Ерларни шудгорлашга тайёрлаш

Мамлакатимизнинг суғориладиган майдонларида қишлоқ хўжалик экинларидан кам харажат қилиб, мўл ва сифатли ҳосил етиштиришда тупроққа асосий ишлов бериш, яъни кузги шудгорлаш катта аҳамиятга эга.
Мазкур тадбир фақат кузда бажарилади, уни олдинга ҳам, орқага ҳам суриб бўлмайди.
Зеро, ота-боболаримиз – “Ер ҳайдасанг куз ҳайда, куз ҳайдамасанг юз ҳайда” – деб,
бежиз айтишмаган.

Кузги шудгорни сифатли ўтказиш учун ерлар ҳам, трактор ва омоч (плуг)лар ҳам ҳайдовга тайёрланиши, агрокластер ва фермер хўжаликларида бу тадбир тўғри ташкил этилиши лозим.
Бугунги кунда маҳаллий гўнг солинмаслиги ва бошқалар натижасида экин майдонларининг унумдорлиги пасайиб кетмоқда, яъни чиринди миқдори барча майдонларда
бир фоиздан камлиги аниқланди. Бу тупроқ таркибининг ёмонлашиб, ирригация эрозияси жараёнларининг кучайишига олиб келмоқда. Ерларнинг зичланишини камайтириш ҳамда структурасини яхшилаш учун эсам шудгор ўтказилиши шарт.
Кузги шудгорлашни сифатли ўтказиш учун биринчи навбатда далалар ғўзапоя ва бошқа ўсимлик қолдиқларидан тозаланиши ёки вилт тарқалмаган майдонларда улар майдаланиб далага сочиб юборилиши, суғориш ариқлари текисланиши, тупроққа зарур миқдордаги маҳаллий ҳамда минерал ўғитлар солиниши мақсадга мувофиқдир (шўри ювиладиган майдонларга минерал ўғитлар шудгордан олдин қўлланилмайди).
Ғўзапояларни юлишда КВ-4,0 ва КВ-3,6 юлгичлардан, уларни майдалаб далага сочиб юборишда эса КИ-1,2 ва КИ-1,8 каби махсус майдалагич агрегатлардан фойдаланилади.
Маҳаллий ўғитларни солишда РТО-4, РОУ- 6, минерал ўғитларни сепишда эса 1-РМГ-4,
РУМ-5, НРУ-0,5, НРУ-0,8, РМС-6 машиналари ишлатилади.
Бегона ўтларга қарши Раундап гербициди ёки унинг аналогларини сепиш (Химглифос, Торнадо, Ураган Экстра, Спрут Экстра, Энтоглифос) тавсия этилади ва
10-15 кундан кейин шудгор ўтказилади.
Далаларни кўп йиллик илдизпояли бегона ўтлардан тозалаш учун шундай ўт босган майдонлар ағдаргичлари олинган (отвалсиз) плуглар билан
18-20 см чуқурликда юмшатилади, сўнгра тупроқ ичидаги ва юзасидаги илдизлар чизелкультиватор ва бороналар билан йиғиб олиниб, дала ташқарисига чиқариб ташланади.
Бегона ўтларга қарши гербицид эритмаси шудгорлашдан олдин ОВХ-600, VP-1 вентиряторли ҳамда штангали пуркагичлар ёрдамида сепилади.
Гербицидлар ҳозирда асосан контактли бўлганлиги учун бегона ўтлар ўсиб (бўйи
10-15 см) турган жойларга ҳайдашдан 10-15 кун илгари сепилади. Қўйпечак босган майдонларда эса пахта ҳосилининг 2-теримидан сўнг ўт босиш даражасига қараб кўкариб турган ўсимликка 6-10 кг/га миқдорида Раундап ёки унинг аналогларини
сепиш лозим.
Бу тадбирни
3 йилда бир маротаба ўтказиш мумкин. Бундай агротадбир ўтказилган майдонларда шудгорлаш ишлари гербицид яхши таъсир этгандан сўнг ўтказилади.

Кузги шудгор олдидан далага фосфорли ўғитларнинг йиллик меъёрининг 70 фоизини
(соф ҳолда 100 кг/га, физик ҳолда аммофос-217 кг/га, ёки супрефос- 430 кг/га, ёки PS-Агро 250 кг/га, ёки оддий суперфосфат-550 кг/га) ва калийли ўғитларни 50 фоизини (соф ҳолда 50 кг/га, физик ҳолда калий хлорид -83 кг/га ёки калий сульфат 108 кг/га) ҳамда маҳаллий ўғит (гўнг 15-20 тонна/га ёки компост 10-15 тонна/га миқдорида) солиш, сўнгра шудгорлаш тавсия этилади (шўри ювиладиган майдонларга минерал ўғитлар шудгорлашдан олдин қўлланилмайди). ДОВОМИ БОР…

Шухрат ТЕШАЕВ, Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар Миллий маркази Бош директори ўринбосари – ижрочи директор, қ.х.ф.д., профессор,
Аъзам РАВШАНОВ, ПСУЕАИТИ директори, қ.х.ф.д., профессор,
Муҳаммад ТОШБОЛТАЕВ, ҚХМИТИ лаборатория мудири, т.ф.д., профессор.

Манба: “Ўзбекистон қишлоқ ва сув хўжалиги” журнали  №11. 2023