АНЖИР ЎСИМЛИГИНИНГ БОТАНИК ТАСНИФИ ВА БИОЛОГИК ХУСУСИЯТЛАРИ

Анжирнинг ватани Кичик Осиё ҳисобланади. Анжир  тутдошлар (анжиргуллилар) оиласига мансуб субтропик мева тури. МДҲ давлатлари орасида у Ўрта Осиёда, Жанубий Козоғистон, Қрим, Кавказ, Молдавияда ва Россиянинг Краснодар ўлкасида тарқалган. Шунингдек, Туркия, Жазоир, Европанинг жанубида, АҚШ да катта майдонларда етиштирилади. Ёввойи ҳолда Ўрта денгиз бўйи, Кичик Осиё, Эрон, Шимолий-ғарбий Ҳиндистонда ўсади. Анжир жуда қадимдан маданийлаштирилган ўсимлик ҳисобланади (Осиёда 5 минг йилдан, Европада камида 2 минг йилдан бери) етиштирилади.

Ўзбекистонда у асосан, Фарғона водийсида экилади (умумий анжирзорларнинг 75% шу водийда жойлаштирилган).

Анжир меваси таркибида 10-28% гача, қуритилганда эса 86% гача шакар, 0,22-0,59% органик кислоталар, А, С, В, ва витаминлар, минерал туз-лар (фосфор, магний, кальқий темир) бўлиб, у жуда шифобахш ҳисобланади. Мевасидан жем, қиём, компот ва қуюқ шарбат тайёрланади. Қуритилган ва қайта ишланган маҳсулотини узоқ сақлаш ва узоқ ерларга юбориш мумкин.

Анжир авлодига 600 дан ортиқ тур киради. Улар асосан тропик, бироз қисми субтропик мамлакатларда ва мўътадил иқлимли кенгликларда ўсади. МДҲ давлатлари орасида Кавказ орти республикалари, Қрим ва Ўрта Осиё тоғларининг тошли очиқ ёнбағирларидаги харсанг тошлар орасида ёввойи ҳолда ўсадиган анжир (Р. Саriса) ҳам шулар жумласига киради.

Анжир бир уйли, баъзан икки уйлиси ҳам учрайди. Гули майда, бир жинсли, нок шаклида тўпгул ҳосил қилиб, барг қўлтиғидан ўсиб чиқади. Анжирнинг ёпиқ ҳолатдаги бундай гули сикониум деб аталади. Мазкур тўпгулда чангчи ва уруғчи гуллар жойлашади.

Гули арилар (бластофага пашшаси) ёрдамида чангланади. Лекин Ўзбекистонда экиладиган ҳамма анжир навлари чангланмасдан мева тугади. Бундай жараён партеногенез дейилади. Чангланмасдан ҳосил бўлган анжир мевасининг уруғи яхши унувчан бўлмайди. Анжир гулини сунъий йўл билан чанглантириш ҳам мумкин, буни киприфигация дейилади. Анжир бир мавсумда икки марта ҳосил беради. Биринчи ҳосил июн-июл ойларида ўтган йили кузда шаклланган куртаклардан етилади. Иккинчи ҳосили август-сентябр ойларида пишади.

Иккинчи ҳосил берадиган куртаклар шу йилги ўсув даврида пайдо бўлган новда, барглар қўлтиғида июн ойидан бошлаб шаклланади. Новданинг пастки қисмида ҳосил бўлган куртаклар барвақт мевага айланиб, новданинг юқорисига қараб ҳосил бирин-кетин пишиб етилади. Бир йиллик новдаларда мева тугилиб пишиб етилгунча 75-85 кун ўтади. Анжирнинг новда ва баргларида сутга ўхшаш қуюқ шира бор. Барглари асосан 3-5 кесикли, уларнинг шакли ва катта-кичиклиги жуда хилма-хил бўлади. Бир новданинг ўзида кесиксиз барглар, билан бирга, 3,5 ва ҳатто 7 тагача кесикли баргларни учратиш мумкин.

Анжир ҳосили ҳар 4-5 кунда бир марта терилади. Ҳосилга кирган бир туп анжирдан 10 кг дан 40-50 кг гача хосил олиш мумкии. Ўзбекистоннинг жанубий вилоятларида анжир давомли ўсиб, новдаларида пайдо бўлган ҳосил деярли тўлиқ пишиб етилади, шимолий вилоятларда куз эрта бошланганлиги учун кузга қолган ҳосил тўлиқ пишиб етилмайди, уни кўпинча совуқ уриб кетади.

Анжирнинг тупи ва пишган новдаси 12-15°С совуққа чидайди. Лекин 16°С совуқда кўп йиллик новдалари зарарланади, 18°С да кўмилмай қолган анжир тупини илдиз бўғзигача совуқ уриб кетади. Шунинг учун анжир тупларини октябр ойининг иккинчи ярмидан ноябр ойининг биринчи ўн кунлигигача анорга ўхшатиб кўмилади.

Баҳорда анжир туплари тахминан 20 мартдан 5 апрелгача очилади. Бунда анжирнинг шикастланган ва кесилган новдалари юлиб ташланади, туплари кўтарилиб, остига тирговуч қўйилади. Анжирнинг ҳосилдорлиги уни очиш муддатига боғлиқ. Кеч очилса ҳосили камайиб кетади. Анжир асосан бир йиллик қаламчаларидан кўпайтирилади

Анжир дарахтининг бўйи 3-8 м, шохлари қалин, ёйилиб ўсади, новда, барг ва мевасида сутсимон шира бор. Барги йирик, 3-7 бўлмали, баъзан бўлмасиз, тўқ яшил, орқасида туклари бор. Бир йилда
2 марта гуллайди. Майда бир жинсли гуллардан иборат тўпгули бўлажак “мева” ичида бўлиб, майда бластофага ҳашаротлари ёрдамида чангланади, баъзилари эса чангланмасдан (партеногенез) ва уруғ тугмасдан мева қилади. Мевасида 20-30% қанд, 0,5-4,2% пектин моддалари, 3,4-7,4% клечатка, 0,1% гача органик кислоталар, каротин, кальций, темир, фосфор ва бошқа элементлар бор.

Анжир асосан бир йиллик пишган новда қаламчаларидан кўпайтирилади. 2-3 ёшдан мева тугиб, 7-10 ёшда ғарқ ҳосилга киради, маҳсулот бериш даври 50-60 йилни ташкил этади, 150-200 йилгача яшайди. Бир тупи 15-35 кг гача мева беради. Анжир бир мавсумда 2 генерация ҳосил беради. Биринчи ҳосил (ҳоки анжир) анча кам бўлиб июнь — июль ойларида, иккинчиси (асосий) ҳосил август – сентябр ойларида пишади.

Анжир ҳўллигича ёки қоқи ҳамда консерва ҳолида истеъмол қилинади, жем, мураббо тайёрланади. Халқ амалиётида анжир барги узум ва меваларни қуритишда ишқор сифатида, “сути” тери касалликларини, чаён ва ари чаққан жойларни даволашда ишлатилади.

Дўстларингизга ҳам улашинг!