Атиргул ўстириш бўйича тавсиялар

Атиргулларни экишнинг энг мақбул пайти баҳор фаслидир. Экиш олдидан атиргулнинг илдизлари текшириб чиқилади, синган ва титилган илдизлар кесиб ташланади. Қолган соғлом илдизлар эса лой ва қорамол аҳлатидан тайёрланган аталага ботириб олинади. Гул кўчатини экиш учун эни 30х30 см, чуқурлиги 30 см катталикдаги чуқур қазилади. Кўчат ўтқазишдан олдин бу чуқур сув билан тўлдирилади. Туплар кўчатзордаги ҳолатидан бир оз чуқурроқ (3-4см) қилиб, пайванд қилинган тарафини кун чиқиш томонга қаратиб ўтқазилади. Пайванд бўлган жойи ер юзасидан 45-50 см тепада бўлиши лозим. Нам кўтарилиб кетмаслиги учун айлана ариқ бетига 3-4 см қалинликда қипиқ ёки янги от гўнги сепиб қўйилади. Узун шохлари қирқиб, калта қилинади. Қирқишда янги новдалар ҳосил бўлиши учун тўртғолти куртак қолдирилиши керак. Ўсимлик ўтқазиладиган куни ҳар бир чуқурга 6-8 кг ҳисобидан чириган гўнг тупроққа аралаштирилиб солинади. Агротехника тадбирлари тўғри олиб борилганда ўсимлик тупидан 8-12 донагача гул олиш мумкин.

Суғоришда атиргул униб чиққандан кейин ер чала, яъни ҳар 10 кунда 2-3 маротаба суғорилади. Пайванд қилингандан сўнг тагидан нам кетмаслиги керак. Кейин кўчат ҳафта давомида 1 марта суғорилиб турилади.
Атиргул кўчатлари асосан маҳаллий ўғитлар билан озиқлантирилади.
Ишлов бериш ишлари суғорилгандан 2-4 кундан сўнг бажарилади. Тупроқни юмшатиш дастлабки йиллари 3-4 маротаба амалга оширилади. Қатор оралари қўл кучи билан 10-15 см чуқурликда чопиқ қилинади ва бегона ўтдан тозаланади.
Атиргул асосан эрта баҳорда буталанади. Буталган шохлар ёз бўйи келгуси йил учун ўринбосар новдалар чиқаради. Гуллайдиган атиргуллар калта қолдириб буталади. Ер музлашдан бир неча кун илгари атиргул тупларидаги барглар батамом тушади. Ортиқча новдалар олиб ташланади.
Туп бўғизи атрофига 40-50 см баландликда тупроқ ўйилади. Шу тарзда атиргуллар қишлайди. Эрта баҳорда куртаклар бўртмасдан олдин бўғиз атрофидан тупроқ олинади, усти очилади, илдиз бўғизи тозаланади.
Шикастланган ва синган, учларини совуқ урган новдалар қирқиб ташланади.Ширага қарши 20 г анабазин ёки никотин сульфатни ёхуд 50 г яшил совунни 10 л сувга қўшиб тайёрланган эритма пуркалади. Ўргимчакканага қарши тиофос эритмаси пуркалади. Бу эритма 10 л сувга 5-6 г тиофос солиб тайёрланади. Ун-шудринг касаллигига қарши 10 л сувга 20 г тўтиёйи ва 200 г яшил совун қўшиб тайёрланган эритма ишлатилади. Атиргулнинг занг касаллигига мойиллиги кучли. Унга қарши олтингугурт сепилади.
Манба: «Боғбоннома», Ҳусайн Каримов, Ҳамро Ортиқов agronet.uz

Дўстларингизга ҳам улашинг!