Беҳининг монилиоз касаллиги ва қарши кураш чоралари

Беҳининг монилиоз (мева чириш) касаллиги Европанинг кўп мамлакатларида, Сурияда, Россияда (Краснодар ўлкаси), Кавказ орти давлатларида (Арманистон, Грузия, Озарбайжон) ва Молдавияда тарқалган. Охирги 5-6 йил ичида монилиоз Ўзбекистонда деярли ҳамма вилоятларда учрамоқда, жумладан Тошкент вилоятида кенг тарқалиб, кўп жойларда барча беҳи дарахтларини зарарламоқда. Муаллифларнинг 2006-2008 йиллардаги кузатувлари кўрсатишича, Самарқанд вилояти, Самарқанд туманида жойлашган “Мева-шарбат” ИИЧК, Жиззах вилоятининг Ғаллаорол тумани ва Тошкент вилоятининг Қибрай туманидаги беҳи боғларининг кўпчилигида монилиоз тарқалиши 94-100% ни ташкил қилган ва ҳосил йўқотилиши 90-100% гача етган.
Касаллик белгилари. Монилиоз билан беҳининг фақат физиологик ёш тўқималари, жумладан барглари, гуллари ва новдалари зарарланади, етилган мевалари кам ҳолларда зарарланади.
Баргларда олдин кичик, нуқтасимон қизғиш доғчалар пайдо бўлади. Улар ўсиб, сарғиш ёки тўқ-қўнғир, деярли қора тусли доғларга айланади, барг қўнғир тус олади. Кейинчалик асосан баргнинг устки томонидаги катта томирлари бўйлаб, доғлар устида кулранг моғор ривожланади. Кучли зарарланган барглар тўкилади ва новдалар яланғоч бўлиб қолади.
Касалликнинг кенг тарқалган ва энг хавфли шакли – дарахтларнинг гул ва мева тугунчалари зарарланишидир. Гуллар зарарланганида мева тугунчалари ва уларнинг атрофидаги япроқчалар бутунлай чирийди, қўнғир тус олади, куйганга ўхшаб, дарахтларда осилиб қолади. Ёш новдалар устида қўнғир доғлар ва яралар пайдо бўлади. Дарахт учлари совуқ урганга ёки куйганга ўхшаб қолади. Барча зарарланган органларда ёқимли ертут ҳидини чиқарувчи кулранг моғор ривожланади. Кузда зарарланган тугунчаларда, камроқ ҳолларда баргларда склероцийлар пайдо бўлади.
Касалликнинг зарари. Монилиоз кўп мамлакатларда беҳининг энг зарарли касаллиги ҳисобланади. Зарарланган шона, тугунча, барг ва новда бўғинлари ҳалок бўлади, новдалар яланғоч ва дарахтлар кучсиз бўлиб қолади. Умуман ҳосил пасайиши шоналар ва тугунчалар касаллик туфайли ҳалок бўлишига мутаносибдир. Касаллик Арманистонда беҳи ҳосилини гектарига 135 центнердан 3,9 центнергача (97,1% га) камайтирган, баъзи йиллари ҳосил умуман олинмаган. Грузияда беҳи ҳосилининг 50% дан 99,7 фоизигачаси йўқотилган. Краснодар ўлкаси, Қрим ва Молдавияда ҳам беҳидан ҳосил олишда ва беҳи боғларини кенгайтиришда монилиоз асосий тўсиқ ҳисобланади.

