Бодомнинг асосий зараркунандалари ва уларга қарши кураш чоралари

Бодом – ёнғоқсимон мевалилар туркумига мансуб бўлиб, мамлакатимиз ҳудудида жуда кенг тарқалган, қадимдан парваришланиб келинадиган дарахтлардан биридир. Мамлакатимиз озиқ-овқат хавфсизлигини янада мустаҳкамлаш, экологик тоза маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш, аграр секторининг экспорт салоҳиятини сезиларли даражада ошириш долзарб бўлиб, буларнинг ичида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш устувор масалалардан бири қилиб белгиланган.
Бодом (Amygdalus cammunis L.) -раънодошлар (аноргуллилар оиласи) га мансуб дарахт ва бутадир. Ҳозирги кунда бодомнинг 40 га яқин тури маълум. Осиё шимоли ҳамда Марказий Америкада, Европанинг жанубида, Ўрта Осиёда тарқалган. Ўзбекистонда 5 тури мавжуд бўлиб, улардан, асосан, ширин мағизли бодом (A.comminis L.) экилади, қолганлари ёввойи ҳолда учрайди.
Ўзбекистоннинг денгиз сатҳидан 1000-1200 м. баландликгача бўлган тоғли зоналарида (Фарғона водийси, Сурхондарё, Самарқанд, Тошкент вилоятларида) ўстирилади. Меваси пўст (пишганда ёрилиб кетади) билан қопланган қаттиқ қобикли данак (ёнғоқча) бўлиб, июль, сентябрь ойларида пишади. Мағзи таркибида 35-67% ёғ, 30% гача оқсил моддалар, шунингдек, қанд, елимсимон моддалар (аччиқ бодом таркибида 2,5% гача амигдалин) бор. Пўчоғи навига қараб юпқа (ғалвирак), ўртача ва қаттиқ,
мағзи эса ширин ёки аччиқ бўлади. Унинг хўжалик аҳамияти катта. Бодом, асосан,
ширин мағзи учун етиштирилади.
Ўрмонзорларда барп о этилаётган бодомзорлардан юқори ва сифатли ҳосил олиш учун
эрта баҳордан то ҳосил пишиб етилгунга қадар ўсимликка ҳамда унинг ҳосилига зарар келтирувчи турли хил зараркунанда ҳашаротларнинг республикамиз иқлим шароитида тур таркиби, тарқалиши, зарар келтириш даври, зарарлаш даражаси, биоэкологик ху-
сусиятларини аниқлаган ҳолда, юқори биологик ва иқтисодий самара берадиган, уйғунлашган кураш тизимини ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш ҳозирги куннинг муҳим вазифаларидан ҳисобланади.
Ўрмон агробиоценозида бодомнинг асосий зараркунандалари сифатида қуйидаги зараркунандаларни кўрсатиш мумкин. Бодомга 20 тур, жумладан, яримқаттиқ қанотлилар (қандалалар) – Hemiptera туркумига мансуб 3 тур, тенгқанотлилар (шира-
лар) – Homoptera туркумига мансуб 3 тур, қаттиққанотлилар (қўнғизлар) – Coleoptera туркумига мансуб 6 тур, тангақанотлилар (капалаклар) – Lepidoptera туркумига мансуб 5 та тур ҳашаротлар зарар келтириши аниқланган (Мирзаева С.А., Азнабакиева Д., Джураева И. 2017). Олимлар Белоруссия шароитида бодом ва грек ёнғоғининг Juglans regia L. турида каналарнинг янги Aceriaerinea, Nalepa, 1891, Acariformes: Eriophyidae
турларини аниқлаган. Белоруссияда 2012 йилгача ушбу зараркунандалар қайд қилинмаган. Ушбу турлар, асосан, Жанубий ҳудудларда, Марказий Европа, Кичик Осиё, Шимолий ва Жанубий Америка мамлакатлари, Австралия, Янги Зеландия каби давлатларда кенг тарқалган.
Ўзбекистон шароитида бодомнинг асосий зараркунандаси ёнғоқ мевахўрининг Sarrothripus musculana Ersch., тури Cymbidae оилага мансуб зараркунандаларнинг бодом ва ёнғоқ ҳосилдорлигини 40-50% айрим туманларда 80% пасайтиришини ҳамда ушбу ёнғоқ мевахўрига қарши кураш чоралари бўйича илмий тадқиқотлар олиб боришган.
Ўрмон агробиоценозида бодом зараркунандаларининг тур таркибини ўрганиш мақсадида адабиётлар таҳлил қилинганда, Ўзбекистон шароитида ушбу экинларнинг зараркунандаларига биологик ва экологик хусусиятлари, тарқалиши,зарар келтириш даражаси ва уларнинг миқдорини бошқариш бўйича тадқиқотлар олиб бориш долзарб
ҳисобланади. Шу мақсад сабабли, биз ўз тадқиқотларимизни ўрмонзорларда
бодом зараркунандаларининг тур таркиби ва миқдорини бошқариш усулларини ишлаб чиқиш бўйича тадқиқотлар олиб бордик.

