Арча унсимон қурти ва унга қарши кураш чоралари

Хўш, нега арчаларни асрашимиз керак? Сабаби игна баргли дарахтлар туркумига кирувчи арчалар нафақат ис газини қабул қилиб, тоза кислородга айлантиради. Балки, ҳаво таркибидаги кўплаб касаллик тарқатувчи микробларни зарарсизлантирувчи фитонсид моддалар ажратиши билан ҳам аҳамиятлидир. Маълумотларга қараганда, 100 минг кишилик шаҳар аҳолисининг фитонсид моддаларга бўлган эҳтиёжини бир гектар майдондаги игна баргли дарахтлар қоплаши мумкин. Мана шунинг учун ҳам уларни асраш лозим. Аммо сўнгги пайтларда “Арча унсимон” қурти игнабаргли дарахтларга зиён етказмоқда. Натижада уларнинг қуриш ҳоллари ҳам кузатилмоқда.

Арча унсимон зараркунандасининг личинка ва урғочилари арчанинг новдалари ва баргларини сўриб зарар етказади. Унинг личинка ва урғочилари барча ер устки қисмлари билан озиқланади. Айниқса, барглар кучли даражада зарарланади. Ушбу ҳашарот хаёти давомида дарахт танасидаги суюқликни сўриб озиқланиши ва ўзидан суюқлик чиқариши натижасида дарахтнинг ривожланиши учун зарур бўладиган фотосинтез жараёнини бузилиши, ҳамда дарахтнинг касалликларга чалиниши ва совуқ ҳароратга чидамлилиги пасайиб игна барглари қорайиб қуриш ҳолатлари кузатилди. Унсимон қуртнинг катталиги 2-3 мм бўлиб ранги сарғиш, қизғиш, кулранг тусда бўлади. Етук самец (эркак) зотлари март ойи охирида, самка (урғочи зот)лари апрель бошларида чиқиши кузатилган. Уларнинг тухум қўйиши май ойи давомида ва июнь бошларигача давом этиб 209-425 та ўртача 280 тагача тухум қўяди. Иккинчи авлодининг личинкалари май ойи ўрталарида пайдо бўлиб, июнь ойининг ўрталаригача давом этади. Икки авлоднинг етук зотлари август ойида кузатилади. Кўпгина ҳолатларда шаҳар шароитида бу зараркунанданинг ривожланиши дала шароитидагига нисбатан 1 ой эртароқ бошланиши кузатилади. Шуни ва баҳор яқинлашаётганлигини ҳисобга олиб, унга қарши кураш тадбирларини вақтида ўтказишучун тайёргарлик кўриш лозим.

Бу зараркунандага қарши кураш ишларида қуйидаги тадбирларни амалга ошириш зарур:

Зараркунанда тарқалган жойлар ва ҳудудлар аниқланиши ҳамда бу жойлардан арча кўчатларини бошқа жойларга юборилишини қаътиян таъқиқлаш;

Туман қишлоқ хўжалиги бўлимининг ўрмончилик ташкилоти, ўсимликларни химоя қилиш марказлари, ҳудудлардаги кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш бўлимлари хамда тумандаги маиший ва хўжалик идоралари томонидан тезкор равишда зараркунанда таркалган ҳудудларни аниқлаш ва унга қарши кураш чораларини қўллаш;

Зараркунандага қарши курашда унинг тухумдан личинка очиб чиқиш даврида кимёвий препаратларни қўллаш юқори самара беришини инобатга олиб кимёвий ишловларни шу даврларда бошлаш;

Зараркунанда билан жиддий шикастланиб қуриш ҳолатига келиб қолган дарахтларни кесиб унсимон қурт кенг тарқалмаслиги учун уларни ўша жойнинг ўзида ёқиб йўқотиш шарт.

Зараркунанданинг табиий кушандаларини аниқлаш ва самарали энтомофаглари юзасидан илмий тадқиқот ишларини амалга ошириш.

Агротехник тадбирларни ўз вақтида ва тўлиқ бажариш лозим.

Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси. Қува туман бўлими ўсимликлар карантини инспектори  Матлуба Шарипова