Мамлакатимизда яратилаётган қулай ишбилармонлик муҳити йилдан-йилга тадбиркорлар сонининг ортиб боришида муҳим омил бўлмоқда. Хусусан, Кармана туманидаги «Катта мачит» маҳалласида бўлганимизда мавжуд имкониятлардан кенг фойдаланаётган тадбиркорларнинг кўплигига гувоҳ бўлдик.
Дастлаб маҳалла фуқаролар йиғини раиси Камол Жўраев ҳамда фаоллар билан ҳамроҳликда томорқасида гулчилик билан шуғулланаётган Тўхта ая Баҳронова хонадонига бордик. Саксон олти ёшни қаршилаган момонинг ҳовлиси чаманзорнинг худди ўзи. Бу ерда турк чиннигули, мойчечак, канна, ирис, нилуфар каби ўттиздан ортиқ гул турлари ўстирилмоқда. Унча катта бўлмаган томорқадан шундай моҳирлик билан фойдаланаётган онахонга боқиб, ҳавасимиз келгани рост.
Турмуш ўртоғи Мардон Баҳронов бевақт оламдан ўтганида Тўхта ая қирқ ёшда эди… Ўшанда беш қиз, икки ўғли ҳали ёш бўлиб, аёл боши билан рўзғор юкини тўла бўйнига олди. У ўзининг меҳнатсеварлиги, бардоши сабаб бугунги дориламон кунларга етиб келди. Фарзандларини ҳам ўзидек меҳнаткаш қилиб тарбиялади. Шу боис, бугун қизларининг ҳовлиси ҳам момоники каби гулзор.
— Меҳнат қилган одам кам бўлмаскан, — дейди Тўхта ая биз билан суҳбатда. — Ҳар эрталаб гулзорни айланиб, кайфиятим кўтарилади. Ўзимни яна тетик, бардам ҳис қиламан. Шукрки, замонамиз тинч. Ҳаракатдан қочмаган, интилган одам албатта, барака топади.
Турфа гул кўчатларига харидорлар маҳалланинг ўзида анчагина. Қолаверса, бозорда кўзни қувнатувчи бу гулларга талаб катта.
Улуғбек Адизов ҳам маҳалладаги фаол тадбиркорлардан. У бундан уч йил олдин томорқасидаги 5,5 сотих майдонда иссиқхона ташкил қилганди. Жорий йил у ерда ўтқазилган минг туп помидор кўчати мўл ҳосил берди.
У. Адизов турмуш ўртоғи Дилбар Каримова билан бирга астойдил меҳнат қилди. Кўчатларни вақтида озиқлантириб, маромида парваришлади. Бунда уларга фарзандлари ҳам ёрдамчи. «Меҳнатнинг таги роҳат», деб бежиз айтишмайди. Февралнинг ўзида бир тонна помидор Россияга экспорт қилинди, қолгани маҳаллий бозорга чиқарилди.
— Жорий йилги соф даромадимиз 45 миллион сўмга етди, — дейди Д. Каримова. — Ўтган йилги фойдадан «Nexia» русумли автомашина сотиб олган эдик. Бу йил тўй бошлаб қўйганмиз. Тўнғич ўғлим Қозоғистондаги олий таълим муассасаларининг бирига ҳужжат топширганди. Яқинда имтиҳонлардан аъло ўтиб, талаба бўлди. Топганларимиз яхши кунларга сарф бўлаётганидан хурсандман. Келгусида кредит олиб, иссиқхонамизни яна тўрт сотихга кенгайтириш ниятидамиз. Шу билан бирга, ҳовлида мингта бройлер жўжа парвариш қиляпмиз. Ўтган йил паррандачиликнинг ўзидан олти миллион сўм даромад олдик. Ҳали режаларимиз кўп.
Яна бир тадбиркор — Абдукарим Қаҳҳоровнинг ҳовлисидаги уч сотих иссиқхонада ҳам помидор кўчатлари ҳосилга кирган. Май ойи охиригача улар пишади ва бозорга чиқарилади. А. Қаҳҳоровнинг таъкидлашича, ўғли Акбар ва келини Хуршида кўчатлар парваришига бош-қош. Улардан ўрнак олиб, набиралари ҳам ўқишдан бўш бўлди, дегунча иссиқхонага кириб, кўчатларни бегона ўтлардан тозалашади.
— Ўтган йили икки ярим тонна ҳосил олгандик, — дейди А. Қаҳҳоров. — Бу йилги ҳосилдорлик ҳам мўл бўлади, деган умиддамиз. Уйдаги бир парча ерни ҳам бўш қолдирмаганмиз. Иссиқхонадан ташқари, томорқага картошка, пиёз, сабзи, шолғом экдик. Рўзғорда бозордан сабзавот маҳсулотлари сотиб олишга эҳтиёж қолмагани яхшида. Ҳаммаси меҳнатга боғлиқ экан, бекорчиликдан наф йўқ.
Сафар давомида маҳалланинг меҳнатсевар, томорқасидан мақсадли фойдаланиб келаётган тадбиркор кишиларини кўриб, хурсанд бўлдик. МФЙ раисининг таъкидлашича, 850 та хонадонда 4 минг 205 нафар фуқаро истиқомат қилиб келаётган ҳудуддан яна қирқ нафар фуқарога паррандачилик, чорвачилик, иссиқхона ташкил этиш бўйича банкдан кредит олиши учун тавсиялар берилган. Демак, «Катта мачит»да яна тадбиркор, ишбилармонлар сони ортиб бораверади.
Зулфия БОБОЕВА,
«Дўстлик байроғи» газетаси мухбири.
Сурат муаллифи Дониёр РАВШАНОВ.



