Тадқиқотлар Фарғона водийси шароитида бодомчиликка ихтисослашган хўжаликларда амалга оширилди. 2018-2020 йиллар давомида олиб борилган тадқиқотларимизда тангақанотли (Lepidoptera) лар туркумига кирувчи зараркунандалар бодомнинг мева, барг ва новдаларига жиддий зарар етказиши аниқланди.
Бодом дарахтида тангақанотли (Lepidoptera)лар туркумига мансуб асосий зараркунанда ҳашаротлардан бодом мевасига ёнғоқ мевахўри (Erschoviella musculana Ersch.), новдаларига шарқ мевахўри, баргларига тенгсиз ипакчи (Lymantria dispar L.) ва танасига ҳидли ёғоч ўймакори (Cossus cossus L.) зарар келтириши кузатилди.
Учраган зараркунандалар ичида кейинги вақтларда ёнғоқ мевахўрининг зарари
ортиб бормоқда. Бодом мевалари, одатда, ушбу мевахўр билан 20-30% гача, баъзи
йиллари эса 60-80% гача зарарланади. Мевалар зарарланиши икки хил, яъни данаги қотмаган ёш меваларда қурт ядронинг марказини еб қўйиши натижасида мевалар тўкилиб кетади, пўчоғи қотган меваларда эса қурт фақат мева ёнлиги билан озиқланиб, унинг бутун этини еб қўяди ва фақат ташқи пўстлоғини қолдиради. Натижада, мева бутунлай қораяди ёки унда тўқ-қўнғир чизиқлар ва доғлар ҳосил бўлади. Зараркунанданинг 2-3-авлод қуртлари тана ёриқларида қишлайди.
Тадқиқот натижаларидан хулоса қилиб айтганда, ўрмонзорларда етиштирилаётган бодомга тангақанотли (Lepidoptera)лар туркумига мансуб асосий зараркунанда ҳашаротлардан ёнғоқ мевахўри (Erschoviella musculana Ersch.), новдаларига шарқ мевахўри, баргларига тенгсиз ипакчи (Lymantria dispar L.) ва танасига ҳидли ёғоч
ўймакори (Cossus cossus L.) зарар келтириши кузатилди. Учраган зараркунандалар ичида кейинги вақтларда ёнғоқ мевахўри доминант тур зараркунанда эканлиги қайд этилди.
Бодомда мевахўрларга қарши Энтовант 15% эм.к., ва Делфос 36% эм.к. каби инсектоакарицидлар тавсия этилган сарф миқдорида қўлланилса, 86,5-87,2% гача биологик самарадорликка эришилди.

Анвар ҲАСАНОВ, ТошДАУ тадқиқотчиси, Аъзам ҒОФУРОВ, илмий ходим, Ўсимликлар карантини илмий-тадқиқот маркази.

Манбa: «ЎЗБEКИСТОН ҚИШЛОҚ ВА СУВ ХЎЖАЛИГИ» аграр-иқтисодий,илмий-оммабоп журнали 2021 йил, №4. Апрель