Ишчи асалари аслида яхши ривожланмаган урғочи аридир. Жинсий органлари деградацияга учрагани сабабли у тухум қўя олмайди, айни пайтда оналик инстинктни сақлаб қолган – у ғумбакларга ғамхўрлик қилади.
Ишчи асаларилар уяга асал, гул чанги аралашмаси ва сув олиб келади, улар айни пайтда кўплаб зарур вазифаларни бажаради. Улар ўз танасидан мум ишлаб чиқаради, буни ари қорни айланалари орасидаги қатламлар ёрдамида ҳосил қилади. Ушбу мумдан асаларилар мумкатаклар қуради. Шунингдек, улар она асалари личинкалари ва ариларнинг ўзини боқиш учун она асалари сутини ишлаб чиқаради. Бундан ташқари асаларилар уяни иситиш учун тешикларни алоҳида модда – прополис ёрдамида беркитиб чиқади.
Ишчи асаларилар турли вазифаларни бажаради – ҳимоячи асаларилар бор, улар уянинг кўзи олдида бўлиб, ўзга ариларни киритмайди, она асаларини парвариш қиладиган арилар, қурувчи арилар, разведкачи арилар ва шира йиғувчи арилар бор. Оила эҳтиёжларидан келиб чиқиб, асаларилар тезкорлик билан битта вазифадан иккинчисига ўта олади.
Асаларилар оиласи уюшқоқлиги, хатти¬ҳаракатлари мослашганлиги билан ажралиб туради. Бунинг учун улар иккита асосий механизмга эга. Биринчидан, ҳидлар фавқулодда аҳамиятга эга. Ҳар бир оила бетакрор ҳидга эга бўлиб, унинг ёрдамида асаларилар бир¬бирини таниб олади. Бу ҳид уяга кириш учун рухсатнома вазифасини ўтайди, уни сездириб, арилар уясига киради. Шунингдек ҳидлардан асаларилар она асаларининг аҳволи қандайлигини, оиласидаги аҳволдан хабар топади. Зеро бу нарсалар нормал турмуш кечириш учун зарур бўлиши мумкин. Ҳаракатларни мувофиқлаштириш бўйича иккинчи муҳим механизм уларнинг рақс тушишида ифодаланади. Разведкачи арилар алоҳида ҳаракатлар ёрдамида бошқа ариларга ширали ўсимликлар жойлашган жой, унгача бўлган масофа ва ҳатто мавжуд ширанинг тахминий ҳажми ҳақида хабар беради.
Манба: «Асаларичилик – бошловчи асаларичилар учун»





















