Бузоқбоши қўнғизлар қаттиқ қанотлилар (Соlеорtеgа) туркумига, пластинка мўйловлилар (Scarabaeidae) оиласига, бузоқбоши қўнғизлар (Меlоnthа) авлодига мансуб турлардир. Ўрта Осиёдаги мевазор боғларга бузоқбоши қўнғизларнинг уч тури: зарарли бузоқбоши қўнғиз, уч тишли бузоқбоши қўнғиз ва март бузоқбоши қўнғизи кўп зарар етказади.
Бузоқбоши қўнғизларнинг личинкаси дарахтларнинг илдизини кемириб қувватдан кетказади, баъзан бузилган боғлар ўрнига экилган экинларга ҳам зарар етказади. Бузоқбоши қўнғизлар личинка фазасида, айрим ҳолларда эса ҳали фаол ҳаёт кечиришга ўтмаган қўнғизлик стадиясида қишлайди. Личинкалари ва ғумбаклари, одатда, ернинг тахминан 20 см чуқурлигида бўлади; ер нам бўлганда личинкалар ер юзасига чиқади.
Март бузоқбоши қўнғизлари март ойидан апрелнинг ярмигача баъзан охиригача, зарарли ва уч тишли бузоқбоши қўнғизлар июннинг ярмидан июлнинг ярмигача учиб юради. Улар ғира-шира қоронғи тушиши билан уча бошлайди. Урғочиси соя жойларга, дарахтларнинг тагига, ернинг юза қатламига битта ёки икки-учта тухум қўяди. 2-3 сутка давомида ҳаммаси бўлиб 30 тача тухум қўяди. Бир ойдан кейин улардан личинкалар чиқади. Личинкалар биринчи марта фақат келаси йили пўст ташлайди ва шу вақтдан бошлаб дарахтларнинг илдизини кемириб, сезиларли даражада зарар етказа бошлайди.
Зарарли ва уч тишли бузоқбоши қўнғизларнинг личинкаси май-июнда ғумбакка айланади ва келаси йил кўкламда ғумбакдан қўнғизлар чиқади. Бузоқбоши қўнғизларнинг учала тури ҳам бир-бирига ўхшаш. Уларнинг, катталиги 2,5-3,3 см атрофида. Ранги қизғиш, майда оқ доғли, кўкрак қисми остида ва оёқларининг асосий ярмида узун оқиш туклари бўлади. Эркак бузоқбоши мўловларининг учи 7 дона узун, урғочилариники эса 5 дона калта пластинкалардан иборат.
Уч тишли бузоқбоши оғиз аппарати юқорисидаги пластинкасининг пастки чеккаси 3 бўлакка бўлинганлиги билан зарарли бузоқбошидан фарқ қилади. Зарарли бузоқбошининг устки қанотидаги тангачалар доғ шаклда ҳар жойда, зарарли бузоқбошиники эса бир текис жойлашган.
Бузоқбоши қўнғизларнинг имагоси деярли зарар етказмайди, личинкаси мева дарахтлари, ток ва буталарнинг илдизини кемириб, катта зарар етказади. Бузоқбоши қўнғизлар узоқ вақт давомида ривожланади. Уч тишли ва зарарли бузоқбоши 3 йилда, март бузоқбошиси 4 йилда бир марта насл беради. Уч тишли ва зарарли бузоқбоши қўнғизларнинг имагоси 30-40 кун, март бузоқбоши қўнғизиники 9 ойгача яшайди. Тухуми 40-50 кунда, ғумбаги 15 кун давомида ривожланади. Бошқа вақтда личинкалик босқичида бўлади.
Личинкаларнинг танаси йўғон, ёйсимон, ранги хира оқ бўлади. Уларнинг орқа томони йўғон калта тук билан қопланган. Март бузоқбошисининг личинкаси 5 см, зарарли ва уч тишли бузоқбошиларнинг личинкаси 6,5 см бўлади. Личинкалар 3 марта пўст ташлаб, имагога айланади.
Кураш чоралари. Янги боғларни ташкил қилиш ва кўчатзорларда кўчат ўтказишдан олдин тупроқ таркибини текширувдан ўтказиш лозим. Бунда муайян ердаги зараркунандалардан бузоқбоши, қарсилдоқ қўнғизлар личинкаларнинг жойлашиш зичлиги аниқланади. 1 м2 майдонда 2-3 та бузоқбоши личинкаси борлиги аниқланса, бу кўчатлар учун хавфли ҳисобланади.
Бузоқбоши қўнғизлар ва бошқа илдиз зараркунан-даларига қарши курашда агротехник ва ташкилий-хўжалик чора-тадбирлари асосий ўринни эгаллайди. Ерга асосий ва қўшимча ишлов бериш, алмашлаб экишни тўғри ташкил этиш, ўғитлаш, суғориш ва қатор ораларини банд қилувчи экинлар экиш зараркунанда сонининг камайишига ёрдам беради. Қўнғизларнинг учиши ва тухум қўйиш даврида барг кемирувчи бошқа зараркунандаларга қарши курашда тавсия этиладиган перепаратлардан фойдаланиш ҳам қўнғизларни йўқотишга ёрдам беради.
Манба: «ЎСИМЛИКЛАР КЛИНИКАСИДА БОҒ, ТОКЗОР ВА ДАЛА ЭКИНЛАРИНИНГ ЗАРАРКУНАНДА, КАСАЛЛИКЛАРИНИ АНИҚЛАШ ҲАМДА УЛАРГА ҚАРШИ КУРАШИШ УСУЛЛАРИ» И.К. ЭРГАШЕВ, Б.Э. МУРОДОВ, О.А. СУЛАЙМОНОВ, Б.А. СУЛАЙМОНОВ, Б.С. БОЛТАЕВ, А.Р. АНАРБОЕВ


















