Ҳосилдорлик. Ҳаво ҳарорати илиқ бўлса, анжирда мева тугунчалари ҳосил бўлиши давом этаверади, тиним даврига кирмайди. Лекин ҳаво ҳарорати пасайганда мева тугунчалари пайдо бўлиши секинлашади. Анжир ўсиш даврида икки марта ҳосил беради, яъни бу фанда биринчи ва иккинчи генерация ҳосил тугунчалари
дейилади. Биринчи генерация мева тугунчалари хўжалик аҳамиятига эга эмас, бир
тупидан 0,5-3,0 кг гача ҳосил беради, мевалари йирик (50-80 гр), кам сувли, қанд миқдори паст ва таъми камроқ бўлади.
Анжир дарахтида иккинчи генерация мева тугунчалари хўжалик аҳамиятига эга бўлган асосий ҳосилни беради. Мевалари июль ойининг учинчи ўн кунлигида пиша бошлайди ва август ойи ёппасига пишади. Ҳосил 2-3 кунда бир марта терилади, териб
олингандан сўнг, мева тугунчаларининг етилиши тезлашади ва мавсум давомида 15-16 марта терилади. Ҳосилдорлик ўртача 100-110 ц/га ни ташкил қилади, юқори агротехник тадбирларни қўллаб, 150-180 ц/га ҳосил олиш мумкин. Анжирнинг Қрим №9, Қрим №29, Қрим №43, Далматс-кий, Белый Адриатический ва Ўзбекистон сариқ навлари ҳосилдор навлар ҳисобланади. Анжир мевалари юмшаб мева рангини олиб енгил узиладиган бўлганида терилади. Пишиб етилган меваларнинг теримини кечиктириб бўлмайди, акс ҳолда мевалар тўкилиб кетади.
Анжир мевалари ҳаво салқин вақтларда терилмаса, қуёш нури теримчиларга ноқулайликлар туғдиради. Мевалари банди билан терилиб, яшикларга жойланиб, ҳар бир қатори барглар ёки қоғоз қўйиб ажратилади ва тахланади. Терилган меваларни зудлик билан сотишга ёки қайта ишлашга жўнатиш зарур, акс ҳолда мева сифати бузилиб, истеъмолга яроқсиз бўлиб қолади. Анжир мевалари сақлашга ва ташишга яроқсиз бўлиб, қуёш нурида қуритилиб қоқи тайёрлаш энг қулай ҳисобланади.
Анжир ҳосили ҳар 4-5 кунда бир марта терилади. Ҳосилга кирган бир туп анжирдан 10
кг дан 40-50 кг гача хосил олиш мумкии. Ўзбекистоннинг жанубий вилоятларида
анжир йил давомида ўсиб, новдаларида пайдо бўлган ҳосил деярли тўлиқ пишиб етилади, шимолий вилоятларда куз эрта бошланганлиги учун кузга қолган ҳосил тўлиқ пишиб етилмайди, уни кўпинча совуқ уриб кетади.


Манба: » Анжир етиштириш» Тузувчи: А.Э. Мирзаев – Академик М.Мирзаев номидаги БУВИТИ Сурхондарё илмий тажриба станцияси илмий ишлар бўйича директор ўринбосари катта илмий ходим
Лойиҳа ғояси муаллифи ва ташкилотчи: “Агробанк” АТБ



















