Анор мевахўри хавфли зараркунанда!

Анор нафақат мазали, балки витаминларга бой, узоқ йиллардан буён халқ табобатида ҳам қўлланилиб келинадиган мевалардан биридир. Унинг фойдалилиги тан олинган бўлиб, унда организмнинг яхши фаолият кўрсатиши учун барча керакли витаминлар мавжуд.
Юртимизда пишиб етилган бу мева бугун нафақат юртимиз, балки хорижий бозорлар расталарини ҳам безаб турибди. Аммо ушбу фойдали мева ҳам кўплаб бошқа мевалар каби зараркунанда ҳашоратларнинг хавфидан ҳоли эмас. Анор мевасининг сифати ва ҳосилдорлигига жиддий зиён етказувчи зараркунандалар қаторига, айниқса, анор мевахўри, анор шираси ва комсток қурти киради. Шулардан анор мевахўри ҳашоратларнинг капалаклар туркумига, барг ўровчилар оиласига мансубдир. У асосан қурт (қисман ғумбак) шаклида ерга тўкилган мевалар ва бошқа пана жойларда қишлаб чиқади. Баҳорда, асосан апрел ойида ғумбаклашиб, майнинг бошларида капалаклар учиб чиқа бошлайди. Ҳар бир урғочи зот ўз умрида ҳаммаси бўлиб 80-120 тагача тухум қўяди. Тухумини гуллаб бўлган анорнинг асосан гулкосасига 1 тадан 5 тагача қўяди. Тухумдан очиб чиққан қуртлар гулкоса орқали анор ичига ўтади ва мевадоналарини шикастлаб озиқлана бошлайди. Қурт маълум муддатдан сўнг, яна гулкоса атрофига қайтиб чиқади ва юмшоқ пилла ўраб ичида ғумбаклашади. 7-8 кундан кейин ундан капалак учиб чиқиб наслни давом эттиради. Ҳаммаси бўлиб бир авлодни ўтишга 21 кундан 32 кунгача вақт талаб этади. Бир мавсумда, асосан 5 та, айрим йиллари (куз иссиқ келганида) олтинчи авлод ҳам ривожлана бошлаши мумкин. Нима бўлганида ҳам, анор мевахўрининг табиий ривожланиши шу ўсимликнинг ўсиб ҳосил бериши билан яқиндан боғлик бўлиб, фақатгина уни шикастлайди. Жиддий зиён етказади. Мевахўр зарарлаган анор меваси анча вақтгача билинмай туриб, кейингина сарғайиб, қизариб, ёрилиб тўкилиб кетиши ва чириши мумкин. Авлоддан-авлодга ўтган сари зарар кўпроқ сезилади. Кузга бориб, кўпинча яширин зарарланиш кузатилади, яъни мева ташқи кўринишидан ҳеч қандай зарарланганлиги сезилмаса ҳам, у ичидан зарарланган бўлиб, вақт ўтиши билан (1-2 ой)намоён бўлиши мумкин.
Анор мевахўрининг табиатда уни нобуд қилувчи кушандалари мавжуд. Зараркунанданинг тухум, қурт, ғумбак ва етук зот – капалак ҳолатида бўғимоёқли (ари, бешиктебратар, ктир пашшалари, ниначилар ва бошқалар) лар, мевахўрнинг тухумларини яйдоқчи ҳашоратлар (трихограмма, теленомидлар ва йиртқич личинкалар); қуртини эса кўплаб ихнеумонид ва браконид ҳашоратлар; ғумбагини йирткичлар ва паразитлар шикастлайди.

Фарғона вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси Марғилон шаҳар ўсимликлар карантини инспектори Ҳавохон Шомансурова