Америка оқ капалагининг келиб чиқиш ҳудуди Шимолий Америка яъни Канададан то Мексиканинг шарқий қирғоғигача чўзилади. Урғочи капалак жинсий шерик топиш ва тухум қўйиш мақсадида 250 м масофага учиб бориши ёки унча катта бўлмаган масофага ҳаво оқими билан ҳам бориб қолиши мумкин. Ушбу ҳашарот бир йилда ўртача 30-40 км масофагача тарқалади.
Бу зараркунанда капалагининг қуртлари ҳар хил мева, манзарали ва баргли ўрмон дарахтлари ҳамда буталарининг баргини, айниқса тут баргини еб қўяди, баъзан турли полиз ўсимликларига ҳам тушади. У 250 дан ортиқ ўсимликларни зарарлаши мумкин. Жумладан, тут дарахти, олма, нок, беҳи, гилос, қайрағоч, грек ёнғоғи, тол каби дарахтларни мисол келтириш мумкин.
Вояга етган капалаклар қанотларини ёзганда катталиги 4-5 см келади. Ранги оқ, эркагининг мўйловлари патсимон, урғочисининг мўйловлари ипсимон бўлади. Қўйган тухумлари кўпинча оқ тук билан қопланган бўлади. Қуртининг катталиги 3,0-3,5 см га боради, орқаси бўйлаб икки қатор ва ёнларида тўрт қатор сўгалчалари бўлиб, улардан узун туклар чиққан бўлади. Fумбаги сийрак кул ранг пилла ичида бўлиб, узунлиги 8-10 мм, ранги тўқ қўнғир, танасининг учида 10 тадан 19 тагача қармоқсимон қиллари бор.
Америка оқ капалиги республикамиз учун ташқи карантини объект ҳисобланади. Мамлакатимизга транспорт воситалари ва импорт бўлиб кириб келаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан зараркунанда келиб қолмаслиги учун ўсимликлар карантини чегара масканларида карантин инспекторлари томонидан фитосанитар назорат тадбирлари ўтказилади, маҳсулотлар синчиклаб текширилади.
Агротехник кураш чораларида зараркунанданинг уяси йўқотилади, қуртлар тутилади, ҳудуддаги чиқиндилар ёқиб ташланади, дарахтларнинг пустлоғи тозалаб ташланади ва оҳак билан оқланади.
Фарғона вилояти ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси фитосанитария лабораторияси мудири Абдурауф Маҳмудов



















