Бугунги кунда Хатирчи туманида кенг бунёдкорлик, ободончилик ишлари қаторида аҳоли томонидан экин мавсуми ҳам жадал амалга оширилмоқда. Бу жараёнда аввало, раҳбар ходимларнинг намуна кўрсатаётгани ижобий ҳолат.
Айни пайтда тумандаги 37 минг 20 та хонадоннинг 4 минг 313 гектар томорқа ерлари мавжуд. Ҳудуддаги 4 та сектор ҳамда ҳар бир корхона-ташкилот томонидан мазкур ерларга экин экиш ишлари қатъий назорат қилинмоқда.
Ўрганиш ишлари аввало, туман ҳокимлиги мутасаддилари, коллеж ҳамда мактаб директорлари, қишлоқ врачлик пункти мудирлари, корхона-ташкилот раҳбарлари хонадонидан бошланди. Кўрилган барча хонадонларда деҳқончилик ишлари намунали олиб борилаётганлигига гувоҳ бўлдик.
Масалан, «Чағатой» маҳалласида яшовчи 29-сонли қишлоқ оилавий поликлиникаси мудири О. Қаюмов хонадонида иссиқхона ташкил этилган. Бу ерда картошканинг аллақачон гуллагани малакали шифокорнинг ўз томорқасига беэътибор эмаслигидан далолат беради.
Мирзо Улуғбек маҳалласи 3-сектор ҳудуди саналади. 500 та хонадондан иборат ҳудудда экин ерлари 81 гектардан ортиқ. Бироқ бу ерда аксарият хонадонларда экин-тикин ишларига ҳамон қўл урилмаган.
Жумладан, Бекзод Тошевга тегишли уй-жойнинг экин ерига умуман кетмон тегмаган. Унинг ёнбошидаги Майсара Шералиевага тегишли 8 сотих ер ағдарилган бўлсада, бугунга қадар экин экилмаган. Уларнинг ён-атрофидаги хонадонлар томорқасида ҳам аҳвол ачинарли.
Тўғри, бу ердаги аҳолини қийнаб келаётган муаммолардан бири ернинг шўрланиш даражаси юқорилигидир. Фуқароларнинг айтишича, гарчи ҳудудда ер ости қудуғи ҳамда насос ўрнатилган бўлсада, мутасаддилар томонидан у самарали ишлатилмаяпти.
Шу атрофда юқори кучланишли линияга эга симёғочларнинг ҳам аянчли ҳолати эътиборимизни тортди. Гарчи ўрганилаётган масаламизга алоқаси бўлмасада, аҳолини қийнаётган галдаги муаммога аҳамият қаратдик. Шуҳрат Қиличов хонадонига ўрнатилган симёғочлардан бири шу даражада омонат турибдики, унинг яқин ҳафталарда қулаб кетиши ҳам ҳеч гап эмас. Сабаби таянчнинг бетон устунга жипслаштирилган қисми чириб битган. Шунингдек, ушбу хонадоннинг ёнбошидаги ҳовлига ўрнатилган симёғочнинг тепа қисми қисқа туташув оқибатида ёниб кетган.
Ҳудуд сектори аҳоли томорқалари билан боғлиқ юқоридаги вазиятни яхшилашга ҳамда симёғочлар масаласига эътибор қаратиши лозим.
Дарҳақиқат, секторлар томонидан самарасиз фойдаланилаётган томорқа ер эгалари учун кўрилаётган чораларга ҳам эътибор бердик. Жорий йилнинг 31 март ҳолатига қадар улар томонидан томорқаларнинг қарийб 90 фоизи кўздан кечирилган. Гарчи аксарият хонадонларда камчиликлар ҳамон мавжудлиги яққол кўзга ташланаётган бўлсада, бирорта томорқа эгаси учун ер солиғини 3 карра ҳисоблаш, йиллар давомида уй ҳам қурмай, томорқадан ҳам самарали фойдаланилмаган ерларни туман захирасига қайтариш чоралари кўрилмаган.
Бу ҳолат мутасаддиларнинг камчиликларга кўз юмаётганидан далолат эмасми? Бунинг оқибати эса аҳоли фаровонлигини кўзлаб амалга оширилаётган чора-тадбирлар самарасига салбий таъсир кўрсатади.
Озод МУСТАФОЕВ,
«Дўстлик байроғи» газетаси мухбири.



















