Анорнинг асосий зараркунандалари ҳамда уларга қарши курашиш тадбирлари

Анор мевалари аҳоли томонидан суйиб истеъмол қилинади, ички ва ташқи бозорларда унга бўлган эҳтиёж ўсиб бормоқда.
Кейинги йилларда Хитой, Япония, Жанубий Корея ва бир қатор Европа давлатларида юртимизда етиштирилаётган анор меваларига бўлган талаб ошиб бормоқда.
Шу сабабли республикамизда анор етиштиришга катта аҳамият берилиб, экин майдонлари кенгайтирилмоқда.
Анор меваларида соғлиқ учун фойдали витамин ва минераллар мавжуд. Истеъмол қилинганда инсонлар қонидаги гемоглобинни оширади, қон босимини туширади, қандли диабет касаллигига чалинган беморлар учун фойдали бўлган саноқли
ширинликлардан бири саналади, шунингдек, анор шарбати иштаҳа очувчи, пешоб ҳайдовчи, оғриқ қолдирувчи, яллиғланишга қарши самарали восита ҳисобланади. Мавжуд анорзорлардан мўл ва сифатли ҳосил етиштиришда агротехник парвариш тех-
нологияларини амалга ошириш билан бир қаторда, уларнинг зараркунандалари, касалликлари ва бегона ўтларга қарши чора-тадбирларни ўтказиш муҳим аҳамиятга эга.
Республикамиз шароитида анорга зараркунандалардан оддий ўргимчаккана, анор шираси, комсток қурти, анор мевахўри, жиддий зарар етказади.
Оддий ўргимчаккана. Зарарлаган барглар дастлаб сарғаяди, кейин эса қўнғир тусга киради, дарахт кучли зарарланганда ҳосили майда, сифатсиз ва кам бўлади, ҳосилдорлик 25-30% гача камайиши мумкин. Каналар ёзнинг иккинчи ярмида жуда авж олиб кетиб, боғларга катта зарар етказади. Бундай дарахтлар кейинги йили кам ҳосил беради ва совуққа чидамсиз бўлиб қолади.
Анор мевахўри. Унинг тухумдан чиққан қуртчалари анор меваларининг қобиғи, йўлдоши, эти ва данак мағзи билан озиқланади. Қуртлар озиқланаётганида меваларни ўз ахлати билан ифлослайди ва бундай мевалар чирийди. Қурт тушган меваларнинг ичи қурумсимон қора замбуруғлар билан қопланади ва улар истеъмолга ярамайдиган бўлиб қолади. Бу қурт баъзи боғларда анор ҳосилининг 20-70% ни нобуд қилади. Мавсум давомида ўртача шароитларида 5-6 та гача авлод бериб ривожланади.
Анор мевасини импорт қилаётган давлатлар (Хитой, Корея ва бошқалар) анор меваларининг анор мевахўри ва бошқа зараркунандалардан тоза ҳамда сифатли бўлишига юқори даражада талаб қўймоқдалар.
Анор шираси анор дарахтининг барглари, ўсаётган шохлари, гул баргчалари ва ёш мева тугунчаларига тўда-тўда бўлиб жойлашади. Ширалар барг ва шохлардаги ширани сўриши натижасида дарахтларнинг ўсиши секинлашади. Шира тушган шохларнинг учлари ва барглари кўпинча буришиб-бужмайиб қолади. Ширанинг танасидан чиққан ширин суюқлиқда барг, тугунча ва меваларни ифлослайдиган қурумсимон қора замбу-
руғлар пайдо бўлади.
Комсток қурти. Бу ҳашарот энг хавфли ҳаммахўр зараркунандалардан бири бўлиб, Ўзбекистонда ички карантин зараркунандалар жумласига киради ва 300 хил ўсимликларни зарарлайди. Мевали дарахтлардан, айниқса, анор, беҳи, олма,
нок, шафтоли, шунингдек, тут дарахтларига кучли даражада зарар келтиради. Кўплаб сабзавот-полиз экинларини зарарлаш билан бир қаторда бу ҳашарот тўдаларини бегона ўтларда ҳам учратиш мумкин.
Комсток қурти анор дарахтининг илдиз бўғзи ва унинг ёнидаги барча новдалари, бутоқлари, пўстлоқ ёриқлари, барглари, гуллари ва меваларида тўда-тўда бўлиб жойлашади. Бу зараркунанда мева косачаси ва ёрилган меваларда, айниқса, кўп бўлиб, кучли зарарлайди.
