Ғўзанинг сўлиш ёки вилт касаллиги. Касаллик қўзғатувчисининг турига қараб сўлиш касаллиги вертициллиоз ва фузариоз вилтига бўлинади. Касалликнинг ташқи белгилари уруғкуртак барглари хосил бўлгандан вегетациянинг охиригача намаён бўлиши мумкин. Айниқса ўсимликнинг ғунча ёки гуллаш фазасида касаллик кучли намоён бўлади. Дастлаб пастки ярусдаги баргларда кўп бурчакли ёки доирасимон, оч-яшил, кейин сарғиш доғлар пайдо бўлади, сўлийди. Белгилар барг қиррасида, барг томири оралиғида ёки бутун барг юзасида ҳосил бўлади. Зарарланган барг жигар рангга кириб, қурий бошлайди ва пастдан юқорига қараб тушиб кета бошлайди. Касаллик кучли намаён бўлганда бутун ўсимлик баргсиз қолади. Бундай ўсимликларда қўсаклар тўлиқ етилмайди, қурийди ва чала очилади. Баъзан тушиб кетган барглар ўрнида янги барг ҳосил бўлиб мева тўплашни сустлаштиради. Касалликнинг ички белгиларини касалланган поясини кўндаланг кесилганда, унинг ёғочлик қисми қорайиб некроз ҳосил қилганлиги кўринади.
Вертициллиоз сўлиш касаллигини Такомиллашмаган замбуруғлар синфи, Hyphomycetales тартиби, Verticillium dahliae турига мансуб замбуруғлар келтириб чиқаради. Замбуруғ мицелийси рангсиз, конидийлар тармоқланган конидия бандларида ҳосил бўлади. Конидиялари рангсиз, бир хужайрали, думалаоқ шаклда бўлади. Замбуруғ жинссиз ва вегетатив усулда кўпаяди. Тупроқда ҳар ҳил шаклдаги қора рангдаги микросклероцияларни, хламидоспора ва мицелийларни ҳосил қилади. Мицелий ўсимликка илдиз орқали кириб келиб, поя, новда, барг бандининг ўтказувчи боғламлари орқали тарқала бошлайди. Замбуруғнинг ривожланишига минимум ҳарорат 5-70 С ни, оптимум 23-26ºС, максимум 31-32ºС ни ташкил қилади. Тупроқдаги намлик миқдори 13 % бўлганда микросклероцийлар ривожланиб, суғорилгандан кейин намлик миқдори 60-70% бўлганда замбуруғ 2-3 кунда тез ривожланади. V. dahliae замбуруғи 38 оилага мансуб бўлган 400 ортиқ ўтсимон, дарахт ўсимликларни касаллантиради.
Республика шароитида V. dahliae замбуруғининг 2 та рассаси мавжуд бўлиб, 1-рассаси ғўзанинг 108-Ф ва Тошкент навларини, II- рассаси эса барча ғўзанинг касалликка чидамли навларни касаллантиради. Вертициллиоз вилт касаллиги пахтачилик учун зарарли касаллик ҳисобланиб, унинг таъсирида 22-70% ҳосилдорлик пасаяди.
Касалликка қарши курашиш учун алмашлаб экишда беда, жўхори, маккажўхори каби ўсимликларини юксак агротехника талаблари билан фойдаланиш керак. Касаллик кенг тарқалган далаларда бир йил давомида шоли этиштириб, далани яҳоб суви билан бостириш замбуруғ микросклероцийларини нобуд қилишга олиб келади.
Хосил йиғиштириб олингандан кейин даладан ғўзапояни илдизи билан йиғиштириб олиб ташлаш тупроқдаги инфекциянинг камайишига олиб келади. Тупроқни чуқур шудгорлашда жараёнида 40% азотли ва 100% фосфорли ўғитларни қўллаш, гектарига 30 т чириган гўнг солиш ёки ғўзанинг шоналаш даврида гўнг шарбати билан суғориш, тупроқни триходерма билан бойитиш, уруғни дармон, П-4 фунгицидилари билан 25- 30 л\т миқдорида ишлов бериш, касалликка чидамли навларни экиш яхши самара беради. Касалликка чидамли навлардан Оқдарё-6, Ан-Баявут-2, Бухоро-6, Наманган- 77, С-6530, Омад, Юлдуз, Тошкент-6, Хоразм- 127, Оқ-қўрғон-2 кабиларни экишга тавсия қилинади.
Тупроққа азотли ўғитларни чигитни экишдан олдин ёки экиш даврида бериш, азот билан озиқлантириш 2-3 барг хосил қилишдан бошланиши ўсимликнинг иммунитет хусусиятларини ортишига сабаб бўлади. Ягaналаш даврида 1 га жойда 100-120 минг кўчат қалинлигига эга бўлиш керак.
МАНБА: Шералиев А.Ш., Рахимов У.Х. ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИК ФИТОПАТОЛОГИЯСИ Тошкент- 2014



















