БИРИНЧИ ЭКИНДАН 25 МИЛЛИОН

Чўп суқсакўкарадиган заминимизнинг ҳар бир қаричидан унумли фойдаланмаслик нотўғри.

Томорқачиликда вақтида экиш ҳам жуда муҳим. Бугун бир кун кечикилса, эртага ҳосил олиш 15-20 кунга кечикади. Қибрайлик деҳқон Шавкат Инсопов ҳам ер билан тиллашадиган деҳқон. 25 сотих ерда ­оилавий деҳқончилик билан шуғулланади.

— Биринчи экин ҳосилини олиб бўлгач, ерни дарров такрорий экин учун ҳозирладик, — дейди томорқачи ­ШавкатИНСОПОВ. — Томорқамиз ҳовлимиздан хийла олисроқда жойлашган. Ёзда у ерга чайла қуриб, мен, аёлим ва кичик ўғлим ишлаймиз. Худога шукр, ер ҳам ризқимиз, даромадимизни бериб турибди. Асосийси, ишдан қочмаслик.

— Сир бўлмаса, биринчи экин ҳосилидан қанча даромад олдингиз?

— 25 миллионлар атрофида даромад қилдик. Бунда қулупнайнинг янги, йирик ва серҳосил навини экканимиз, агротехникасини тўғри амалга оширганимиз қўл келди. Очиғи, ҳар бир навга алоҳида ёндашув керак бўлар экан.

— Такрорий экинларга нималар эккансиз?

— Шу йилнинг 27 июлида картошка, сабзи ва кечки бодринг экдик. 15 сотих ерга картошканинг серҳосил «Пикаро» ва «Санта», 10 сотихга сабзининг «Мирзойи сариқ» навини, уларнинг бир четига узун қилиб кечки бодринг экканмиз.

— Дейлик, бир туп картошкадан қанча ҳосил олиш мумкин?

— Агар ўз тажрибамдан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, 4-5 килограммгача. 10 сотих сабзидан ҳам 4-5 тонна ҳосил олиш мумкин. Бодрингнинг 1 тупидан 2 кило­граммгача ҳосил териб олиш мумкин.

— Ана шу такрорий экинлардан қанча даромад олишни кўзлаяпсиз?

— Бу борада олдиндан бирон нима дея олмайман. Бу бозордаги нархга боғлиқ. Агар сиз эккан маҳсулот бозорда кўп бўлса, нархлар арзонлашиб кетади. Кам бўлса, баландроқ бўлади. Аммо етиштирган маҳсулотингиз арзонлашиб кетган тақдирда ҳам хафа бўлиш керак эмас. Чунки ўша маҳсулотлар билан рўзғорингиз таъминланган бўлади. Сиз эса, ортиқчасини бозорга олиб чиқасиз. Уни арзонга берсангиз ҳам, барибир даромад ҳисобланади. Лекин ҳамиша бозордан хабардор бўлиб туриш керак.

 

Нурбек ҒАФФАРОВ ёзиб олди.

«Оила даврасида» газетаси

Ушбу мақолани дўстларингизга ҳам улашинг!