Пиёзнинг занг касалликлари

Касалликни базидиомицет замбуруғлар Puccinia allii ва P. porri (ҳамда бир нечта Melampsora турлари) қўзғатади. Пиёз ва саримсоқнинг бир нечта турлари зарарланади. Занг пиёзда Ўзбекистонда ҳам учрайди, аммо тарқалиши ва зарари ўрганилмаган.

Касалликни ялпи ривожланиш урединия босқичига  тўғри келади, бунда уредоспоралар яъни ўсимликнинг зарарланган органларида оч сариқ, ёстиқчасимон доғлар қўнғирлашиб, телейтоспоралар ҳосил қилади.

Бирламчи инфекция манбаалари – қуриб ерга тушган барглар устидаги телиялар ва телиоспоралар, улардан баҳорда базидиоспоралар ўсиб чиқади, шамол ва ёмғир билан пиёз ва саримсоқ баргларига тушади ва зарарлайди.

Қўзғатувчиларнинг белгилари:

Puccinia allii. Урединиялар баргнинг ҳар 2 томонида, қизғиш-сариқ, думалоқ ёки узунчоқроқ, усти узоқ вақтгача эпидермис билан қопланган. Урединиоспоралар сарғиш ёки сарғиш-қўнғир, думалоқ ёки эллипсоид шаклли, ўлчами 18-32х18-24 мкм, усти майдо тиканчалар билан қопланган.

Телиялар қора тусли, узунлиги 2 мм гача, усти узоқ вақтгача эпидермис билан қопланган. Телиоспоралар 2 ҳужайрали, кўриниши ўзгарувчан, кўпинча узунчоқ-тўқмоқ ёки тўқмоқ шаклли, усти думалоқ, пастга қараб ингичкалашувчи, септадан тортилган бели бироз хипча, қўнғир тусли, силлиқ, қалин қобиқли, ўлчами 32-80х17-30 мкм.

Кураш чоралари:

Алмашлаб экиш; ўсимлик қолдиқларини йўқотиш (кузги шудгорда кўмиб ташлаш ва б.қ.); уруғлик жойлаштирилган далаларга фунгицид пуркаш; экишдан олдин уруғни ва уруғлик пиёзбош ва саримсоқ бўлакларини самарали фунгицид билан дорилаш тавсия қилинади.