Комсток қурти анор дарахтининг илдиз бўғзи ёнида кавакларида пўстлоқ ёриқларида ерга тўкилган барглари тагида мева косачаларида тухум ҳолатида қишлайди. Бу тухумлар урғочи қуртнинг танасидан ажратилган мум ва момиқсимон оқ ғубор
тагига тўда-тўда бўлиб жойлашади. Кўкламги личинкалари март ойининг охири, апрел ойининг бошларида тухумдан чиқади.
Республикамиз шароитида комсток қурти бир йилда 3 марта авлод беради. Қисман тўртинчи марта ҳам авлод тарқатади. Лекин, совуқ тушиши билан 4-авлоди қирилиб кетади. Личинкалари кўклам ва ёз фаслларида анор дарахтининг бутун шох-шаббасига
жойлашиб олади. Етиштирилаётган ҳосилнинг асосий қисми йўқотилишига ва сифатининг бузилишига олиб келади ҳамда комсток қурти карантин зараркунанда бўлгани учун анор мевасининг чет давлатларга экспорт қилинишига ҳам салбий таъсир кўрсатади.
Анор зараркунандаларига қарши агротехник кураш тадбирлари:
Анор зараркунандаларини камайтириш мақсадида ўсимлик қатор оралари ҳар доим ҳайдалган ва юмшатилган тоза ҳолда сақланади, эрта баҳорда анор тупроқлари очилгандан сўнг ўсимлик қолдиқлари йўқотилади, илдиз бўғинлари тупроқдан ва
кераксиз бачкилардан тозаланади.
Зарарланган новдалари олиб ташланади, дарахтлар эски пўстлоқларидан эрта кўкламда қаттиқ чўтка ёрдамида тозаланади.
Ҳар бир вилоятнинг тупроқ-иқлим шароитларига мос келадиган навлар танлаб экилади. Зараркунандаларнинг кучли тарқалиши ва ривожланиши хавфи бўлган жойларда чидамли навларни экиш тавсия этилади. Анор кўчатларини экишдан олдин ерни минерал ўғитлар билан бойитиш ва агротехник қоидаларга риоя қилган
ҳолда тайёрлаш зарур.
Анор мевахўрига қарши ерга тўкилган мевалар йиғиштирилиб ёндирилади, мевалар анор боғларидан узоқдаги майдонларда сараланади ва зарарланган мевалар йўқотилади, анорзорлар ўғитланади, қатор оралари чуқур қилиб юмшатилади ва қишда яхоб суви берилади. Суғориш режимига аниқ амал қилинади ва ёз фаслида анор дарахтларини узоқ вақт сувсиз қолдиришга йўл қўйилмайди, бунга эришилганда мевалар ёрилмайди ва уларга анор мевахўри кам тушади. Меванинг гул косачалари тозаланади ва лой билан суваб чиқилади.
Биологик усул. Комсток қуртига қарши самарали биологик кураш тадбирларини ишлаб чиқиш ва унга қарши курашда фойдаланиш ўта муҳимдир. Шу мақсадда Ўсимликлар карантини илмий марказида унинг самарали кушандаларидан бири Псевдофикус (Pseudaphycus malinus) текинхўрини кўпайтириш ва зараркунандага қарши курашда қўллаш бўйича тажрибалар ўтказилди.
Псевдофикус текинхўрининг бутун ривожланиш босқичи қурт танасининг ичида бўлиб ўтади. Псевдофикус комсток қуртининг қобиғини кемириб, ташқарига учиб чиқади. Псевдофикус барча ёшдаги комсток қуртларига зарар келтиради. Зарарланган комс-
ток қуртлари дастлабки кунлар озиқланишда давом этаверади ва кўриниши соғлом қуртлардан фарқ қилмайди. Орадан 5-6 кун ўтгач, улар мумсимон қобиғини йўқотади озиқланишдан тўхтаб бетоқат бўла бошлайди. Хилват жойларга, пўстлоқ ёриқлари,
коваклар, тупроқ орасига, дарахтларнинг илдиз атрофларига тўпланиб, шу ерда ҳалок бўлади ва мўмиё шаклини олади.
Ўсимликлар карантини илмий маркази биолабораториясида кўпайтирилаётган комсток қуртининг мўмиёлари микроскоп орқали кўрилганда, ўртача бир дона мўмиёда 15-18 та гача псевдофикуснинг ғумбаклари ёки етук зотлари борлиги аниқланди.
