Баҳона эмас, хоҳиш бўлса бас!

Зарафшон — Навои вилоятининг саноати жадал ривожланган ҳудудларидан бири саналади. Шаҳар аҳолиси интилувчан ва изланувчанлиги билан ажралиб туради. Лекин беш қўл баробар бўлмаганидек, шаҳар атрофидаги хонадон ҳамда дала ҳовлиларда томорқачилик ниҳоятда орқада қолганлиги кишини таажжублантиради. Ваҳоланки, албатта бозордан харид қилиш эмас, ўз томорқасида етиштирилган маҳсулотни рўзғорига ишлатиш, ортганини сотувга чиқариш ҳар томонлама фойдали-ку!

Зарафшонликларнинг оддий шу ҳа­қи­қатни анг­лаб етмаётгани, мавжуд имко­ниятлардан етарлича фойдаланмаётгани ки­шини ажаблантиради. Бу ҳақда гап очил­са, шаҳар ҳо­кимияти мутасад­ди­лари сув йўқлиги ва та­биий иқлим шароити оғир­­­лигини баҳона қи­лиш­дан нарига ўтишол­майди. Аслида аҳвол улар айтганчалик аянч­ли эмас. Биргина мисол, автомо­бил­ларга хизмат кўрсатиш ва таъмирлашга их­тисослашган «Аббос» хусусий корхонаси раҳ­бари Азамат Шокиров мижоз­ларга қулайлик яратиш ва ердан унумли фой­да­ланиш мақсадида устахонаси ёнидаги 25 сотих қаровсиз ва ташландиқ ерни ўз­лаштириб, ёнғоқ, олма, ўрик, ги­лос ва бош­қа мевали дарахтлар экди. Ерга иш­лов беришдан тортиб, озиқлантириш, суғориш ишларини оби-тобида олиб борди. Хайрли саъй-ҳаракат­лари натижасида бугун бу ерга кел­ган киши мевали ва ман­за­рали дарахтлар корхона кўркига кўрк қўшиш билан бирга эгасига яхшигина даромад келтираёт­га­ни­нинг гувоҳи бў­лади. Бундан руҳланган Азамат ака яна 3 сотих ерда иссиқхона қуриб, помидор ва лимон етиштиряпти. Баҳона из­ламасдан ер остидан сув чи­қариб, ҳавас қилса ар­зигулик иш­ларни амалга оширяпти.

1 минг 140 та хонадон жой­лаш­ган «Янги Зарафшон» маҳалла­сига қарашли «Ми­раж-1» дала ҳов­лиларида деҳқончилик, боғ­дорчилик ҳамда паррандачилик билан шуғулланиш учун барча им­кониятлар етар­ли. Лекин шун­га қарамасдан айрим аҳоли хо­надонларида бундай ишларга қўл урил­­маган. Маҳалла раиси Т. Косбанбетов би­лан дала ҳов­ли­лардаги аҳволни ўрган­га­ни­миз­да, айрим томорқада боғдор­чилик ва деҳқончилик авжида, бироқ кўплаб ҳовлилар­да экин майдонлари қаровсиз аҳволда эканининг гувоҳи бўлдик. Яна баҳона тайёр: сув йўқ! Айниқса, М. Қўшвақтовнинг дала ҳов­ли­сида умуман қишлоқ хўжалиги экинлари экилмаган. Кўкариб тур­ган узум, ўрик, олма, гилос каби дарахтларга шакл бе­рил­маган. Остини юмшатиш у ёқда тур­син, оқланмаган ҳам. Бир­ни кўриб фикр қил, бирни кўриб зикр қил, де­ган­лари шу бўлса керак-да. Бу каби мисол­ларни кўп­­лаб келтириш мумкин. Шаҳар атрофидаги аҳвол шун­дай бўл­ганидан кейин олис ма­ҳалла­лардаги ҳолатни қан­дай тасав­вур қилиш мумкин? Хўш, сув йўқлигини баҳона қилаётган кўп­чилик хонадон соҳиблари нега парранда боқмаяпти, қуёнчилик ёки куркачилик билан шуғул­лан­маяпти?Қизиқ, рўзғор­ни обод этиш, томор­қадан унумли фой­дала­ниш учун кимнинг­дир қистови ёки маж­бу­рия­ти керакми? Бундай боқимандалик бизни қаер­­га етаклаяпти? Ва­ҳоланки, бир­гина етти ха­зинанинг бири санал­ган паррандачиликни ривожлантириш орқали ҳам аҳоли дастурхо­ни­нинг тўкинлиги, бо­зор­даги нарх-навонинг бар­қарор­ли­гини таъминлаш мум­кин. Бу ким­дир ўргатмаса ҳам бажарила­диган юмуш эмасми, на­ҳотки аҳо­лимиз виждонан ҳис этмаяп­ти бу оддий ҳақиқатни? Мута­сад­дилар ҳам ишёқмас­лар­нинг баҳонасига қўшил­масдан халқи­мизни тадбиркорликка бош­лашининг, ўз аравасини тор­­тиш­га ўргатиш­ининг вақти кел­ма­димикин?!

Дарвоқе, ҳозир томорқада экин экишнинг айни мавсуми. Шуни инобатга олган ҳолда шаҳар ҳо­кимлиги мутасаддилари енгни ши­мариб, халқни уйғотса, бугун­дан тарғи­бот ва тушунтириш иш­ларини бошлаб юбо­ришлари керак! Йўқса, эртага кеч бўлади.

Бахтиёр ТОШНАЗАРОВ,

«Дўстлик байроғи» газетаси мухбири.
Ушбу мақолани дўстларингизга ҳам улашинг!