Апрель – сабзавотчиликда муҳим палла

Апрель ойи сабзавотчиликда масъулиятли палла ҳисобланиб, эрта-кузги, тўқсонбости, эрта баҳорги муддатларда экилган сабзавот майдонларида агротехник тадбирларни ўтказиш, кўчати ва уруғи билан экинладиган сабзавот ва полиз экинларини ўз муддатида экиш ишларини амалга ошириш айнан шу ойга тўғри келади.

Эртаги муддатда сепилган пиёз майдонларида бир ва кўп йиллик бегона ўтларни ўз вақтида ўтаб, ўсимликларни яганалаш, тупроқ тури, намлиги ҳамда ер ости сувларини чуқурлигига кўра ўсимликни ўз муддатида суғориш, 2–3 суғориш оралиғида ўсимлик эгатлари орасини 12–14 см чуқурликда юмшатиб қатор ораларида пайдо бўлган ўтларни йўқотиш, экиннинг ўсиб-ривожланиш ҳолатига қараб тавсия этилган минерал ўғитлар билан озиқлантириш, жадал ўсиб-ривожланишини таъминлайди.

Пиёзни тез-тез суғориш то пиёзбоши шаклланишининг охиригача давом эттирилиб, янги барг ўсиб чиққандан сўнг тўхтатилади. Пиёзбошининг ўсиши тўхтагандан кейин 12–14 кун оралатиб икки марта суғорилади. Сизот суви чуқур жойлашган бўз тупроқли ерларда қишга яқин ва кўкламда экилган пиёзни ўсув даврида 11–13, сизот суви яқин жойлашган майдонларда эса 7–9 марта суғориш керак. Суғориш меъёри: 350–400 м3/га.

Эртаги муддатда экилган оқбош карам майдонлари тупроқ тури ҳамда ер ости сувлари чуқурлигига мувофиқ ҳар 8–10 кун оралатиб 550–600 м3/га меъёрда суғорилади. Ҳар иккинчи суғоришдан сўнг қатор ораларига КРН-2,8А русумли агрегат билан ишлов бериш ҳосилнинг ўз вақтида етилишини таъминлайди.

Эртаги муддатда экилган илдизмевали сабзавотлар ўсув даврида сувга ҳар хил миқдорда талабчан бўлади. Уруғнинг униб чиқиши, шунингдек, баргнинг жадал суратда ўсиши ва ҳосил тўплаши даврида бу талабчанлик ошади. Илдизмеваси етилган вақтда экин ҳаддан кўп суғориш меванинг сақланиш сифатини пасайтириши билан бирга пиёзбошларнинг ёрилишига ҳам сабабчи бўлиши мумкин.

Тўқсонбости муддатда ва эрта баҳорда экилган илдизмевали сабзавотлар апрель ойининг иккинчи ярмидан бошлаб суғорилади. Дастлабки даврда экин ҳар 12–15, майнинг иккинчи ўн кунлигидан бошлаб, яъни илдизмевалар жадал катталашаётганда ҳар 7–8 кунда суғорилади. Суғориш меъёри: сизот суви чуқур жойлашган ерларда эртаги сабзи ва ош лавлаги ўсув даврида 550–600 м3/га ҳисобида 8, суви юза жойлашган далаларда эса 5–6 марта.

Сабзи тупроқ унумдорлигига анча талабчан ҳисобланади, ўсимлик учун озиқа етарли миқдорда берилганда юқори ҳосил олиш имкони ортади. Озиқлантиришда фосфор ўғитни умумий миқдорининг 75 фоизи, калийнинг ҳаммаси ҳайдов даврида, фосфорнинг қолган қисми ерни бороналаб, эгат олишда берилади. Азотли ўғит ўсимлик вегетация даврида озиқлантиришда иккига бўлиб берилади. Биринчиси ўтоқ қилиниб, ўсимликлар сийраклаштирилгандан сўнг, иккинчиси эса 2–3 тадан чинбарг пайдо бўлганда солинади. Ўғитлар қатор ораларига ўсимликка яқинроқ қилиб берилиши мақсадга мувофиқ.

Эртаги муддатда экилган картошкадан юқори ҳосил олишда ўсимлик ўсув даври давомида 450–600 м3 ҳисобида ўтлоқи тупроқли майдонларда 4–6 маротаба, бўз тупроқли майдонларда эса 5–7 маротаба суғориш тавсия этилади. Ҳар икки суғориш оралиғида қатор оралари ўсимлик шоналагунча 10–12 см чуқурликда тадбир КРН-2,8А, КОН-2,8А, КХО-4 русумли культиватор билан юмшатилади.

