Узумзорларда амалга ошириш тавсия этиладиган кузги-қишки агротехник тадбирлар

Кесиш ва кўмиш
Узумзорлардан мўл ҳосил олиш учун улар ҳар йили кесилиб, маълум шаклга келтирилади. Ток новдаларининг сони ва тупда жойланиши токнинг ўсиш кучига қараб тартибга солинади. Ток кесиб турилганда унинг ҳосилга кириши тезлашади, мўл ҳосил бериш даври узаяди ва узумзорда ишлаш осонлашади.
Сифатли ҳосил олиш учун доимо яхши пишган, бақувват, соғлом ва бағазларда яхши
ётадиган, қулай бўғим орасига эга бўлган новдалар қолдирилади. Токларни кесишда энг аввало касалликлар билан зарарланган новда ва занглар қирқиб олиниб, узумзордан ташқарига чиқарилиб, ёқиб юборилади.
Тик симбағаз ва войишда ҳамда ерда парваришланаётган токларнинг навига қараб яхши пишган новдаларда 5 тадан 12 тагача ҳосил куртак қолдирилади. Бир туп токда жами 150-180 та ҳосил куртаклари қолдирилади.
Шундан сўнг, узумзорларда учрайдиган (
оидиум, милдью, антракноз ва б.) ва зараркунанда (унсимон узум ва комсток қуртлари, ток канаси, ширалар, шингил барг ўровчи ва б.)лардан ҳимоя қилишда 1000 л/га ишчи эритма ҳисобида 3-4% ли Бордо суюқлиги ва 10-15 литр/га Авипрон препарати билан ишлов берилади ҳамда ток тупларини қўндоқлаб хашак ёки тупроқ билан (20-25 см) кўмилади. Кўп ҳолларда боғбонлар ток тупларини ёпиш учун қирқилган новдалардан ҳам фойдаланишади.
Узумзорларда таъмирлаш (
устунларни тўғрилаш, симларни тортиш) ишларини ўз
вақтида ўтказишга эътибор бериш лозим.
Қатор ораларига ишлов бериш ва ўғитлаш
Токзорларга минерал ўғитлардан фосфор (150-180 кг/га) ва калий (50-60 кг/га) ҳамда ҳар 2-3 йилда бир маротаба 20-30 тн/га маҳаллий ўғитлар (гўнг) солиниб, қатор оралари 25-35 см чуқурликда шудгор қилинади. Натижада, узумзорларнинг ҳосилдорлиги, касаллик ва совуқларга чидамлилиги ортади.
Зарарли организмлардан ҳимоя қилиш
Мевали боғларни касаллик (монилиоз, калмараз, ун-шудринг, клястероспориоз, шафтолида барг бужмайиши, бактериал куйиш ва б.) ва зараркунанда (мевахўрлар, қалқондорлар, ширалар, ўргимчаккана, қизил қон бити ва б.) лардан ҳимоя қилишда дарахтларнинг тиним даврида кимёвий кураш чораларини қўллаш яхши самара беради.
Тиним даврида қўлланилган препаратлар касаллик қўзғатувчи микроорганизмлар ва зараркунандаларнинг қишловдан чиқишига салбий таъсир этади. Бунда мевали дарахтларни барглари тўкилгандан сўнг 1000 л/га ишчи эритма ҳисобида 3-4% ли Бордо суюқлиги ва 10-15 литр/га Авипрон препарати билан ишлов бериш тавсия этилади.
Суғориш
Мевали боғ ва узумзорларни кеч кузда ва яхоб суви билан 1-2 марта 1200-1500 м3/га суғориш муҳим аҳамиятга эга. Яхоб суви бериш қишки тадбирлар ичида жуда муҳим ҳисобланади, чунки тупроқда нам захирасини яратиш билан бир қаторда ернинг музлаши оқибатида ер остида қишловга кетган зарарли организмларни (касаллик қўзғатувчи замбуруғлар, тухуми, уруғи, ғумбаги) инфекция манбаи нобуд бўлади.

Юқорида қайд этилган кузги-қишки агротехник тадбирлар ўз вақтида ўтказилса, кейинги йил мевали боғ ва узумзорлардан мўл ҳамда сифатли ҳосил етиштириш, ички бозорларда нарх-наво барқарорлигини сақлаш ва экспорт ҳажмини оширишга замин яратилади.

Фозил БОЙЖИГИТОВ, Академик М.Мирзаев номидаги БУваВИТИ директори в.б., қ.-х.ф.н.
Жамолиддин ФАЙЗИЕВ, Академик М.Мирзаев номидаги БУваВИТИ бўлим бошлиғи қ.-х.ф.д

Манба: “Ўзбекистон қишлоқ ва сув хўжалиги” журнали. 2023 йил, ноябрь №11.