Бодринг мозаикаси касаллиги ва қарши кураш чоралари

Вирус жуда кенг ихтисослашган ва 300 тадан кўпроқ ўсимлик турларини, жумладан барча полиз экинларини, помидор ва бошқа кўп маданий экинлар ва бегона ўтларни зарарлайди.

Касаллик белгилари 6-8 ҳафталик бодринг экинида яққол кўринади. Зарарланган ёш барглар пастга қараб букилади, олачипор тус, усти ғижимланган шакл олади, оч-яшил ва сариқ доғлар ривожланиб, мозаика ҳосил бўлади, барг ўсмайди. Палак бўғинлари ораси қисқаради, натижада ўсимлик тепасида ёш барглар розеткаси пайдо бўлади. Ўсимликлар заифлашади, ўсишдан орқада қолади, аста-секин сарғаяди ва сўлиб қолади. Экинда ён новда ва оналик гуллар сони камаяди. Эрта зарарланган ёш ўсимликлар қурийди, кечроқ зарарланганларининг вегетация даври қисқаради, кам гул ҳосил қилади.

Зарарланган мевалар хунук шакл олади, олачипор (сариқ-яшил) бўлиб қолади, устида сўгаллар пайдо бўлади, хлороз ривожланади.

Вирус барқарор эмас, қуруқ ҳавода фаоллигини тез йўқотади, касал ўсимликлардан сиқиб олинган ширада 4 кун сақланиши мумкин, 60-70оС ҳароратда 10 дақиқада ҳалок бўлади. Ўсимлик қолдиқлари ва уруғда сақланмайди. Касалликнинг инкубацион даври 10-15 кун. Ҳаво ҳарорати кескин ўзгариши, экинларнинг туп сони қалин бўлиши касалликни кучайтиради.

Кураш чоралари:

Чидамли навлар яратиш ва қўллаш; бодрингни вирус билан зарарланишга мойил экинлар, бегона ўтлар ва кўп йиллик гулларга яқин жойлаштирмаслик; бегона ўтлар ва биринчи зарарланган ўсимликларни қазиб олиб, иссиқхона ва далалардан чиқариб, йўқотиш. Вируслар зарарини тўхтатиш учун табиий усул қўлланилади. 8 литр сувга 1 литр ёғсиз сут ва 10 томчи йод аралашмаси билан поя ва баргларнинг ҳар томонига ишлов берилганда касалликни вақтинча тўхтатиш мумкин, лекин бутунлай даволаб бўлмайди.

Манба: @agrobloger

Дўстларингизга ҳам улашинг!