Анорни зараркунандалардан ҳимоялаш

Ўзбекистон Республикаси Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агенлигининг 16 сентябр 2021 йилдаги 367-п-сонли буйруғи асосида Республикамизда етиштириладиган анор ва хурмо меваларини етилиши ҳамда экспорт жараёнлари бошланади. Мевали боғларга жиддий зарар етказадиган ва экспорт ҳажмининг камайишига сабаб бўлиши мумкин бўлган «Комсток қурти» ва «Анор мевахўри» зараркунандаларига қарши уйғунлашган курашни ташкиллаштириш, шунингдек бу ҳақда кенг жамоатчилик орасида тарғибот – ташвиқот ишларини олиб бориш мақсадида, 2021 йил 18 сентябрдан 8 октябрга қадар «Долзарб ўн беш кунлик» деб эълон қилинди.

Ҳаммамизга маълумки, куз фасли ҳазин қиёфасини кўрсатиши билан ўлкамизда анор меваси пишиб етилади. Инсоният пайдо бўлибдики, табиатга интилиб яшайди, ундан озиқланади. Самарали мехнати туфайли ердан баҳраманд бўлади, манфаат кўради. Экинзорлар ва жаннатмакон боғлар яратади. Авлод-аждодларимиз яратган ўша афсонавий боғи-эрамлар ва уларнинг бой хаётий тажрибалари бизгача етиб келган. Қувалик деҳқонларимизнинг амалиётларини, шу coxa мутахассисларининг илмий ва амалий тажрибаларини ҳам боболаримиз амалиётлари билан умумлаштиришга харакат қилдим. Фикру – ожизимча, боболаримизнинг бой тажрибаларини сиз ҳам боғ ва томорқангизда синаб кўрасиз ҳамда катта натижаларга эришасиз.

Анор узоқ умр кўрувчи дарахт ҳисобланиб, тўғри парвариш қилинса, юз йилгача умр кўради. Унинг илмий номи «Punika granatun» бўлиб, «Punika» ушбу ўсимик ватани Тунис эканини англатса, «granatun» эса «донли» деган маънони билдиради. Анор ёввойи холда Кавказ, Қирим, Афғонистон ва Ўрта Ер денгизи атрофи мамалакатларида, шунингдек, Марказнй Осиё давлатларида кенг тарқалган бўлиб, субтропик минтакаларда маданий холда ўстирилади. Неча-неча асрлардан бери шохлар дастурхонининг асосий безаги бўлган, чиройи ва хуштаъми билан Искандар Зулқарнайнни лол қолдирган анор меваси ўлкамизнинг Қува, Олтиариқ, Сурхондарё ва Қашкар вохаларида ҳам катта майдонларда экиб, парвариш қилинади. Қарийб 2000 йилдан бери ўстириб келинаётган анор кўчати ўтган XIX асрда Фарғона вилоятининг Қува, Ўзбекистон ва Данғара туманларининг унумдор ерларига ҳам келтириб экила бошланди.

Анор ўсимлиги одатда 2-5 м баландликда бута шаклида ўсади. Гули йирик, чиройли, якка-якка ёки тўп-тўп тўқ-қизил, зарғалдоқ – қизил бўлади. Бир туп анорда икки хил узунчоқ тожбаргли кўзача шаклидаги гул учрайди. Булардан биринчиси мева тугади, иккинчиси эса эркак гул хисобланиб, ундаги оналик қисми яхши ривожланмаган ва майда бўлиб, мева тугмайди. Булардан ташқари оралиқ гуллар бўлиб, булар майда буришқоқ мевалар тугади. Анор апрелнинг бошида хаво 12 – 14 °С.га кўтарилиши билан кўкара бошлайди. Кузда иссиқ харорат шу даражага тушганда ўсишдан тўхтайди. Анрнинг ўсиш даври навига, иқлимига қараб 180-215 кун давом этади. Анор май ойининг бошида гуллайди, биринчи галда қишлаб чиққан куртаклар гуллайди, орадан 10-15 кун ўтиб, ёппасига гуллаш бошланади. Бир туп анорда унинг навига, об – ҳаво шароитига қараб 5 мингтача гул бўлиши мумкин. Лекин буларнинг 96-98 % ини хосилсиз (эркак) гуллар ташкил этади. Анорнинг турли навлари бир-бири билан эркин равишда чанглатилса, серхосил, меваси йирик бўлади. Унинг гул чангини кўп тарқатадиган восита асаларидир. Шунинг учун анор хосилдорлигини оширишда асаларидан фойдаланиш керак. Анор ўзининг навига қараб 120-160 кунда пишиб етилади.

Республикамиз қишлоқ хўжалиги экинларининг ўн мингдан ошиқ зараркунандалари бўлиб, улар боғ ва томорқалар учун хам катта зарар етказади. Боғ зараркунандаларига қарши самарали кураш, ундан юкори хосил олиш гаровидир.

