Бақлажон навлари

Бақлажон навлари экологик ва географик жиҳатдан икки: шарқий ва ғарбий гуруҳга бўлинади.
Шарқий гуруҳга мансуб навларининг тупи паст бўйли, сершох бўлиб ўсиши, барглари майда, четлари кесиксиз, тўқ яшиллиги, барг банди ва томирларининг тўқ бинафша тусли бўлиши билан тавсифланади. Меваси майда, ўртача йирик, ноксимон, шарсимон, тўқ бинафша рангли, эти оқ, тиғиз, тахир эмас. Шарқий гуруҳдаги навларнинг кўпчилиги тезпишар бўлади.
Ғарбий гуруҳга кирадиган навларнинг кўпчилиги баланд бўйли, кам шох, барглари
йирик, яшил; барг томирлари яшил ёки оч қўнғир тусли; мевалари ҳар хил шаклда
ва йирикликда, ранги тўқ жигар ранг ёки кулранг яшил; ўртапишар ёки кечпишар
турларга бўлинади.
Бақлажон навлари тупининг шакли ва бўйи, баргларининг йириклиги, шакли, ранги ва тукланганлиги, гули ва мевасининг жойланиши, йириклиги ва рангига ҳамда
этининг қалинлиги, ранги ва мазасига қараб бир-биридан фарқ қилади. Бақлажон ўсиш даврига қараб тезпишар, ўртапишар ва кечпишар навларига бўлинади.
Майсалари кўрингандан кейин; тезпишар навлар 110-120 кунда; ўртапишар навлар 120-140 кунда ва кечпишар навлар 140 кундан кўп муддатда пишади. Ҳосилдорлигига,
курғоқчиликка, замбуруғ касалликларига ва паст ҳароратга чидамлилигига қараб ҳам бақлажон навлари бир-биридан фарқ қилади.

Манба: «БАҚЛАЖОН ЕТИШТИРИШ» Тузувчи: С.С. Алимуҳамедов – Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий тадқиқот институти Ўсимликларни ҳимоя қилиш лабораторияси катта илмий ходими б.ф.н. Лойиҳа ғояси муаллифи ва ташкилотчи: “Агробанк” АТБ

Сайтда имловий ёки услубий хатога кўзингиз тушдими? Хато жумлани белгиланг ва CTRL+ENTER босиш орқали бизга хабар беринг.