Улар комсток қурти танасида 2 қатор бўлиб параллел ҳолатда жойлашганлиги кўрилди.
Кузатувларимиздан шу маълум бўлдики, псевдофикус текинхўри барча ёшдаги комсток қуртларини зарарлаши билан бир қаторда унинг тухумларига ҳам зиён етказиши аниқланди.
Псевдофикус билан зарарланган комсток қурти тухумлари мум билан қопланган қопчиқдан ажралиб чиқиб, худди кукунга ўхшаб қолар экан. Зарарланган комсток қурти тухумлари микроскоп орқали кўрилганда тухумнинг ички суюқлиги бўшаб, ташқи ва ички қисми қорайиб, шаффоф ҳолатини йўқотганлигини кўришимиз мумкин. Зарарланмаган комсток қурти тухумларининг ташқи тарафи сариқ, ички тарафи лиққилдоқ суюқлик билан қопланган бўлиб, шаффоф кўринишда бўлади.
Тажриба натижаларига кўра, псевдофикус ва комсток қурти 1:10; 1:15 нисбатида қўлланилганда лаборатория шароитида 15 кундан сўнг зараркунанда сонининг 87,1 ва 82,2 фоизгача нобуд бўлганлиги аниқланди. Олинган натижалардан хулоса қилиш мумкинки, псевдофикус хўжайин нисбати 1:10 ва 1:15 нисбатларда қўлланилса зараркундага қарши курашда юқори самарадорликка эришиш мумкин. Псевдофикус энтомофагини комсток қуртининг 1-2 ёшли личинкаларига қарши баҳорда қўллаш яхши самара беради.

Шунингдек, анор шираси ва канаси, ўргимчаккана ва анор мевахўрига қарши эрта баҳордан олтинкўзнинг тухум ва личинкаларини апрел, май ва июн ойлари давомида анор дарахтларига қўйиб чиқиш туфайли экологик тоза маҳсулот етиштириш имкони
яратилади.
Кимёвий кураш: Комсток қурти ва бошқа сўрувчи зараркунандаларга қарши таъсир этувчи моддаси нефт мойлари бўлган Алипро 950 г/л эм.к.10-15 л/га ёки Овипрон 2000 эм.к.(800г/л) 10-15 л/га ёки №30 Препарат 76% н.э. 40-100 л/га эрта баҳорда
дарахтлар куртак ёзгунча ишлов бериш яхши самара беради.
Анор зараркунандаларига қарши комплекс таъсир этувчи моддаси циперметрин ва хлорприфос бўлган (Нурел-Д 55% эм.к, Агрофос-Д 55% эм.к ва бошқалар) гектарига 1 л. ҳисобидан ёки таъсир этувчи моддаси лямбда-цигалотрин бўлган (Карате 5% эм.к. Атилла 5% эм.к, Далатэ 5% эм.к ва бошқалар) гектарига 0,5 л ҳисобидан ёки бифентрин асосидаги (Талстар 10% эм.к. ёки ДВА-ТРИН 10% эм.к. ва бошқалар) гектарига 0,5 л ҳисобидан қўлланилиши зарур бўлади. Комсток қурти зараркунандасига қарши Багира 20% с.э.к. 0,5 л/га, ёки Дифен Супер 55% н.кук. ёки 0,15-0,25 кг/га инсектицидлари ўсимликнинг ўсув даврида пуркалади.
Анор канаси ва ўргимчакканага қарши кузда анор дарахтларини кўмиш олдидан ёки кўкламда дарахтлар очилгандан кейин 50 ли оҳак-олтингугурт қайнатмаси пуркалади. Ёз фаслида ҳам кана тушган дарахтларни 0,50 ли оҳак-олтингугурт қайнатмаси билан
2 марта ёки Ниссоран10%, н.к. 0,1 кг/га, Омайт, 57% к.э. 1,5-3л/га, Вертимек, 1,8% э.к. 0,4-0,5л/га каби махсус акарицидларнинг бири билан ишловлар ўтказиш тавсия тилади.

Қаландар БАБАБЕКОВ, Одилжон ИСАКОВ, Дилрабо ДУСМАТОВА, Ўсимликлар карантини илмий-тадқиқот маркази.

Манба: «AGRO ILM» 2021 йил, 2-илова (72)-сон