Бодрингда бактериоз сўлиш касаллиги

Бодрингда бактериоз сўлиш касаллигини Erwinia tracheiphila бактерияси қўзғатади. Бодрингда очиқ дала ва иссиқхоналарда кенг тарқалган, қовун, тарвуз ва қовоқ ҳам зарарланади. Бактериоз айрим баргларнинг баъзи қисмлари кулранг-яшил доғланиши ва сўлишидан бошланади; бундай баргларда иккита – ўнбир нуқтали (Diabrotica undecimpunctata) ва йўл-йўл бодринг (Acalymma vittata) бурга-қўнғизчалари зарарлаб пайдо қилган тешикчаларни топиш мумкин. Сўнгра битта ёки бир нечта палаклар ёхуд бутун ўсимлик сўлиб қолади. Кўпинча ўсимликлар гуллаш ва мева тугиш фазаларида сўлийди.

Иссиқхоналарда зарарланган ўсимликлар 2-3 кун ичида сўлиб қолиши мумкин. Далада ёки иссиқхонада касаллик бактериоз сўлиш эканлигини қуйидаги усул ёрдамида аниқлаш мумкин: сўлган ўсимлик поясини кесиш ва уни қўл билан сиқиш лозим; ўтказувчи тўқималардан оқ суюқлик чиқиши, ва унга қаламтарошнинг учини тегизиб, секин тортганда суюқлик ингичка ипга ўхшаб чўзилиши бактериоз сўлиш мавжудлигидан далолат беради. Бактерия қўнғизчаларнинг овқатни ҳазм қилиш органлари ичида сақланади; қўнғизчалар баргни кемирганда, бактериялар барг ичига кириб олади. Бактерия ўсимлик қолдиқларида сақланмайди.

Манба: ҲИМОЯЛАНГАН ЖОЙ ЭКИНЛАРИ КАСАЛЛИКЛАРИ (услубий қўлланма)

Тузувчилар: Биология фанлари номзоди доцент У. Х. Рахимов Ассистент Б. С. Содиқов