Вилоятимизда боғдорчилик соҳаси ривожланиб борар экан, бу жараён ҳудуд миришкорлари томонидан лимон, банан, мандарин, хандон писта, арчанинг ноёб турларини парваришлаш, гул кўчатлари етиштириш каби саъй-ҳаракатларда яққол кўзга ташланмоқда.
Мазкур соҳада 34 йиллик тажрибага эга карманалик тиниб-тинчимас боғбон Элмурод Кенжаевнинг фаолияти эътирофга лойиқ. Унинг раҳбарлигидаги «Саид бобо Кенжаев» фермер хўжалиги йилига 60 минг туп гул ҳамда 40 минг туп дарахт кўчатлари етиштирмоқда.
5,5 гектар майдонда боғдорчилик ва кўчат ундириш билан шуғулланиб келаётган хўжаликда шу кеча-кундузда ҳам қизғин иш жараёни кечмоқда. Ҳозирда 8 сотих майдонда барпо этилган иссиқхонада 10 турга яқин гуллар парваришланиб, келгуси ойдан буюртмачиларга етказилиб берилади.
— Боғдорчилик бизга отамерос касб, — дейди Э. Кенжаев. — Ёшлигимизда дарахт ўтқазиш, кўчат етиштириш сир-асрорларини бевосита отамиздан ўрганганмиз. Кейинчалик шу соҳада тадбиркорлик фаолиятини бошладик. 2003 йилда боғдорчилик хўжалиги ташкил қилиб, кўчат етиштириш борасидаги ишларимизни ривожлантирдик. Натижада доимий ва мавсумий иш ўрни кўпайди.
Бугунги кунда 10 нафардан ортиқ ишчи меҳнат қилаётган хўжаликда сифатли маҳсулот етиштириш ҳажми йилдан-йилга ортиб бораётир.
— «Виола», «Шафран», «Салвия», «Катарантус», «Петунья», «Гансалия», «Райҳон» каби гулларни ўстиряпмиз, — дейди хўжалик ишчиси Н. Кенжаева. — Гулчиликнинг ўзига хос машаққати ҳамда завқи бор. Сабаби, қиш мавсумида иссиқхонадаги ям-яшиллик, табиатнинг турли рангларида гавдаланган манзара ҳар бир кишида ажойиб таассурот уйғотади. Келгусида Голландияда етиштириладиган гул турларини парваришлашни йўлга қўймоқчимиз.
Хандон писта кам сув талаб қиладиган, чўл ҳудудларига мос ўсимлик. Шунга кўра, вилоятимизнинг тоғли ва чўл ҳудудларида пистазорлар ташкил этиш соҳа тараққиётига хизмат қилади. Хўжаликда ана шу омил инобатга олиниб, икки минг туп хандон писта кўчатлари парваришланмоқда. Бундан ташқари, беш йил аввал иссиқхонада 10 тупга яқин банан кўчати ўтқазилган эди. Жорий йилда улар ҳам ҳосилга кирди. Зайтун, апельсин, мандарин, чилонжийда, унаби ва интенсив дарахт кўчатларини етиштириш борасида ҳам бир қатор режалар белгилаб олинган.
Озод МУСТАФОЕВ,



















