Бодринг касалликлари ва даволаш чоралари

Бодрингнинг ҳам бошқа сабзавот махсулотларига ўхшаб бир қанча касалликлари борки, уларни билиш фойдадан холи бўлмайди. Касалликлар кўпинча август ойида пайдо бўлади ва тез ривожланади. Лекин бодрингдан кўплаб хосил олинаётган даврда кимёвий препаратлардан фойдаланиш мумкин эмас. Кимёвий моддалар билан ишлаганда албатта шаҳсий химоя қоидаларига қатъий риоя қилиш зарур бўлади.

Хосил йиғиб олинганидан сўнг, албатта ўсимлик қолдиқларини йўқотиш ва ёқиб юбориш керак, ерни эса минерал ва махаллий ўғитлар сочиб хамда унга керакли кимёвий химоя воситалари билан ишлов берган холда бир неча марта чуқур хайдаш керак бўлади.

Бодрингни иссиқхоналар шароитида етиштирилганда ҳам юқорида кўрсатилган санитар-профилактик тадбирларга риоя қилиш керак бўлади (яъни, ўсимлик қолдиқларини йиғиш, дезинфекция қилиш ва йўқотиш, иссиқхона элементларини хамда ундаги тупроқни дезинфекция қилиш).

Бегона ўтлар билан курашиш, агротехника тадбирларини тўғри ташкил қилиш ва ўтказиш, алмашлаб экиш, иссиқхонада бир вақтнинг ўзида сабзавот ва гуллар ўстирмаслик, кўчатларни жуда хам зич экмаслик, ўғитларни нормадан кўп миқдорда солмаслик (айниқса азотли ўғитларни), иссиқхонада хаво ва тупроқнинг оптимал хароратини сақлашга эришиш – бодрингнинг касалликларга чалинмаслигининг асосий шартларидандир.

Бодринг уруғларини икки йил сақлагандан сўнг экиш мақсадга мувофиқдир. Агар бундай имконият бўлмаса, у холда уруғларга термик ва кимёвий усулларда ишлов бериш керак бўлади. Термик ишлов беришда уруғларни уч сутка 50-52 градусда, кейин бир сутка 80 градусда ушлаб туриш керак бўлади. Уруғларга кимёвий ишлов беришда қуйидаги препаратлардан фойдаланиш мумкин: 70% ли Тигам қуруқ порошоги (3-4 кг/тонна) ёки 80% ли ТМТД қуруқ порошоги (4 кг/тонна).

Доимий ва систематик равишда касалланган ўсимликлар ёки унинг баргларини йўқотиш зарур. Агар бодринг ўсимлиги танасида оқ ёки кўкимтир чириш касаллиги белгилари пайдо бўлса, касалланган жойларни 50% ли Роврал ёки 50% ли Ронилан ёки 50% ли Сумилекс порошокларини мел ёки охак билан 1:1 ёки 1:2 нисбатда аралаштириб суртилади.

Унли шудрингга қарши самарадор курашиш учун бир қанча фунгицидлардан фойдаланиш мумкин. Масалан 5% ли Байлетон қуруқ порошоги (1-3 кг/гектар), 50% ли Каратан эмулсияси (0,5- 1 литр/гектар), коллоидли олтингугурт ёки олтингугурт қуруқ порошоги (2-4 кг/гектар).

Унли шудринг ва сохта унли шудринг касалликларига қарши Топсин-М дан 0,7 кг/га ёки Топаздан 0,5 л/га қўллаш мумкин. Сапрол эса 0,8 л/га хисобидан ёхуд сувда эрувчан 85% ли олтингугуртдан 4 кг/га хисобидан пуркаш мумкин. Юқорида келтирилган препаратлар очиқ майдонларда гектарига 600 литр, ёпик майдонларда эса 1 тонна сувга аралаштириб сепилади.

Энди Ўзбекистонда махаллийлаштирилган бодринг навларининг энг асосий касалликлари ва уларга қарши қандай курашиш кераклиги хакида маълумот бериб ўтамиз:

Мозаика касаллигига йўлиққан бодрингларниг ёш барглари сарғиш-яшил тусга киради, мевалари хунуклашади ва эски барглар юзаси ғадир-будур бўлиб қолади.

