Беҳи дарахтларини кесиш ва уларга шакл бериш

Беҳи кучли пайвандтакда ўсадиган ва ўрта ҳолда ўсадиган пайвандтакка улаб ўстирилганда, уларга шакл беришнинг асосий тартиби – бу ярусли (қаватли) қилиб шакллантиришдир. Тўла шакл берилган мева дарахтлари биринчи қаватда 3-4 дона асосий шохга эга бўлиши керак. Уларни шакллантириш билан бир қаторда иккинчи ва учинчи қават шохлари ҳам қолдирилади. Иккинчи қаватнинг биринчи шохи асосий шохларидан 30-40 см, иккинчи шох биринчи шохдан 25-30 см масофада қолдирилади.
3-4 йил шакл берилган ёш дарахтларни кўп буташ тавсия этилмайди. Чунки бу уларнинг ўсишини кучайтириб, ҳосил беришини кечиктириб юборади. Дарахтнинг кўп йиллик шохларини шакллантиришда уларнинг бир-бирига мойиллаштириб буташ керак, ўткир бурчакли бўлиб қолишига йўл қўймаслик лозим.

Дарахт тўла ҳосилга киргач, новдаларнинг ўсиши кескин камаяди ва мева бериш калта шохларига ўтади. Бу даврда ҳосилли шохларнинг ҳаддан ташқари кўпайиб кетишининг
олдини олиш учун пастроқда жойлашган ҳосилли шохга тақаб шох қисқартириб кесилади.

Ўсиш сустлашган чоғда (охирги навдалар 25-30 см дан қисқа бўлса) 3-4 йилда бир маротаба 2-3 йиллик шохларига тақаб шох-шаббаларини яшартириб каллакланади.

Дарахт кесиклари 3 см дан катта бўлса, кесик албатта боғ малҳами (канифоль, асалари муми, ёғ) ёки бўёқ билан бўялади. Бу тадбир дарахтга қорасон касаллиги тушишидан сақлайди.

Манба: » Беҳи етиштириш» Тузувчилар: У. Мирзахидов – Академик М.Мирзаев номидаги БУВИТИ Самарқанд илмий тажриба станцияси илмий ишлар бўйича директор ўринбосари қ.х.ф.н., катта илмий ходим. Д.А. Обиджонов – Академик М.Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти Илмий ишлар бўйича директор ўринбосари қ.х.ф.д. 

Лойиҳа ғояси муаллифи ва ташкилотчи: “Агробанк” АТБ