Картошкани озиқлантиришда бўз тупроқларга гектарига соф ҳолда 220 кг азот, 170 кг фосфор, 115 кг калий, ўтлоқи, ўтлоқи ботқоқ ерларда етиштирилганда эса 180 кг азот, 150 кг фосфор, 100 кг калий бериш тавсия этилади. Бунда 70–75% фосфорли, калийнинг барчаси кузда ерни экишга тайёрлаганда берилади. Қолган 25% фосфор, 20–25% азот билан экиш эгатлари олишда экиш билан беришни тавсия этамиз. Азотнинг қолган 30–35%, туганаклар тўлиқ униб чиққанда, 50% эса қийғос шоналашда берган маъқул.

Помидор, ширин қалампир ва бақлажон асосан кўчати билан экилиши сабабли ушбу экинлардан кўзланган юқори ҳосил олишда албатта уларни кўчатларини кўчатхоналарда сифатли тайёрлашга катта эътибор қаратиш лозим. Етиштирилаётган кўчатларни ташқи муҳит шароитига чиниқтириш мақсадида, кўчат очиқ далага экишдан 6–8 кун олдин кўчатхона эшик ва дарчаларни вақти-вақти билан очиб туриш лозим. Бунда кўчатхона ҳаво ҳарорати ташқи муҳит билан тенглашиб кўчатлар очиқ майдон ҳавосига мослашади.

Очиқ майдонга экиш учун помидор, ширин қалампир ва бақлажонни илдиз қисми яхши ривожланган, бўйи 15–18 см, 5–7 та баргли, 40–45 кунлик, турли касалликлардан ҳоли кўчатлар танлаб олинади. Ушбу сифатли кўчатлар республикамизнинг жанубий вилоятларда эртаги навлар мартнинг III ўн кунлигида, ўрта ва кечпишар навлар эса апрелнинг I–II ўн кунлигида экилади. Марказий минтақада жойлашган вилоятларида эртапишар навларни апрелнинг I–II ўн кунлигида, ўрта ва кечпишарларни эса апрелни II-ярмидан бошлаб май ойининг I ярмигача, шимолий минтақаларда эса эртапишар навлар кўчати апрелнинг II ўн кунлигида, ўрта ва кечпишарлари апрелнинг III ўн кунлиги ва майнинг I ўн кунлигида экиш мақбул муддат ҳисобланади.

Помидорнинг эртапишар ва ўртапишар навлари кўчати у қадар нишаб бўлмаган далаларда 70х25(30) см, текис майдонларда 90х25(30) см, узун палакли навлар 90х40 см, (140+70)х25см, ширин қалампир 70х30 см ёки 90х25 см, бақлажон 70х30(40) см ёки 90х25(30) см схемаларда экилади. Кўчатлар очиқ майдонга экилгандан сўнг албатта суғориш зарур.

Экилган кўчатлар тўлиқ тутиб олгандан 10–12 кун ўтгач, уларга биринчи ишлов берилади. Бунда қатор оралари КРН-2,8А, КХО-4, КОН-2,8А русумли агрегатлар билан 12–14 см чуқурликда юмшатилади. Ўсимликлар атрофи ҳам енгил юмшатилиб ва минерал озиқалар солингач суғорилади.

Биринчи ишлов ва суғоришдан 13–15 кун ўтгач яна суғорилади ва тупроққа ишлов бериш имконияти бўлиши билан иккинчи ишлов тадбирлари ўтказилади. Бунда қатор оралари культиватор билан 15–16 см чуқурликда юмшатилиб, ўсимликлар атрофидаги бегона ўтларни йўқатиш учун яхшилаб чопиқ қилинади.

Ушбу сабзавот экинлари сувга талабчан ҳисобланади. Уларни ўсув даври давомида сизот суви чуқур жойлашган ерларда ҳар бир суғоришда 500–600 м3/га ҳисобида 18–20 маротаба, сизот суви юза жойлашган ўтлоқи ва ўтлоқи-ботқоқ тупроқли майдонлар 600–800 м3/га ҳисобида 12–15 марта суғорилади. Сизот суви чуқур жойлашган ерларда ҳосил етилгунча ҳар 8–12, ҳосил ёппасига пишиш арафасида 5–7 кунда суғорилади. Помидор мевалари қийғос пишган даврида ёрилиб кетмасилиги учун ҳосил териб олингандан сўнг суғориш тавсия этилади.

