Хитойда битта беморни коронавирус билан даволаш ўртача 3 минг доллар, аҳволи оғир беморни даволаш 21 минг доллардан ортиқ экан. Шу ростми?​ Ўзбекистонда-чи?

Бугун АОКА ҳузуридаги штабда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Ҳабибулла Оқилов иштирокида брифинг ўтказилди.

Брифингда муҳим савол ва мурожаатлар юзасидан жавоб қайтарилди.

Савол: Вируснинг енгил ёки оғир кечиши қондаги резус-факторга боғлиқми?

Жавоб: Йўқ, қон гуруҳи ва резус-факторга касаллик кечишининг алоқаси йўқ.

Савол: Шу пайтга қадар қанча одам коронавирусга текширилди?

Жавоб:  Айни пайтгача 100 мингдан ортиқ инсон коронавирус бўйича тестдан ўтказилди. Яқин вақт ичида ушбу рақамлар ярим миллионга етказилиши режалаштирилган.

Савол: Айтишларича, Хитойда битта беморни коронавирус билан даволаш ўртача 3 минг доллар, аҳволи оғир беморни даволаш 21 минг доллардан ортиқ экан. Бу ростми?

Жавоб: Ҳар хил давлатларда бу рақамлар ҳар хил талқин этилмоқда. Ҳақиқатан ҳам бу диагноз билан даволаниш, айниқса реанимацион ҳолатларда арзон бўлиши мумкин эмас. Бироқ Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ бўлган барча харажатлар давлат томонидан қопланади. Бемор ва барча карантин зоналарида карантинда сақланувчи фуқароларимиз учун бепул.

Савол: Врач акушер-гинекологман. 18 апрелда мутахассислигим бўйича аттестациядан 5 йил ўтгани туфайли қайта ўтишим керак эди. Карантин туфайли Тошкентга бора олмайман. Бухгалтерия тоифа муддати тугаши ҳақида хабар қиляпти. Бу қандай бўлади?

Жавоб: Карантин даврида барча тоифалар муддати узайтирилади ва тоифага боғлиқ бўлган тўловлар тўланиши давом этаверади. Тоифага аттестация карантиндан сўнг топширилади.

Савол: Етказиб бериш хизматида ҳайдовчиман. Ҳар гал “ГАИ” ходимлари тўхтатганда ҳужжатларни қўлига олиб текширади. Бирида қўлқоп (перчатка) бор, бирида йўқ. Коронавирус қоғоз ва пластикда бир неча кун яшаши тўғрисида маълумотлар бор. ЙПХ ходимлари ўзи тарқатувчи бўлиб қолмайдими?

Жавоб: Сиз ЙПХ ходимларига ҳужжатларингизни очиқ равишда, қўлига бермасдан кўрсатишингиз мумкин. Ҳар гал ҳужжатларни қўлга олгандан сўнг қўлларингизни таркибида спирт бўлган дезинфекция воситалари билан ишлов беринг.

Манба: xs.uz

Дўстларингизга ҳам улашинг!