар селекцияси ва нав ўрганиш бўлими мудири қ.х.ф.д.
Ҳ.Р. Абдуллаева – Академик Маҳмуд Мирзаев номидаги боғдорчилик,
узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти Мева, резавор
экинлар селекцияси ва нав ўрганиш бўлими катта илмий ходими қ.х.ф.ф.д
Лойиҳа ғояси муаллифи ва ташкилотчи: “Агробанк” АТБ



