Ушбу томатдош сабзавотлар тупроқ унумдорлигига анча талабчан бўлиб, кўзланган юқори ҳосил олиш учун учун бўз тупроқли майдонларда 25–30 т/га гўнг берилганда экинни 180–200 кг азотли, 140–160 кг фосфорли ва 100 кг калийли ўғитлар билан, ўтлоқи тупроқли майдонларга эса 140–150 кг азотли, 100–120 кг фосфорли ҳамда 80–100 кг калийли ўғитлари билан озиқлантириш лозим.

Ўғитлаш тадбирида жами органик ўғит (гўнг) ва фосфорли ўғитнинг 75 фоизи ҳамда калий ўғитининг тенг ярми кузги шудгорлашдан олдин солинади. Кўчатларни экишдан аввал фосфорли ўғитнинг қолган қисми ва азотли ўғитнинг 20 фоизи ҳамда азотли ўғитнинг қолган 80 фоизи иккига тенг бўлиниб, биринчи қисмини кўчатлар тутиб олгандан кейин, қолган қисмини эса калий ўғитининг қолган қисми билан аралаштирилиб ўсимликлар мева тугиш даврида солинади.

Ушбу ойда кўчати билан экилдаган яна бир сабзавот бу оқбош карам бўлиб, кўчатхонларда тайёрланган ўртаги (муддат) оқбош карам кўчатлари жанубий минтақаларда 10–20 май, марказий минтақаларда 15 апрелдан 1 майгача ва шимолий минтақаларда 1–15 апрелда экилади. Кўчатлар 70х35(40) см схемада экилади. Кўчатларни экиб бўлгач тўлиқ тутиб олишини таъминлаш учун суғориш тадбири амалага оширилади.

Экиш учун оқбош карамнинг ўртапишар “Тошкент–10”, “Саратони” ҳамда “Термез–2500” навлари тавсия этилади.

Оқбош карам кўчатлари тўлиқ тутиб олганидан 16–18 кун ўтгач ўсимликларга комплекс ишлов берилади, бунда ўсимлик қатор оралари КРН-2,8А русумли агрегат ёрдамида 15–16 см чуқурликда юмшатилади. Ўсимлик оралари қўлда енгил чопиқ қилиниб, бегона ўтлардан тозалангач, суғорилади. Юмшатиш билан бирга ўсимлик минерал ўғитлар билан озиқлантирилади. Ўғитлаш тадбирида бир гектар майдонга 20–25 тонна гўнг, соф ҳолда 150 кг азот, 100 кг фосфор, 50 кг калий берилиши керак. Фосфорли ўғитларнинг 70–75 ва калийнинг 50 фоизи ерга асосий ишлов пайтида берилади. Фосфорнинг қолган қисми ва азотнинг 50 фоизи биринчи ишлов пайтида, азот ва калийнинг қолган қисми карам бош ўрай бошланганда берилади.

Уруғи билан экиладиган бодринг экининг сара уруғлари жанубий минтақаларда 1–15, марказий минтақада жойлашган вилоятларда 10–20, шимолий минтақаларида эса 20–30 апрелда экилади. Саралаб олинган сифатли уруғлар катта майдонларга СБУ-2,4А сеялкасида, кичик майдонларга қўл кучи ёрдамида 70х30 см, 90х20 см схемада, 4–5 см чуқурликка экилади. Уруғ сарфи: 4–5 кг/га. Бодрингнинг маҳаллий “Ранний–645”, “Ўзбекский–740”, “Зилол”, “Наврўз” навлари ва бошқа нав ҳамда дурагайларни экиш тавсия этилади.

Уруғлар экилгандан сўнг ўсимлик ниҳоллари уруғ палла чиқарганда биринчи, битта чинбарг даврига киргандан кейин эса иккинчи марта яганалаш тадбирлари ўтказилади.

