Зарафшон — Навои вилоятининг саноати жадал ривожланган ҳудудларидан бири саналади. Шаҳар аҳолиси интилувчан ва изланувчанлиги билан ажралиб туради. Лекин беш қўл баробар бўлмаганидек, шаҳар атрофидаги хонадон ҳамда дала ҳовлиларда томорқачилик ниҳоятда орқада қолганлиги кишини таажжублантиради. Ваҳоланки, албатта бозордан харид қилиш эмас, ўз томорқасида етиштирилган маҳсулотни рўзғорига ишлатиш, ортганини сотувга чиқариш ҳар томонлама фойдали-ку!
Зарафшонликларнинг оддий шу ҳақиқатни англаб етмаётгани, мавжуд имкониятлардан етарлича фойдаланмаётгани кишини ажаблантиради. Бу ҳақда гап очилса, шаҳар ҳокимияти мутасаддилари сув йўқлиги ва табиий иқлим шароити оғирлигини баҳона қилишдан нарига ўтишолмайди. Аслида аҳвол улар айтганчалик аянчли эмас. Биргина мисол, автомобилларга хизмат кўрсатиш ва таъмирлашга ихтисослашган «Аббос» хусусий корхонаси раҳбари Азамат Шокиров мижозларга қулайлик яратиш ва ердан унумли фойдаланиш мақсадида устахонаси ёнидаги 25 сотих қаровсиз ва ташландиқ ерни ўзлаштириб, ёнғоқ, олма, ўрик, гилос ва бошқа мевали дарахтлар экди. Ерга ишлов беришдан тортиб, озиқлантириш, суғориш ишларини оби-тобида олиб борди. Хайрли саъй-ҳаракатлари натижасида бугун бу ерга келган киши мевали ва манзарали дарахтлар корхона кўркига кўрк қўшиш билан бирга эгасига яхшигина даромад келтираётганининг гувоҳи бўлади. Бундан руҳланган Азамат ака яна 3 сотих ерда иссиқхона қуриб, помидор ва лимон етиштиряпти. Баҳона изламасдан ер остидан сув чиқариб, ҳавас қилса арзигулик ишларни амалга оширяпти.
1 минг 140 та хонадон жойлашган «Янги Зарафшон» маҳалласига қарашли «Мираж-1» дала ҳовлиларида деҳқончилик, боғдорчилик ҳамда паррандачилик билан шуғулланиш учун барча имкониятлар етарли. Лекин шунга қарамасдан айрим аҳоли хонадонларида бундай ишларга қўл урилмаган. Маҳалла раиси Т. Косбанбетов билан дала ҳовлилардаги аҳволни ўрганганимизда, айрим томорқада боғдорчилик ва деҳқончилик авжида, бироқ кўплаб ҳовлиларда экин майдонлари қаровсиз аҳволда эканининг гувоҳи бўлдик. Яна баҳона тайёр: сув йўқ! Айниқса, М. Қўшвақтовнинг дала ҳовлисида умуман қишлоқ хўжалиги экинлари экилмаган. Кўкариб турган узум, ўрик, олма, гилос каби дарахтларга шакл берилмаган. Остини юмшатиш у ёқда турсин, оқланмаган ҳам. Бирни кўриб фикр қил, бирни кўриб зикр қил, деганлари шу бўлса керак-да. Бу каби мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Шаҳар атрофидаги аҳвол шундай бўлганидан кейин олис маҳаллалардаги ҳолатни қандай тасаввур қилиш мумкин? Хўш, сув йўқлигини баҳона қилаётган кўпчилик хонадон соҳиблари нега парранда боқмаяпти, қуёнчилик ёки куркачилик билан шуғулланмаяпти?Қизиқ, рўзғорни обод этиш, томорқадан унумли фойдаланиш учун кимнингдир қистови ёки мажбурияти керакми? Бундай боқимандалик бизни қаерга етаклаяпти? Ваҳоланки, биргина етти хазинанинг бири саналган паррандачиликни ривожлантириш орқали ҳам аҳоли дастурхонининг тўкинлиги, бозордаги нарх-навонинг барқарорлигини таъминлаш мумкин. Бу кимдир ўргатмаса ҳам бажариладиган юмуш эмасми, наҳотки аҳолимиз виждонан ҳис этмаяпти бу оддий ҳақиқатни? Мутасаддилар ҳам ишёқмасларнинг баҳонасига қўшилмасдан халқимизни тадбиркорликка бошлашининг, ўз аравасини тортишга ўргатишининг вақти келмадимикин?!
Дарвоқе, ҳозир томорқада экин экишнинг айни мавсуми. Шуни инобатга олган ҳолда шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари енгни шимариб, халқни уйғотса, бугундан тарғибот ва тушунтириш ишларини бошлаб юборишлари керак! Йўқса, эртага кеч бўлади.
Бахтиёр ТОШНАЗАРОВ,



