Анорзорлар учун энг хавфли хашарот бу- КОМСТОК қуртидир. Бу зараркунандани таниқли олим П.П.Архангелъский 1939-йил таърифлаб берган. Комсток қурти анорнинг гулкосаларига ўрнашиб олиб, ўша ерга тухум қўяди. Натижада анор меваси ифлосланиб, сифатсиз бўлиб қолади. Қурт йилига уч бўғин бериб ривожланади. Тухум холатида дарахт танаси, бутоқларининг пўстлоғи тагида ва синган тана ёрикларида қишлайди. Тухумларни тўп-тўп қилиб, пахтасимон оқ халтача ичига жойлайди, бу халтачани урғочи қуртнинг ўзи тухум қўйиш пайтида ясайди. Биринчи бўғин личинкалар туғилиши анор дарахти куртак ёзадиган даврга тўғри келади. Бу бир ойча давом этади. Иккинчи ва учинчи бўғин личинкалар катта-катта тўдалар ҳосил қилади ҳамда уларнинг ҳар бири 200-600 донагача тухум қўяди. Анорзорда мавсумнинг биринчи ярмида Комсток қурти асосан анор тупларининг бачки новдалари ва бегона ўтлар ҳисобига ривожланади. Кейинчалик новдалар ва бегона утлар қарий бошлагач, личинкалар анор гулкосоларига ўтиб, ўша ерда тухум қўяди. Бу зараркунандага қарши курашишнинг энг самарали йўли-бутун мавсум давомида анорзорингизни бачки новдалардан тозалаб боринг (буни тажрибада синаб кўрдик). Хар сафар суғоришдан сўнг бегона ўт босишига йўл қўймаслик учун туплар атрофини қўлда юмшатиб чиқинг. Анор танасига тирговуч қўйиб баландрок кўтаринг. Иложи бўлса анорзорингиз атрофида тут дарахти, декоратив ўсимликларни бўлишига йўл қўйманг. Негаки, Комсток қурти ушбу дарахтларда жуда кўп микдорда кўпаяди. Комсток қуртига қарши Кимёвий курашиш учун Би-58 (янгиси) суюқлиги ва 2 процентли фузолон эритмаси ишлатилади. Кимёвий усул икки бор ўтказилади; биринчи марта майнинг ўрталаригача, иккинчи марта бир ой ўтказиб, июн ойининг ўрталаригача, илдиз бўғзидан шоҳларигача пуркалади.

Қуйида мен зарарли хашаротларни йўқотиш учун табиий қайнатма ва захарли дамламалар тайёрлаш усулларини тавсия қиламан. Тамаки дамламаси, сўрувчи зараркунандаларни йўқотиш учун ишлатилади. Бир кг тамаки чигитига 10 л қайноқ сув қуйиб, бир сутка димлаб қўйинг, сўнг сузиб олинг. Уни пуркаш олдидан ўзидан 2,5 баравар кўп сувга солинади ва 10 л сувга 40 г совун қўшилади. 1 кг саримсоқ пиёз гўшт майдалагичдан чиқарилади ва 10 л сувга солинади. Бу дамлама – турли бит ва каналар, ширларни йўқотади. Тухум қўювчи капалакларни чўчитади. Дамламани анор мева тугиш олдидан тайёрлаган захоти ишлатинг. Тамаки, саримсок ва пиёз пўстидан тайёрланган дамлама, барча зараркунандаларга қарши ишлатилатилади. 500 г тамаки, 500 г майдаланган саримсоқ ва 500 г пиёз (қизарган пўчоғи) пусти олиниб, 10 л сувга солиб, икки соат кайнатинг. Сўнг уни совутиб, докадан сузиб олинг. Сепиш олдидан 20 л сув ҳамда 100 гр кир совун қўшинг. Бу дамламадан анор қуртлари, ширалар, куялари ва бошка зарарли ҳашаротларни йўқотиш учун фойдаланилади.

