
Анор шираси – Апҳис пунисаэ Тҳеоб. Тенг қанотлилар туркумининг (Ҳомоптера), ширалар (Апҳидинеа) кенжа туркумига мансуб сўрувчи ҳашарот ҳисобланади.
Зарари: Эрта баҳорда анор ширасининг қишловдан чиққан ва вегетация даврида қанот чиқарган авлодлари анор дарахтларининг ўсувчи вегетатив ва ҳосил берувчи генератив органларига тарқалиб ва кўпайиб, катта тўдалар ҳосил қилиб ривожланади.
Бу зараркунанда анор дарахтларининг куртаклари, барглари, ёш новдалари, ғунча ва гуллари, тугунчалари ва меваларининг ширасини сўриб озиқланади, баргларини бужмайиши ва тўкилиши, новдаларни қийшайиши ва ўсишдан қолишига сабаб бўлади, анорзорларнинг ҳосилдорлигини кескин камайиши ва сифатини пасайишига, меваларни майдалашиб кетишига олиб келади.
Ширалар ажратадиган ёпишқоқ суюқ чиқитлар барглар, гулғунчалар ва меваларни қоплаб ифлослантиради, уларда сапрафит замбуруғлар ривожланади ва қора қуримсимон қобиқ пайдо қилиб, фотосинтез ва бошқа нормал физиологик жараёнларни бузилишига сабабчи бўлади, дарахтларни ўсиши ва ривожланашига салбий таъсир қилади. Шу сабабли, республикамиз шароитида анор шираси комсток қурти, анор мевахўри каби анор дарахтларига катта зарар етказадиган ҳавфли зараркунандалардан бири ҳисобланади.
Морфологияси: Қанотсиз урғочи шираларининг танаси 2 мм гача узунликда, яшил тусда, мўйловлари ва шира найчалари узун бўлади. Қанотли ширалар тўқ яшил, личинкалари оч яшил ёки сариқ рангли бўлади.
Биоэкологияси: Бу зараркунанда асосан анор дарахтининг бир йиллик новдасида тухум холатида қишлайди. Личинкалари апрелнинг иккинчи, учинчи ўн кунлигида тухумдан чиқади. Бир мавсумда 7–8 марта авлод беради. Июль охирида дарахтлардаги шира тўдаларида қанотли урғочи ширалар пайдо бўлади. Улар учиб бошқа анор дарахтларига тарқалади. Анор шираси асосан кўчат ва қаламчалар билан тарқалади. Апрель–июнь ойларидаги ҳаво ҳарорати ва нисбий намлиги анор ширасини оммавий кўпайиши ва тарқалишига қулай бўлади, чилла давридаги юқори ҳарорат ва ҳавонинг қуруқ бўлиши унга салбий таъсир қилади ва уларнинг сонини кескин камайишига олиб келади. Куз ойларида яна уларни кўпайишига қулай шароитлар пайдо бўлади.
Табиатда анор ширасини бир қатор йиртқич ҳашаротлар хон қўнғизи, олтинкўз, тахин ва сифрид пашшалари личинкалари ва паразит (текинхўр) лар зарарлайди ҳамда уларнинг сонини кескин қисқартириб туради.
Манба: АНОРНИНГ ЗАРАРЛИ ОРГАНИЗМЛАРИНИ УЙҒУНЛАШГАН УСУЛДА БОШҚАРИШ (ИПМ) Муаллифлар : A.A. Рахматов, O.A. Сулаймонов, M.M. Усмонов, Н.X. Туропов, M.M. Акбаров, Ш.П. Мамадалиев, Д.T. Дусматова



















