Анордан мўл хосил олиш усуллари

Анордан юқори хосил олиш борасида миришкор боғбонларимизнинг тажрибалари бисёр.
Келинг, хозир шундай тажрибалардан биз билганларимизни сиз билан ўртоқлашамиз.
Анор кўчатини экаётган пайтда чуқури атрофига қиррали тош териб кўйсангиз, анори ёрилмайди, меваси серхосил бўлади.
Агар аччиқ анорингиз бўлса, уни кўчириб олиб ташлашга шошилманг. Унинг тагини очиб, томирларига чўчқа гўнги ва одам пешобини аралаштириб қўйинг. Анорингиз ширин бўлади.
Агар қуриган мевали дарахтлар кулини сув билан аралаштириб, бир неча кун анор томирига оз-оздан кўйиб турсангиз анорингиз серхосил ва дони рангдор бўлади.
Анорнинг ёввойи новдаларини бутаб, уни ахлатхонага ташламай сақлаб куйинг.
Ёз фаслида уни куйдириб, тупрок билан аралаштириб анорга беринг, мевасини чиройли килади.
Турли суяк, жун, чарм қолдиқларини анорзорингизга кўминг, анорингиз хушранг бўлади. Анор учун от гўнги хам фойдалидир. Анор дарахти ток билан яқин экилса, хар иккиси хам серхосил бўлишини юқорида айтдик.
Айрим уста богбонлар анорни нок дарахти билан пайвандлаб юқори хосил олишганини биламиз. Анорни апельсин дарахтига пайвандлаш усулларини хам эшитганмиз.
Айрим богбонлар анорларини офтоб уриб, қорайтириб қўйганидан нолишади ва албатта бу хосилдорликка таъсир кўрсатади. Бу ўша анор дарахтингизга етарли озуқа миқдори бермаганингиздан дарак. Уни ўгитлашга эътибор беринг, шунда анор меваси офтобда куймайди. Иложсиз холда анор дарахтини кўпрок қуёш тушадиган қисмига бир қават қуруқ хашак ташлаб қўйинг. Бу амални август ойининг кейинги иккинчи ярмида бажаринг.
Яна бир сир. Экаётган анор кўчатингиз новдасини ёриб, ичидаги магизини олиб, яна уни бир-бирига ёпиштириб, увада ёки латта билан ўранг. Тоза лой ва янги гўнг билан суваб ёрилган жойи ер юзасига уч бармоқ чиқиб, турадиган қилиб экинг, кўклагандан сўнг ёрик устидаги қисмини кесиб ташлаб парвариш килинг. Анорингиз мевасини уруги бўлмайди.
Бундай тажрибалар жуда кўп. Мухими, анорингиз билан «тиллаша» олсангиз, унга мехринигизни берсангиз сизни куруқ қўймайди.
Агар каптар гўнгини сувга аралаштириб, анор томирига қўйиб турсангиз, анорнинг меваси тўкилмайди, пишиши тезлашади. Агар бақлажон ширасини анор гулга кирган пайтда сочсангиз, ундан юқори хосил оласиз. Шу ерда бу қисмга хотима ясаб, кўзни қувонтирадиган даражада пишиб етилган сархил анорни териб олиш учун анорзорга кирайлик.

Манба: «Анорчилик сирлари» Исроил Неъматов

Дўстларингизга ҳам улашинг!