Июль ойидаги аномал иссиқ ҳарорат, сув танқислиги, ўргимчаккана ва кўсак қуртининг кескин кўпайиб кетиши пахтакор фермерларни жиддий синовдан ўтказди. Бу эса ғўза парваришида август ойида бажариладиган тадбирларнинг аҳамиятини янада оширди.
Негаки, чигит экиш ишлари мақбул муддатларда ўтказилгани, май ойининг нисбатан салқин келиши, июнь ва июль ойлари иссиқ жазирама билан илиқ об-ҳаво алмашиниб туриши натижасида республикамиз далаларида ғўзада мўл ҳосил тўпланишига
шароит яратилди. Натижада июль ойи бошларидан далаларда ҳар туп ғўзада 1-3 донагача кўсак, 15-20 донагача гул ва шона каби ҳосил элементлари шаклланди. Лекин бундай об-ҳаво шира, трипс, ўргимчаккана ва кўсак қурти каби хавфли зараркунанда ҳашаротларнинг кўпайиб кетишига ҳам олиб келди. Айниқса, сув етишмаслиги ғўза далаларидаги ҳосилга салбий таъсири кузатила бошлади. Хўш, шундай шароитда
пахта ҳосилини сақлаш ва кўпайтириш учун август ойида қандай юмушларни амалга ошириш керак?
Булар ғўза қатор ораларига ишлов бериш, суғориш, бегона ўт ва зараркунанда ҳашаротларга қарши кураш ишларини сифатли ва ўз муддатида бажарилишини тақозо этади. Яъни, пахта ҳосилининг мўл ва эртаги муддатларда пишиб етилиши, унинг сифати юқори бўлиши айни шу ойда қилинадиган меҳнат натижаси билан ўлчанади.
Шу сабабли август ойида ғўза агротехникаси юқори талабларга мувофиқ бажарилса, унинг ривожи тезлашиб, кўсакларга янги-янги кўсаклар қўшилади, унинг салмоғи ҳам
ошади, толаси ҳам пишиқ бўлиб етилади. Ушбу масъулиятли ойда барча пахтакор деҳқонларнинг, мутахассис ва масъулларнинг ўрни далада бўлиши, айниқса сувчи, механизатор, агроном ва энтомологлар ўз ишига ўта жиддий ёндашмоғи даркор.
Бу ойда ғўзани қондириб суғориш, тупроқни жуда оби-тобида культивация қилиш, ғўза қатор орасини майин юмшатиш, зарарли ҳашаротлардан кўсак қурти, ўргимчаккана, беда қандаласи, қора шира кабиларнинг хуружидан ишончли ҳимоя қилиш, вилт ва бошқа хавфли касалликларга қарши чоралар кўриш талаб этилади.
Август ойида ғўза қатор ораларида кеч ёзги ва кузги бегона ўтлар шўра, итузум, қўй печак, ғумай ва бошқалар зўр бериб ўсиши пахта ҳосилини камайтиради, зарарли
ҳашаротлар кўпайиши ва яхши қишловга киришига олиб келади.
Суғориш сувларидан ва маҳаллий ўғитлардан самарали фойдаланиш (70% чириган гўнг) ҳам жуда муҳим бўлиб, бунда суғориш шарбат усулида олиб борилса, намлик узоқроқ сақланади, суғоришлар оралиғи узаяди, ғўза тез чанқаб қолмайди, ҳосил элементларини камроқ тўкади, ёш тугунчалар тезроқ кўсакка айланади, янги кўсаклар кўпроқ пайдо бўлади.
Шу ойнинг бошларида ривожи кечроқ бўлган далалардаги ғўзаларни чилпиш ишларини якунига етказиш лозим. Шу йўл билан кечки далаларда ҳам пахта эрта пишиб етилиши таъминланади, ҳосили ҳам баракали бўлади.
Бу ойда кўпгина далаларда ғўза ғовлай бошлайди, ҳосилини тўкади, баравж, кўм-кўк, сербарг бўлиб қолади, бу эса кўсак қуртининг ҳаддан зиёд кўпайишига олиб келади. Ушбу муаммони бартараф этишда ҳам кимёвий препаратлардан фойдаланиб
чилпиш ўтказишнинг самараси катта.
Шунда ғўза қисқа бўғин бўлиб ўсади, ҳосил нишоналари кўпаяди, ғўза қатор орасида ҳаво яхши айланиб, пишиб етилиши тезлашиб, касаллик ва ҳашаротлар кўпайишига ноқулай шароит юзага келади.
Айниқса, август ойида ғўзани оби-тобида суғориш жуда муҳимдир. Яъни, ғўзани чўллатиб ҳам кўллатиб ҳам суғориш мутлақо ярамайди.
Шу кунларда ғўзани тунги суғориш жуда яхши самара беради, лекин бу пайтда сувни назоратсиз қолдириш ярамайди, исрофгарчиликка йўл қўйиб бўлмайди.
Агар сув тақчил жойларда ғўза қаттиқ чанқатиб қўйилса, жуда кўп гул ва тугунчаларни тўкади, кўсаклари кичрайиб, вазни 1-2 г камайиб кетади, толаси яхши етилмайди,
чигити пуч бўлиб қолади, оқибатда ҳосил салмоғи пасайиб кетади. Борди-ю, далалар кўллатиб узоқ суғорилса, ғўза бўйига зўр бериб ўсади, бачкилайди ва ғовлаб кетади, ҳосилини тўкади, намлик кўпайиб турли замбуруғлар авж олади, натижада
пастдаги кўсаклари чириб, қорайиб қолади, сифати пасаяди.
Ғўзанинг сувга келганини деҳқонларимиз оқ гули тепага чиқиб кетишидан ва ғўза ранги тўқ тусга киришидан билишади.
