Беш сотих ердан ўттиз миллион сўм даромад

7

Фарғона вилояти

Бу ҳақда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида қишлоқ хўжалигини жадал ривожлантириш ва ислоҳотларни чуқурлаштириш бўйича ишлар натижадорлигига бағишланган видеоселектор тарзида ўтказилган йиғилишда сўз юритилди.

Исоқжон Бойматов Олтиариқ тумани марказидаги Узумчи маҳалласида истиқомат қилади. Унинг шинамгина ҳовлисида узумлар учун ишком барпо қилинганки, кирган одамнинг диққатини тортади.
– Беш сотих ердаги узумдан ўттиз миллион сўм даромад олибсиз, бунга қандай эришдингиз, – дея сўрадик ундан.
– Томорқа эгаси юрагидан чиқариб ишласа, мақсадига эришмай қолмайди, – деди у. –  Бу йил ҳам астойдил меҳнат қилиб, даромадимизни бундан-да ошириш ниятидамиз.
– Кўп тармоқли фермер хўжалигини бошқара туриб, томорқадаги юмушларни бажаришга қандай улгурасиз?
– Раҳматли отамдан қолган мерос – меҳнат қилиш, оддий бўлиш, кам гапириб, кўп эшитиш шуларга амал қиламан. Отамнинг насиҳатларига амал қилиб бораётганимизданми, ишқилиб, кам бўлганимиз йўқ. Меҳнатимиз эъти­роф этилмоқда.  Худо хоҳласа, давлатимиз раҳбарининг эътирофига ҳалол меҳнатимиз билан жавоб берамиз.
Гурунгимиз давомида бу ердаги узум навлари ҳақида ҳам гаплашдик. “Келин бармоқ”, “Ҳусайни”, “Ҳасайни”, “Ризамат” навларидан ташқари, Исоқжоннинг ўзи Ҳиндистондан олиб келган уруғсиз узум нави ҳам етиштирилмоқда.
– Отам 1996 йилда Повулғон даштидан ижарага икки гектар ер олиб, узум эккан, икки йилдан ке­йин “Мусожон Бойматов” фермер хўжалигини ташкил қилган эди. Ҳозир Баҳромжон укам шу фермер хўжалигини бош­қаряпти. Мен 2007 йили дастлаб 40 гектар ер олиб “Хайрулла Баҳром Бойматов” фермер хўжалигини ташкил қилдим. Кейинчалик ер майдонимизни 185 гектарга етказдик. Пахта, ғалла ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинларидан ҳар йили мўл ҳосил оляпмиз. Уч юз тонна ҳажмида мева ва сабзавот сақлайдиган совиткичли омборхона қурганмиз. Унда узумларимиз кеча узилгандек сақланади. Уларни харидорлар омбордан олиб кетишади.
Исоқжоннинг гаплари замирида қанча меҳнат ётганини билиш қийин эмас. Унинг айтишича, 4,5 миллиард сўмлик турли хил техникалари бор. Улар бошқа фермер хўжаликларига ҳам хизмат кўрсатиб, даромад келтираётир.
– Асалари боқмадингизми, – дея сўрадик Исоқжондан.
– Бор, энди 100 уяга етди, – дейди у. – Асаларичиликни ҳам ривожлантириш ниятимиз бор. Келгуси йилгача 150, 2019 йилда 200 уяга етказмоқчимиз.
Олтиариқнинг довруғини таратаётганлар Исоқжон ва унга ўхшаганлар эканига, шубҳа йўқ. Бу туманнинг одамлари ўзи шунақа, бир жойда туриб қолишни ёқтиришмайди. Олдинлари турп, бодринг етиштириб, танилган бўлса, энди узумлари билан элнинг оғзига тушмоқда. Аммо бодринг билан турп камайгани йўқ, қаерга борманг, Олтиариқнинг турпи, бод­рингидан олиб кетинг дейишади. Олтиариқликлар уларни энди ишкомлари тагида етиштиришяпти. Бодринг узум яхши амал олгунча пишади, турп эса узум пишганидан кейин етилади. Бир-бирига халақит қилмайди.
Шуларнинг ҳисобини олган, меҳнатдан қочмайдиган олтиариқликларга раҳмат, деймиз.

Ҳамиджон БУРҲОНОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.

qishloqhayoti.uz

Дўстларингизга ҳам улашинг!