Бу касалликка қарши самарадор кураш чоралари қуйидагилар: бодринг уруғларини экишдан аввал 1% ли Калий марганец (марганцовка) эритмасида 30 минут давомида зарарсизлантириб, сўнгра оқар сувда ювилиб қуритилади. Ундан кейин 2-3 марта қуйидаги эритма пуркалади: 1 литр ёғи олинган сут, 5 грамм Бор элементи ишқори (борная кислота), 20 грамм арзон Кемира ёки «Сударушка» озуқаси ва 9 литр сув. Бундай ишлов беришлар оралиғи 10-12 кун бўлиши керак.

Антрактоз касаллигига дучор бўлган бодрингларнинг баргларида йирик сарғиш-қўнғир доғлар пайдо бўлади ва натижада барглар қурийди. Бодрингнинг банд ва новдалари эса кейинрок қорая бошлайди, мевалари аччиқ бўлиб қолади. Касаллик хаво намлиги юқори бўлган шароитларда кучаяди. Бу касаллик ўсимлик қолдиқлари орқали ва баъзан уруғлардан ҳам тарқаши мумкин. Касалликка қарши кураш чоралари: унга йўлиққан бодрингларни 1% ли Бордосс суюқлиги ёки 0,4% ли Хом препарати билан пуркаш яхши натижаларга олиб келиши мумкин.

Унли шудринг касаллигига йўлиққан бодрингларнинг барглари юзасида оқ унсимон доғлар пайдо бўлади ва улар кейинроқ барглар остида, бандлар ва новдаларда ҳам пайдо бўлади. Юқори хаво намлиги касаллик ривожланишига туртки бўлади. Касаллик замбуруғлари ўсимлик қолдиқларида ҳам сақланиб қолади ва хаво орқали тарқайди. Кураш чоралари: хар 100 кв. метр ер майдонига 300 грамм хисобидан туюлган олтингугурт чанглатиш ёки 0,3% ли коллоидли олтингугурт пуркаш амаллари хар 7-8 кунда такрорланиб турилиши керак бўлади. Бундан ташқари 4-6 грамм Квадрис, 2-3 грамм Строби, 10 мг Топсин ёки 1,5 грамм Топазни 10 литр сувга солиб, пуркаш ҳам мумкин (хар 100 квадрат метр хисобидан).

Пероноспороз (сохта унли шудринг) касаллигига чалинган бодринглар баргларининг юзасида сарғиш-сариқ доғлар пайдо бўлади, улар кейинчалик қўнғир-сариқ тусга киради, пастки тарафда эса кулранг-сафсар рангли ғубор пайдо бўлади. Кейинчалик доғлар катталашиб, барглар қурий бошлайди. Касаллик ўсимлик қолдиқларида сақланиб қолади. Кураш чоралари: Ўсимликка 1% ли Бордосс суюқлигини ёки 0,4% ли Хом препаратини ёхуд 20 г Оксихом, 20 грамм Ридомил, 4-6 грамм Квадрис ёки 3 грамм Стробис препаратларидан бирини пуркаш касалликни енгишга ёрдам беради.

Бактериоз (Киррали доғланиш) касаллигида бодринг баргларида ёғсимон, қиррали жигарранг доғлар пайдо бўлади ва натижада барглар сўлинқираб, қўнғирлашади ва тўкилиб кетишади. Новдаларда, баргларда ва меваларда катта бўлмаган сувли доғлар кўриниб, кейинчалик чуқур яраларга айланади. Касаллик ривожланишига юқори хаво намлиги ва харорат сабаб бўлади. Инфекция уруғларда ва ўсимлик қолдиқларида сақланиб қолади.

Кураш чоралари: Ўсимликка 1% ли Бордосс суюқлигини ёки 0,4% ли Хом препаратини пуркаш яхши натижа беради.

Кулранг чириш касаллигида бодринг ўсимлигининг зарарланган қисмларида замбуруғнинг кулранг ғубори пайдо бўлади ва меваси чириб, тўкилади. Замбуруғ ўсимлик қолдиқларида сақланиб қолади. Кураш чоралари: 10 грамм Топсин ёки 15-20 грамм Эупарен препаратларини ишлатиш яхши самара беради.

Манба: Ўсимликлар касалликлари ва зараркунандаларига қарши кураш. Тузувчи Р.Х. Аюпов. – Т.: Иқтисод-Молия, 2007. – 124 бет