Ўсимлик қатор ораларига КРН-2,8А, КОН-2,8, КХО-4 русумли агрегатлар билан 15–16 см чуқурликда ишлов бериб, ўсимлик атрофини мунтазам юмшатиб, озиқлантириб борилади. Ушбу экин сувга анча талабчан экин бўлиб юқори ҳосилни ассосий омили вақтида ва меъёрида суғориш ҳисобланади. Баҳорда экилган бодрингнинг ҳосил тўплаш ва ўсув даври одатда кечкисига қараганда узоқроқ давом этади. Экиннинг найчалаш – ҳосил тўплаш даври ёзнинг иссиқ пайтига тўғри келади. Ҳар қайси фазада ҳар хил миқдорда сув талаб қилиши, ҳарорат шароитини эътиборга олиб сизот суви чуқур жойлашган ерларда кўкламда экилган бодринг ҳар 7–8 кунда суғориб турилади. Ҳосил тўплаш даври бошланиши биланоқ экин тез-тез, ёппасига ҳосилга кирганда эса ҳар қайси теримдан кейин, яъни камида 2–3 кун оралатиб суғорилади. Ана шундай қилинганда сизот суви чуқур участкаларда эртаги бодрингга ўсув даврида 16–18, юза ерларда эса камроқ, 9–11 марта сув берилади.

Вегетация мобайнида ҳар икки-уч суғоришдан кейин қатор оралари 15–16 см чуқурликда юмшатиб турилади.

Бодрингдан мўл ҳосил етиштиришда гектарига 20 тонна гўнг, соф ҳолда 180 кг азот, 100 кг фосфор ва 75 кг калий ўғити бериш тавсия этилади. Ерга асосий ишлов берилганда органик ўғитнинг ҳаммаси, фосфор ва калийнинг 75 фоизи солинади. Биринчи озиқлантиришда фосфор ва калийнинг қолган қисми, азотнинг тег ярми, иккинчи озиқлантиришда азотли ўғитнинг қолган қисми берилади.

Иссиқа талабчан экинлардан полиз экинлари уруғлари республиканинг марказий минтақасида жойлашган вилоятларда эртаги навлари 15 апрелгача, ўртагиси 20 апрелдан 10 майгача, кечкиси 15 майдан 10 июнгача, жанубий вилоятларда эртаги навлар 10 апрелгача, ўртагиси 10–20 апрелда, кечкилари эса 10–20 июнда экилади. Шимолий минтақаларда эртаги навларни 20 апрелгача, ўртагисини 25 апрелдан 10 майгача, кечкисини 20–30 майда экиш тавсия этилади.

Қовуннинг эртапишар “Роҳат”, ўртапишар “Суюнчи–2”, “Олтин водий”, “Лаззатли”, “Оби новвот”, “Гурвак”, “Бўри калла”, кечпишар “Тўёна”, “Гурлан”, “Гулоби Хоразмий”, “Зар гулоби”, “Саховат”, тарвузнинг эртапишар “Ўринбой”, “Ширин”, “Манзур”, F1 “Крисби”, “Кримстар” ва ўрта эртапишар “Сурхон тонги” каби нав­ларини экиш тавсия этилади.

Тарвуз ва қовун экиш режалаштирилган майдонлар кузда 35–40 см чуқурликкача шудгор қилинади. Ҳайдаш олдидан маъданли ўғитларни солиш ҳосилдорликнинг ошишини таъминлайди.

Баҳорда тупроқда намни сақлаб қолиш учун дала тишли бороналар билан бороналанади, экиш олдидан эса чизелланади.

Баҳорда кунлари исиши билан, тупроқ ҳарорати 14–15оС га етганда полиз экинлари уруғини экишга киришилади. Қатор оралари 210–280 см. ли кенг эгат олинади. Бу полиз экинлари қатор ораларига тўрт ғилдиракли тракторлар билан ишлов бериш имконини беради. Экиш шакли қовун учун (210+70):2х70, тарвуз учун (270+90) ):2х70 см. Уруғлар 3–6 см чуқурлика экилади. Майда уруғли қовун ва тарвузларни экиш учун гектарига 4 кг, йирик уруғли тарвузларни экиш учун 5–6 кг уруғ сарфланади.

Ўсимликларни яганалаш, тупроқни юмшатиш, экинни озиқлантириш, чопиқ қилиш, суғориш, палакларни тўғрилаш, бегона ўтлар ва зараркунандаларга қарши кураш ишлари ўз вақтида маромига етказиб бажарилса, ҳосил янада мўл бўлади.

Ушбу экинларни яганалаш ишлари икки босқичда амалга оширилади – биринчиси ўсимлик чинбарг чиқарганда ва биринчи чопиқ вақтида ўтказилади. Ниҳоллар ялпи униб чиқиши билан қатор оралари юмшатишга киришилади.

Р.Хакимов, қ.х.ф.н.,

Ф.Расулов, к.и.х., (СПЭваКИТИ)

Дўстларингизга ҳам улашинг!