Қувалик боғбонларнинг ажойиб тажрибалари бор – анзур пиёзини анор ва анжир дарахти томирига яқин экилса, ўша дарахтга қурт тушмайди, ширадан омон бўлади. Ушбу дарахтлар томири ёки мевасида қурт пайдо бўлса, пастки қисм томирлари очилгунча кавланиб, қўл билан тўлдирилса, барча қуртлар нобуд бўлади. Кейинги йилларда айрим Боғбонлар зараркунандаларига қарши биологик усулда кураш йўлларини татбиқ этиб, самарали натижаларга эришмокдалар. Ғўза зараркунандаларига қарши ишлатилаётган трихограмма, габробракон ва олтинўздан анорзорингиз учун фойдалансангиз ширалар, бит ва каналар, турли куртлар тахдид килиб турганда мухим самарага эришасиз. Трихограмма капалаклар тухумининг кушандаси бўлиб, 70 дан ортик хашаротлар тухумларида ривожланади. Уни Боғингизга апрел ойидан зараркунандалар тухум қўйишга киришган вактдан бошлаб таркатинг. Габробракон турли ҳил қуртларни камайтиришда катта ёрдам беради. У ўрта ва катта ёшдаги қуртларни зарарлайди. Боғингиз атрофида полиз ва сабзавот ёки маккажўхори бўлса браконни кўпрок тарқатинг. Урғочи бракон 500 метр атрофга тарқалиб, 150-300 та қуртни чақиб зарарлайди. Шол бўлган қуртлардан 8 – 10 кунда бракон ривожланиб чиқади. Анор зараркунандаларини йўк қилиш учун Олтинкўздан фойдаланиш хам самара беради. Олтинкўз анорнинг барги қалин салқин жойига тухум қўяди. Оқ рангли, юмалоқ, пилла шаклидаги тухумдан 4-5 кун ичида личинка чикиб, 30-40 кун яшайди ва хаёти давомида 300-400 тагача тухум кўяди. Бир кунда 20-30 тагача, умри давомида 600-1000 та хашаротни нобуд килади. Бир йилда 4 -5 авлод берадиган бу ҳашарот боғларимиз учун қанчалик катта фойда келтиришини энди тасаввур қилиб кўринг. Айрим боғбонларимиз катта маблағлар сарфлаб, турли заҳарли ҳимикатларни анорзорлари узра пуркамоқдалар. Бу билан улар ўзлари, фарзандлари ва атрофдагилар саломатликларига ҳам катта ҳавф туғдирмокдалар. Қолаверса, заҳар анор мевасида тўпланмайди деб ҳеч ким кафил бўлолмайди.

Комсток қурти томонидан, анор мевасини зарарлашни афзал кўрган жойлари ва ҳимикатлар таъсири. 2019-2020 й.  

Назорат қилинадиган жой Сарф миқдори л/га Ҳаммаси бўлиб неча % мева зарарланган Шундан меванинг турли қисмларига % ҳисобида
Гулкосага Меванинг ёнидан Меванинг ёрилган жойидан
1 Назоратдаги

Ишлов берилмаган

61 85 18 15
2 1 қайтариқ

Багира 20 % эм.к

 1,0 35 55 15 13
3 2 қайтариқ

Децис 10 % эм.к

 1,0 27 43 12 11
4 3 қайтариқ Карбофос, 50% э.к.  1,0 15 22 6 5

 

Жадвалдан кўриниб туриптики, карбофос 50 % эм.к билан кимёвий ишлов ўтказилганида биологик самарадорлик 93-95 % га эришилди. Юқоридаги кимёвий препаратлари билан май ойида 2 марта, июн ойида 1 марта , июл ойида 1 марта ишлов берилгандан самарадорлик юқори бўлди. Иқтисодий самарадорлик эса 1 сўм ҳаражатга, 1 сўм 39 тийин бўлди.

Икки йил мобайнида ўтказилган тадқиқотларда олинган натижалар асосида қуйидагиларни ҳулоса қилса бўлади.

  1. Комсток қурти ихтисослашган зараркунанда бўлиб, 2011 – 2012 йиллари Тошкент вилоятида зарарланган буталар 79 – 87 % ни ташкил этди.
  2. Зарарланган буталарда меваларнинг зарарланиш даражаси Тошкент вилоятида 39-56% ни ташкил этган.
  3. Комсток қурти ва анор мевахўрига қарши биологик усул маълум самара бериши мумкин. Жумладан, ҳар ҳафтада 1 марта, ҳар 1 туп мевали бутага 0,05 гр (3000 дона) трихограмма тарқатиб туриш 47 % самара бериши мумкин, агарда шу муддатларда трихограммадан кейин ҳар бутага 20 тадан браконнинг урғочи зоти юборилса, самара 85 % ни ташкил қилиши мумкин.
  4. Анор меваларини механик усул ѐрдамида ҳимоя қилиш мумкин. Бунинг учун мева гулкосасини тозалаб ичига лой чапланса назоратга нисбатан 54,0% ҳосил камроқ шикастланади. Гарчи бу лой Дейис 10 % эм.к билан аралаштирилган бўлса – 83 %, Карбофос 50 % эм.к билан эса – 95 % мева камроқ зарарланади (кимёвий – механик усул).
  5. Анорни мевахўрнинг 5 авлодидан мавсум мобайнида ҳимоя қилиш учун ўтказилган кимѐвий ишловлар (8 марта – ҳар 15 кунда бир), 20 сентябрга бориб 62,4% дан – 91,8% гача биологик самара бериши мумкин.
  6. Қиш фаслида (чиллада) анор боғларига бостириб (жўякларни тўлдириб) яҳоб суви берилса, анорда учрайдиган барча зараркунандалар 70 % йўқолади.

Ҳайдаров Жаҳонгир Абдурахмонович, Ботиров Эркинжон Элдоржон ўғли

Фарғона вилояти «Ўсимликлар карантини ва ҳимояси» агентлиги, Данғара тумани 1 тоифали агроном инспекторлари  Тел: 91-323-42-66  www.Magistrxaydarov@mail.ru