Турли вилоятларда ғўза навларининг хусусиятларидан келиб чиқиб, суғориш меъёри гуллаш-ҳосил тўплаш даврида гектарига 900-1100, пишиш даврида 700-800 кубометрни ташкил этиши тавсия этилади.
Ғўзанинг ҳосил тўплаш даврида суғориш муддатлари кечикиши ҳисобига 6-7 ц/га ҳосил йўқотилади, тез-тез суғориш ҳам зарарли бўлиб намлик ортиб кетишидан ҳосилга салбий таъсир кўрсатади.
Август ойида ғўза қатор орасини юмшатиш ишларини давом эттириш, ғўза туплари орасида ҳаво алмашинувини яхшилайди, кўсакларга иссиқ ҳаво ва шамол тегиб, тез етилади.
Агар қатор ораларида ғўза туплари туташиб-бирлашиб кетмаган бўлса, бундай далалар 1-2 марта культивация қилиниши мумкин. Культивация шундай ўтказилиши керакки, ғўза тупларига зиён етказмасин, кўсакларни тўкмасин.
Агар культивация кечиктириб ўтказилса, ёки қатор ораси юмшатилмай қолиб кетса, жўяклар қуриб, юзаси ёрилади, ғўза илдизлари шикастланади, вилт касали
кўпаяди, тупроқдаги намлик тезда йўқотилади, бегона ўтлар ўсиб кетади, ҳосил элементлари тезда тўкилиб, ҳосилдорлик 15-25% пасаяди, бир сўз билан айтганда
культивация оби-тобидан 1-2 кунга кечикса 1-2 ц/га, 2-3 кунга кечиктирилса, 3-4 ц/га ва шу тарзда ҳосил камайиб кетаверади.
Шу даврда культивацияни чуқур ўтказиш ҳам шарт эмас, яъни культивация юзароқ ўтказилиши лозим.
Юза культивация далани машина теримига яхши тайёрлаш имконини бериб, пахта териш машиналарининг бир текис юришини таъминлайди.
Қатор оралиғи 60 см ва қўшқатор қилиб экилган майдонлардаги ғўза шохлари бир бири билан туташгандан сўнг, культивация ўтказилмайди.
Шу даврда кундузлари ҳаво иссиқ ва қуруқ бўлса-да, тунлари анча салқин бўлиши кузатилади. Бундай шароитда кўсак қурти, ўргимчаккана, беда қандаласи, қора шира каби зараркунандалар тезда кўпайиб, зарар етказиш даражаси ортиб боради.
Шу сабабали зарарли ҳашаратларга қарши курашни янада кучайтириш зарур. Чунки озгина эътиборсизлик тўпланган ҳосилнинг 30-40 фоизи бой берилиши мумкин.
Зараркунандаларга қарши курашишда Ўсимликларни ҳимоя қилиш илмий-тадқиқот институти олимлари тавсиясига асосан, биологик кураш усулидан фойдаланиш, биопрепаратларни қўллаш зарурияти туғилганда, ҳашаротлар сони иқтисодий
зарар етказиш мезонидан ортиб кетганда кимёвий воситаларни қўллашга рухсат бериш мумкин.
Кўсак қурти капалаклари уча бошлагандан ва феромон тутқичларга туша бошлагандан аввал гектарига 1-2 граммдан трихограмма тарқатиш, 3-4 кун оралатиб уч маротаба
(биринчиси 1:10, иккинчиси 1:5 ва учинчиси 1:10 нисбатда ) 1000-2000 донадан бракон учирилиши лозим.
Ўргимчаккана тарқалган ерларда акарицидлар билан тизимли равишда ишлов берилиши, препаратлардан Ниссоран, Энтосоран, Узмайт, Энтомайт ва бошқалар қўлланилиши, уларни тезда бартараф этади.
Агар эътиборсизлик қилинса, тезда зарур чоралар кўрилмаса, ўргимчаккана қисқа муддатда бутун даладаги ҳосилга жиддий зиён етказиб, ҳосилнинг нобуд бўлишига олиб келади.
Ғўзани август ойида парваришлашда ўтказиладиган агротехник тадбир пахтани машина теримига мос қилиб етиштиришга имкон беради. Тавсия этилган ишларни тўлиқ ва маромида бажарилмасликка мутлоқо йўл қўйиб бўлмайди, чунки ҳосил
тақдири шу ишларга боғлиқлигини ҳеч қачон ёддан чиқармаслик керак.
Бу жараёнда соҳа мутахассислари, фермер хўжалиги раҳбарлари, сувчилар механизаторлар, энтомолог агрономлар масъулият билан ишга ёндошишлари керак. Қолаверса, доимий эътибор, уюшқоқлик ва бирдамлик ҳам ўта муҳимдир. Бепарволик ва бефарқлик фақат зарар келтиради. Айниқса, ҳосил тақдири ҳал қилинадиган шу кунларда август ойининг ҳар бир дақиқасини ғанимат билиб, буни яхши англаган пахтачилик кластерлари миришкор деҳқон ва фермерлари ҳосил салмоғи ва сифатини оширади, пировардида кузда юзлари ёруғ, хирмонлари баланд, даромадлари баракали бўлади.
Шуҳрат АБДУАЛИМОВ, қ.х.ф.д., проф., Феруза ҲАСАНОВА, қ.х.ф.н., проф. ПСУЕАИТИ лаборатория мудирлари.
Манба: Манба: «O‘ZBEKISTON QISHLOQ VA SUV XO‘JALIGI» аграр-иқтисодий, илмий-оммабоп журнал. 2021 йил, №8. Август



















