Баҳор фаслида боғ-токзорларда бажариладиган муҳим агротехник тадбирлар

Жорий йилда ҳам республикамизда қиш илиқ келиб, баҳор барвақт бошланди. Мева дарахтларининг барча турларида гуллаш мавсуми март ойи охиридан тугай бошлади. Ўтган йилда ҳосил мўл бўлганлиги боис жорий йилда уруғ мевали боғларда, айрим майдонларда ҳосил кам бўлиши мумкин. Бу боғдорчиликда “солкашлик” дейилади. Бунда асосан уруғ мевали дарахтларнинг кузги ва қишки навларида келаси йили учун тўлиқ ҳосил куртакларини ташкил қилишга улгурмаслиги сабаб бўлади.

Боғларда гуллаб бўлган мевали дарахтларда шаклланган меваларни сақлаб қолишга ҳаракат қилиш зарур. Бунинг учун боғларда қатор ораларига ишлов бериш, дарахт тагларини юмшатиш, чопиш, бегона ўтлардан тозалаш, суғориш эгатлари олиш ишларини бажариш зарур.

Март ойида боғларда минерал ўғитлар солинган бўлмаса, унда соф ҳолда 100–120 кг азотли, 70–90 кг фосфорли, 45 кг калийли ўғитларни чуқур солиб, кетма-кет суғориш керак.

Боғларда дарахтларда ҳосил ҳаддан кўп шаклланган бўлса, ушбу дарахтларда ҳосилни камайтириш мақсадида “тоқалаш” усули қўлланилади. Ушбу усул олма, нок, ўрик, шафтоли ва олхўри боғларида яхши натижа беради.

Тоқалаш қуйидагича бажарилади: агар бир мева бандида 4–5 дона мева бўлса, улар орасидан нимжон, бир-бирига халақит берадиганлари олиб ташланади, мевалар бир-бирига тегиб қолмаслиги керак. Бунда бир мева бандида 5 та мева бўлса, улардан 2 донасини қолдириб, 3 донаси олиб ташланиши зарур.

Дарахт илдизидан меваларнинг ривожланиши учун етказиб бераётган озиқасини 4–5 та мевага эмас, балки 2 та мевага беради. Натижада мева сифатли ва йирик бўлиб етилади. Ушбу тоқалаш усули тўғри ташкил қилиниб, ўз вақтида ўтказилса мевалар яхши ривожланиб, бир хил шаклда бўлиб, сифатли маҳсулот олишга ҳамда бундай меваларни экспорт қилишга ҳам эришилади.

Боғларда мевали дарахтлар гуллаб бўлгач, сифатли қилиб суғориш зарур.

Бу йил қиш ойларининг илиқ келганлиги боис боғларда турли касалликларнинг эрта ривожланиши кутилмоқда. Шунинг учун дарахтлар гуллаб бўлгач, уларни касалликлардан ҳимоя қилиш мақсадида Бордо суюқлигининг 1 фоизли эритмаси (100 л сувга 1 кг мис купороси ва шунча сўндирилмаган оҳак қўшилади)ни пуркаш зарур. Ушбу тадбирни 8–10 кун оралатиб 1–2 марта қайтариш керак. Бундан ташқари, чуқур таъсир этувчи фунгицидлар ҳам яхши самара беради.

Бунинг учун баҳорда дарахтлар гулдан чиққач, “Топсин-М” (1 л/га) препаратини 0,1 фоизли қилиб сепиш самаралидир. Шунингдек, “Байлетон” (0,2–0,3 л/га), “Фоликур” (0,25 л/га), “Вектра” (0,3 л/га) препаратлари ҳам самара беради.

Уруғ мевали боғларда парша ва манилиоз касалликларига қарши олма, нок ва беҳи дарахтларига Бордо суюқлигининг 1 фоизли эритмаси пуркалади. Бунда дарахтлар жиққа ҳўл бўлиши зарур. Бундан ташқари, “Топсин-М” (100 л сувга 150 г) ёки “Вектра” (100 л сувга 30 г) ёки оҳак-олтингугурт қайнатмаси (ООҚ)нинг 1 градуслиги билан ҳам пуркаш мумкин.

Қулупнайзорларда ҳаво ҳароратининг кўтарилиши, тупроқда намлик меъёрида бўлган вақтда қулупнай қатор оралари культивация қилиниб, туп атрофлари қўлда юмшатилиб, бегона ўтлардан тозаланади. Агар март ойида қулупнайзорга минерал ўғитлар солинмаган бўлса, апрель ойи бошида имкон қадар тезлик билан азотли ва фосфорли ўғит солиш керак. Бунда 50–60 кг соф азот ва 40–50 кг фосфор ҳисобида минерал ўғитлар солиниб, кетидан суғориш лозим. Қулупнай қийғос гуллаш даврида ҳаво ҳарорати ва тупроқ намлигига қараб 1–2 марта суғорилади.

Қорағатзорлар қатор оралари 25–30 см чуқурликда юмшатилиб, гектарига соф ҳолда 120–150 кг азотли, 90–120 кг фосфорли ўғит солиниб, суғорилади. Туп таглари 15–20 см. чуқурликда чопилиб юмшатилади ҳамда бегона ўтлардан тозаланади. Қорағат туплари қийғос гуллаётган вақтда қорағатзор бир марта суғорилади.

Малиназорда эски, нимжон новдалар кесиб ташланиб, қатор оралари 15–20 см, туп оралари 4–5 см чуқурликда юмшатилади. Малина новдалари узун ўсган бўлса, новданинг 150–160 см. дан юқори қисми кесиб ташланади. Малиназорга туп атрофлари юмшатилгач, эрта баҳорда азотли ўғитдан соф ҳолда 50–60 кг солиниб, кетидан суғорилади. Тупроқ намлигига қараб, малиназор апрель ойида 1-2 марта суғорилади.

Агар малина тупи атрофидан янги новдалар чиққан бўлса, улар қазиб олиниб, кўчатларнинг хатоси бор жойга ёки бошқа ерга ўтказиш мумкин.

Токзорларда токлар тупроқ тагидан очилиб, симбағазларга кўтариб боғлангач, қатор оралари 25–30 см чуқурликда ҳайдалиб, туп атрофлари қўлда чопилиб юмшатилади.

Токзорларда касалликлар ривожланишининг олдини олиш мақсадида ток тупларида 2–3 та чинбарг шаклланиши билан оидиум, антракноз ва милдью касалликларига қарши Бордо суюқлигининг 1 фоизли ёки ООҚ (олтингугурт-оҳак қайнатмаси) ишлатилади. Пуркаш муддатлари 2–3 та чинбарг пайдо бўлганда ООҚ билан иккинчи марта 10–12 кундан сўнг Бордо суюқлигининг 1 фоизли эритмаси билан ҳамда 12–15 кундан сўнг олтингугурт билан 1 гектарга 25–30 кг ҳисобида ёки 0,02 фоизли “Фоликур”, 0,03 фоизли “Топаз”, 1 фоизли “Тиавит” билан пуркалади.

Ушбу агротехник тадбирлар ўз вақтида сифатли қилиб бажарилса, боғ-токзорлардан юқори ва сифатли ҳосил олишга эришилади.

Р.Абдуллаев, Х.Абдуллаева. agro.uz

Дўстларингизга ҳам улашинг!
Cart
Your cart is currently empty.