Уруғларни экишга тайёрлаш. Қовун етиштиришда юқори тоифа ва синфларга мансуб бўлиб, навдорлиги 99% ва унувчанлиги 90-95% дан кам бўлмаган уруғ экилади.
Уруғлар экишдан олдин ош тузининг 5% эритмасида бўктириб ивитилади. Натижада уруғларнинг тўқ ва йирик фракциялари сув остига чўкиб, майда ва пуч уруғлар сув бетига қалқиб чиқади. Сув остида қолган уруғлар олиниб тоза сувга чайқаб нами қочгунча қуритилади. Уруғларни +40-50 °С ҳисобида 3-4 соат қиздириб олинса, уруғларнинг касалликларга чидамлилиги ошиши билан бир қаторда оналик гуллар кўпайиб ҳосилдорликнинг ошишига ижобий таъсир кўрсатади.
Уруғларнинг униб чиқиш қобилиятини ошириш учун экиш олдидан уларни рухнинг 1% ли эритмасида 12 соат ивитиб олинса, ҳосилдорликни 13-14% га, уруғ чиқишини 8,7% га ошириши илмий исботланган.
Кўчат етиштириш қовунни кўчати орқали етиштириш эрта ҳосил олиш омилидир.
Республика марказий қисмидаги вилоятларда қовун уруғларини махсус плёнка халтачаларга экиш 1-10 мартдан бошланади. Жанубий вилоятларда 10-15 кун олдин, шимолий вилоятларда эса 10-15 кун кеч бажарилади. Кўчатлар махсус кўчатхоналарда тайёрланади. Иссиқхоналар йўқ шароитларда кўчатларни етиштириш учун чуқурлиги 0,8 см, кенглиги 1,0-1,2 м ва узунлиги ихтиёрий равишда хандақлар қазилади. Хандақларга 15-20 см қалинликда чиримаган гўнг, унинг устига 20 см қалинликда эланган тупроқ солинади ва полиэтилен плёнка тортилиб, ҳар 10х10 см оралиқда тешиб чиқилади.
Қовун кўчатини етиштиришда плёнка халтачалар ҳажми 10х10 см бўлиб, уларга 40% гўнг + 40% тупроқ + 20% ёғоч, шоли қипиғи аралашмаси ёки биогумус солинади. Сўнгра стаканлар яхшилаб намлаб суғорилади ва 2-3 донадан бир кун ивитилган уруғлар ташланиб, устидан 2 см қалинликда чиринди солинади.

Стаканлар қўйилган хандақлар устига симдан тайёрланган ёйлар қадаб чиқилади ва полиэтилен плёнка билан ёпилади. Иссиқликни сақлаш учун 2 қаватли термос шаклида ёки плёнка устига тўшамалар ёпиш мумкин. Плёнка қопламалари тагига техника хавфсизлиги чораларига амал қилган ҳолда ёриткич мосламалари ёки электр иситгичлар қуйиб иситиш ҳам мумкин.
Уруғ униб чиққунча ҳарорат кундузи +23-25 °С даража, кечаси +14-15 °С даража, уруғ униб чиққандан сўнг ҳарорат +18-20 °С даража илиқ бўлиши керак. Бунда ўсимлик бақувват бўлиб ўсади. Уруғлар униб чиққандан сўнг 3-4 кунлик кўчатлар 2 донадан қолдирилиб ягана қилинади.
Кўчат ўстирилаётган жараёнда 2 марта минерал ўғитлар эритмаси билан озиқлантирилади. Биринчи озиқлантириш 1-2 та чинбарг ҳосил бўлганда 10 л +18-20 °С ли сувга 5-6 г азотли, 8-10 г фосфорли, 5-10 г калийли маъдан ўғитлари
аралаштирилиб ёки Кристалон N18 P18 K18 10 л. сувга 10 гр. ҳисобида сепилади. Орадан 10-12 кун ўтгач, юқорида таъкидланган ўғитлар миқдорини 2 марта кўпроқ қўшган ҳолда ёки Кристалон N20 P20 K20 10 л. сувга 10 г ҳисобида иккинчи маротаба озиқлантирилади.
Очиқ далага экишга бир ҳафта қолганда кўчатхона дарчалари очилиб, ўсимликлар ташқи муҳитга чиниқтириб борилади.
Ер танлаш. Ўзбекистоннинг барча тупроқлари қовун ўстириш учун яроқли. Қовун ўсимлиги қуёш нури ҳамиша тушиб турадиган, унумдор енгил қумоқ бўз тупроқли ерларда яхши ўсиб, сифати юқори ҳосил беради ва фузариоз сўлиш касаллигига кам чалинади. Ўтлоқли ерларда қовун экини мўл ҳосил бермайди.
Алмашлаб экиш. Қовун экини учун энг яхши ўтмишдош экин бу ғалла ва бедадир. Эскидан ўзлаштирилган ерларда қовун экини карам, сабзи, маккажўхори ва шолидан кейин экилса фузариоз сўлиш касаллигига кам чалинади ва ҳосилдорлик ошади. Бир далага қовун 1-2 йил экилгандан кейин, у ерга 5-7 йилдан сўнг қайта экиш мумкин.
Қовунчиликда ерни экишга тайёрлаш кейинги барча технологик чора-тадбирларнинг яхши наф беришини таъминловчи муҳим шартдир. Кузда 35 см чуқурликкача шудгор
қилинади. Ерни ҳайдаш олдидан маъдан ва органик ўғитлар берилади.

Баҳорда тупроқда намни сақлаб қолиш учун дала тишли бороналар билан бороналанади, экиш олдидан эса чизелланади.
Қовун эрта муддатларда экилганда ерни баҳорда қайта ҳайдашнинг ҳожати йўқ. Экинлар кечки муддатларда экилганда ерни қайта ҳайдаш зарур. Бунда тупроқни ағдармасдан туриб, 22 см чуқурликда ҳайдаб чиқилади.
Манба: «ҚОВУН ВА ТАРВУЗ ЕТИШТИРИШИ» Тузувчи: М.У. Халимова – Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий тадқиқот институти Сабзавот, полиз экинлари селекцияси лабораторияси катта илмий ходими. қ.х.ф.н.
Лойиҳа ғояси муаллифи ва ташкилотчи: “Агробанк” АТБ



















