Ғўзанинг илдиз чириш касаллиги. Республика шароитида ғўзанинг оддий, қора ва склероциал илдиз чириш касалликлари учрайди. Касаллик чигит унган даврдан бошлаб 6-8 та ҳақиқий барг ҳосил қилғунча давом этади. Касалликнинг дастлабки белгилари кўчатларнинг илдиз бўғизида тўқ жигар рангдаги доғ ҳосил бўлишдан бошланиб, кейинчалик чирийди.
Бундай ўсимлик барги рангсизланиб, қуриб қолади ва тушиб кетади, пояси жигар рангга киради. Илдиз бўғизида поянинг йўғонлашиши ёки буралиб кетиши кузатилади.
Касаллик қўзғатувчиси тупроқдаги турли микроорганизмлар бўлиб улар орасида кенг тарқалгани – Rhizoctonia solani, Thielavitopsis basicola, F. solani замбуруғлари асосий рол ўйнади. Бу замбуруғлар мицелийси тупроқдан ўсимлик илдиз бўғизи орқали илдизга кириб келади. Инфекция манбайи асосан тупроқда ва касалланган ўсимлик қолдиқларида ҳаёт кечираётган замбуруғлар ҳисобланади.
Қарши кураш чоралари: агротехник тадбирларга амал қилиш, тупроқни чуқур хайдаб, экишдан олдин бораналаш, далани текислаш, уруғ экилгандан кейин қотқолақ хосил бўлишига йўл қўймасдан, кўчат орасига ўз вақтида култивацияни ўтказиш, Барака, Витовакс 200 каби фунгицидлар билан аъло сифатли дориланган уруғларни экиш, яганалашни ва қатқолоққа қарши курашни ўз вақтида ўтказиш, алмашиб экишга ва ғўза поя қолдиқларини илдизини даладан чиқариб ташлаш тадбирларини ўз вақтида ўтказиш керак.
Вилт ва илдиз чириш касаллиги билан касалланишни камайтириш учун экиш муддатлари ва чуқурлиги хам асосий рол ўйнайди. Уруғни тупроққа экишда суткалик харорат 12 0 С дан юқори бўлиши,экиш чуқурлиги 3 -4 cм ни ташкил қилиши керак. Ғўза навининг хусусиятларини хисобга олиб қатор оралиғи 90 см ни ташкил қилиши керак. Бахорда ва кузда узликсиз суғориш илдиз чириш ва хашоратларнинг кўпайишига сабаб бўлади.
Ғўзани барг орқали озиқлантиришни тўғри ташкил қилиш ўсимликнинг вилтга чидамлилигини ортишига олиб келади. Азот, калий, микроэлементлар ғўзадаги гидролитик жараёнларнинг тезлашишига олиб келади. Ғўзага карбомид, калий хлорид, борат кислотаси эритмаси билан баргларига ишлов берилган далаларда касалланиш 3 марта камайган, ҳосилдорлик 5-7 ц га ортган. Микроэлементлар ўсимликнинг иммунитет ҳусусиятини ортириб қолмасдан касаллик қўзғатувчи замбуруғга нисбатан фунгицидлик ҳусусиятини намаён қилади.
Ғўза ўсимлигига витаминлардан цистин, шоналаш даврида хар 10 кунда, гуллагандан кейин хар 5 кунда барг орқали озиқлантирилганда уларнинг вилт билан касалланиши 10-12 кунга кечикди. Бундай ўсимликларда оксидланиш қайтарилиш реакцияси ортганлиги туфайли ўсимликнинг ривожланиши тезлашади. В1 ва В 12 витаминлари ғўзада оқсил моддалар синтезини тезлаштириб, касалланиш камаяди.
Ғўзага витаминлар билан ишлов берилганда хужайра шираси таркибидаги оқсил азоти ва С витамин миқдори ортган ва вилтга чидамлилиги яҳшиланган. Натижада, вилт касаллиги назоратга нисбатан 34% га пасайиб, пахта ҳосили 4 % га ортган. Ўсишни тезлаштирувчи моддалар хам ғўзанинг иммунитет хусусиятларини ҳосил бўлишида муҳим рол ўйнайди. Жумладан гибберилин, кофе кислотаси, қахрабо кислотаси ўсимликнинг ферментатив фаоллигига, оқсил углеводлар алмашинувига, ҳосил миқдорининг ортишига олиб келиши аниқланган. Кофе кислотаси билан ишлов берилган ғўзанинг вилтга чи-дамлилиги ортиб Тошкент навларида касаллик 3 марта камайган. Ҳар бир туп кўчатда 2-3 та кўсак ортиқ ҳосил бўлган.
Микроэлементлар ўсимликнинг иммунитет ҳусусиятларини ортишдаги роли масаласи фанда ғоят долзарб масала ҳисобланади. Ўсимликларнинг озиқланишида микроэлементларнинг етишмаслиги ундаги табиий барқарорликни йўқолишига ва турли касалликларнинг ривожланишига сабаб бўлади. Микроэлементлардан марганец, бор, мис, рух ва каболт ўсимлик биринчи озиқланишда ерга 1,5 кг дан тупроққа солинганда вилт касаллиги белгилари биринчи кўсак ҳосил бўлгунча намаён бўлмаган. Касаллик назоратга нисбатан 2-3 марта камайган, кўсаклар сони ортиб тола сифати яхшиланган. Пахта ҳосилдорлиги мис ва марганец ишлатилган вариантларда 3-4 га ц миқдорида ортган.
Ғўзанинг вилт касаллиги билан касалланишини олдини олишда алмашлаб экиш тадбирлари асосий рол ўйнайди. Бунда маккажўхори, оқ жўхори, беда ва ғалла экинлардан фойдаланиш яҳши самара беради. Тўрт йил ғўза экилган далаларда гўнг, минерал компост солиш билан бирга триходермадан фойда-ланиш тупроқда инфекциянинг камайишига сабаб бўлади. Ғўзани озиқланти-ришда N 200, P 160, K 100 кг миқдорда озиқлантирилганда, чигит экилгунча 50% азот, 40 % фосфор, 50 % калий солинганда қолганлари чин барг чиқарган ва шоналай бошлаганда берилса ўсимликнинг касалликка чидамлилиги ортади.
МАНБА: Шералиев А.Ш., Рахимов У.Х. ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИК ФИТОПАТОЛОГИЯСИ Тошкент- 2014



