Касаллик ривожланиши. Қўзғатувчи зарарланган тугунчаларда ва баргларда склероцийлар ёрдамида қишлайди. Замбуруғ 1-2 ёшли зарарланган новдаларда мицелий билан ва меваларда конидиялари воситасида қишлаши мумкинлиги тадқиқ қилинмоқда.
Баҳорда, беҳининг гуллари энди ёзилаётганда ва гул куртаклари бўртиб, очила бошлаган даврда, склероцийлардан апотецийлар ўсиб чиқади. Апотецийлар кичиклиги (қалпоқчасининг кенглиги 3-5 мм) ва хазон ичида жойлашгани учун уларни топиш анча қийин. Апотецийларда ривожланган аскоспоралар касалликнинг бирламчи манбаи бўлиб, улар ёмғир ва шамол орқали беҳининг барглари ва гултўпларининг розеткаларига тушади ва уларни зарарлайди. Гуллар, мева тугунчалари ва уларнинг атрофидаги япроқчалар қуриб, узоқ вақт тўкилмай, осилиб қолади, ҳаво намлигида бутунлай чириб кетади. Зарарланган органларда конидиялар ривожланади ва улар дарахтларнинг барглари, гуллари ва ёш новдаларида иккиламчи ва кейинги зарарланишларни қўзғатади. Конидияларнинг пайдо бўлиши гуллар очилиши даврига тўғри келади ва конидиялар гулларга оналик уруғчилари орқали киради. Барглар зарарланганидан кейин 15-20 кун ўтганда гул тугунчалари ёппасига зарарланади, ҳалок бўлади, замбуруғ ҳосилнинг кўп қисмини нобуд қилади. Кузда октябрь-ноябрь ойларида зарарланган тугунчалар ва баргларда замбуруғнинг қишловчи босқичи – склероцийлар пайдо бўлади; битта баргда
2 тадан 40 тагача склероций ривожланиши мумкин.
Кураш чоралари. Беҳини монилиоз (ҳамда ун-шудринг, фабреоз ва бошқа касалликлардан) ҳимоя қилиш учун профилактик, агротехник ва кимёвий кураш чора-тадбирлари комплексини қўллаш талаб этилади.
Профилактик, агротехник ва санитария тадбирлари. Боғни юқори агротехника талабларида парвариш қилиш, озиқлантириш, суғориш, ҳашаротларга қарши курашиш лозим. Кузда ёки эрта баҳорда дарахт пояси ва штамбларини оҳак суспензияси (10 л сувга 2 кг оҳак) билан оқлаш лозим. Замбуруғнинг қишловчи авлоди – склероцийлар (ва баҳорда улардан ривожланадиган апотецийлар) миқдорини камайтириш мақсадида беҳи дарахтлари оралари очиқ бўлиши ва шамол яхши юришини таъминлаш (дарахт барглари ёмғирдан сўнг тез қуриши касаллик камайиши ёки йўқотилиши учун шароит яратади); дарахтнинг остки қисмларини буташ, қуриган тугунчаларни, қуриган ва ортиқча ривожланган шохларни қишнинг илиқ кунлари, эрта баҳор ва кузда кесиб туриш; кузда ҳосил йиғиб олингач, баргларга азотли ўғит (мисол учун, 5-7%-ли мочевина – 10 л сувга 0,5-0,7 кг) ёки фунгицид пуркаш; дарахтлар барглари тўкилгач, уларни ва тўкилган меваларни йиғиб олиш ва йўқотиш, дарахт атрофи ва қатор ораларини 20-30 см чуқурликда ағдариш, кузги шудгордан олдин гектарига 60-70 кг соф калий ва фосфор, ёзда ҳар бир дарахтга 1-1,5 кг аммофос ўғитини 2 марта бериш лозим.
Кимёвий кураш. Монилиоз ривожланиши ва апотецийларнинг ҳаёт фаолиятини кескин камайтириш мақсадида махсус фунгицидлар қўллаш талаб қилинади. Кураш чоралари қўллашни эрта баҳорда бошлаш ва кейинчалик, об-ҳаво башоратини ҳисобга ҳолда, ҳар 10-14 кун ўтганда такрорлаш лозим. Бир мавсумда камида 5 марта фунгицид пуркаш лозим.
К у р т а к л а р  ё й и л и ш и д а н  о л д и н қуйидаги препаратлардан бири билан дарахтларни жиққа ҳўллаб ювиш лозим (бу тадбирни кузда, дарахтлар барглари тўкилгандан кейин ҳам такрорлаш даркор):
– Бордо суюқлиги, 3-4% ли эритма (100 л сувга 3-4 кг мис купороси ва 3-4 кг сўндирилган оҳак), мис купороси бўйича 30-60 л/га меъёрида;
– Мис оксихлорид 90% н.кук., 0,3-0,5% ли эритма;
– Оҳак-олтингугурт қайнатмаси, 5о ли;
– Темир купороси 53% э.кук., 2,0-3,0% ли эритма, 30-40 кг/га меъёрида дарахтларга ва остидаги тупроққа;
– Вектра 10% сус.к., 0,03% ли суспензия, препарат бўйича 0,3 л/га меъёрида.
К у р т а к ё й и л и ш и д а в р и д а ҳам Бордо суюқлиги ёки Вектра билан юқоридаги кўрсатилган меъёрларда ишлов берилади.
Д а р а х т л а р г у л л а ш и г а ч а в а г у л л а г а н д а н к е й и н:
– Бордо суюқлиги, 1,0% ли эритма, мис купороси бўйича 10-20 л/га меъёрида, ёки;
– Вектра 10% сус.к., юқорида кўрсатилган меъёрда, ёки;
– Топсин-М 70% н.кук.3, 0,1% ли суспензия (100 л сувга 100 г), препарат бўйича 1,0 л/га меъёрида пуркалади.
Ў с у в д а в р и д а:
– Байлетон 25% н.кук., 0,4 кг/га меъёрида, ёки;
– Импакт 25% сус.к., 0,01% ли суспензия, препарат бўйича 0,1 л/га меъёрида, ёки;
– Оҳак-олтингугурт қайнатмаси, 0,5-1,0о ли эритма, ёки;
– Сапроль 20% эм.к., 0,1% ли эмульсия, препарат бўйича 1,0 л/га меъёрида пуркалади.
Ўзбекистон шароитида беҳи монилиозига қарши кураш чоралари яхши ўрганилмаган. Касаллик қўзғатувчисининг биологиясини (қишда сақланиши, баҳорда инфекция қандай аъзолари ёрдамида пайдо бўлиши ва б.) тадқиқ қилиш, замонавий фунгицидларнинг самарадорлигини кенгроқ синаш ва энг самаралиларини танлаб олиб, касалликка қарши тавсия қилиш олимлар олдиди турган вазифалардир.
Чидамли навлар экиш. Беҳининг Ўзбекистонда экиладиган навларидан Самаркандская крупноплодная, Изобильная ва б. монилиозга чидамсиз, Совхозная, Консервная ва Ширин нисбатан чидамли.

Манба: Б. А. Ҳасанов, Р. О. Очилов, Э. А. Холмуродов, Р. А. Гулмуродов. Мевали ва ёнғоқ мевали дарахтлар, цитрус, резавор мевали буталар ҳамда ток касалликлари ва уларга қарши кураш. Тошкент, 2010