Бодрингдаги ўргамчаккана билан курашиш чоралари

Ўргамчаккананинг қандай зарари бор?

Ўргамчаккана кўпгина қишлоқ хўжалик экинларига зарар келтиради, шулар жумласида бодрингга ҳам. Ушбу кўзга деярли кўринмас зараркунанда (узунлиги 1 миллиметрдан кичик) ўзининг барча ривожланиш даврларида экин учун ҳатарлидир.

Личинкалари ҳам, етилган ўргамчаксимонлар ҳам ўсимлик тўқималарини тешиб, ўсимлик шарбатлари билан озиқланади. Шу туфайли, аввал барглар майда оч доғлар билан қопланади, ундан сўнг тўлиқ сарғайиб, қурийди ва тўкилади.

Бундан ташқари каналар бодринг ўсимлигини жуда ингичка бўлган шаффоф оқ ўргамчак тўри билан ўриб, фотосинтез қилишига тўсқинлик қилади – аввал баргларнинг пастки тарафида (бу ерда уррочилари тухум қўяди), ундан сўнг пояларида, ғунчаларида ва меваларида.

Шунингдек, каналарнинг ўсимликдаги тешган жойлари одатда каналарнинг ўзлари ташийдиган бактериал ва замбуруғли инфекциялар учун очиқ “дарвоза” бўлиб хизмат қилади.

Ўргамчакканаларнинг яшашлари учун мақбул шароит

Ўзини яхши хис қилиши учун ўргамчакканага +12 – 15°С даражали ҳаво ҳарорати етарли бўлади. Бироқ улар қуруқ (таҳминан 30% ли намлик даражаси) ва иссиқ шароитларда (+25°С дан юқори) янада фаол озиқланади ва кўпаяди. Кузда, ҳаво ҳароратининг пасайиши билан ўргамчакканинг уруғлантирилган (урчиган) уррочилари, кейинги мавсумнинг бошида яна пайдо бўлиш учун иссиқхонанинг турли ёриқ ва тешикларида яшинади.

Ушбу зараркунандалар йирик колониялар бўлиб яшайди, фаол ва тез кўпаяди, томорқа бўйлаб шамол, ёмғир, инсонлар ва ҳайвонлар ёрдамида жуда осон тарқалади. Шунинг учун хоҳ очиқ дала шароити бўлсин, хоҳ ёпиқ иссиқхона шароитида деҳқоннинг ҳаракатсизлигида каналар нафақат бодрингга, балки яқин атрофдаги барча экинларга жиддий зарар етказишлари мумкин.

un124579564320na4316-5978451-230m7849113421ed.jpg (41 KB)

1-расм. Бодрингдаги ўргамчаккана

Бодрингдаги ўргамчакканадан қандай қилиб қутулиш мумкин?

Ўргамчаккана пайдо бўлишини олдини олиш профилактикаси

Ўргамчаккана пайдо бўлишини олдини олишнинг илк шарти – доимий равишда экин баргларини синчковлик билан кўздан кечириб, назорат қилишдир.

Иссиқ вақтда иссиқхонани етарлича ҳаволантирмаслик ва ёзнинг қурғоқ палласида етарлича суғормаслик ҳам бодринг экинларида ўргамчаккана пайдо бўлишинг хавф омилларини ташкил этади.

Ушбу зараркундаларнинг экинда пайдо бўлишида яқин атрофда ўсаётган бегона ўтларнинг кўплиги ва йиғиштирилмаган ўсимлик қолдиқлари ва тўкилган барглар сабаб бўлади. Бегона ўтларда ўргамчаккана фаол кўпаяди, ўсимлик қолдиқлари ва тўкилган баргларда қулай шароитда қишлаб чиқиш имкониятига эга бўлади.

Ўргамчаккана билан қандай курашиш керак?

Агар бодринг экинларида ушбу ўргамчаксимон пайдо бўлган бўлса нима қилиш керак? Бошланишида халқ усуллари билан курашиб кўришингиз мумкин, аммо ўрамчакканага қарши бу усуллар одатда кўп фойда бермайди.

Бодрингдаги ўргамчакканага қарши курашишда халқ усуллари:

Сув-совун аралашмаси – 10 л илиқ сувга 40 г қирғичдан ўтказилган совун аралаштирилади.

Тамаки дамламаси – 300-400 г тамаки бир суткага 10 л сувда дамланади, ундан кейин қайнатиб, совутилади. Сўнгра унга яна 10 л сув ва 50 г қирғичдан ўтказилган совун қўшилади

Саримсоқ дамламаси – 2 бош саримсоқни эзиб, устидан 1 л қайноқ сув қуйилади ва 3-5 кунга дамланади.

Пиёзнинг қуруқ пўсти дамламаси – 200 г пиёз пўсти устдан 1 л сув қуйиб, 3-5 кунга дамлаб қўйилади.

Юқоридаги аралашма ва дамламалар экин устидан пуркалиш орқали қўлланилади.

Агар сиз кимёвий воситаларсиз бодринг етиштириш тарафдори бўлсангиз, ўргамчаканага қарши курашишда биологик усулларни қўллаб кўришингиз мумкин. Бундай усулларга Фитоверм, Битоксибациллин ёки Бикол (инструкция бўйича) биопрепаратлари билан экин устидан пуркаб чиқиш киради. Бодринг агатларида ўргамчаккананинг табиий душмани бўлган фитосейулюс йиртқич канасини ерлаштириш (қўйиш) яхши натижа беради. Бу йиртқич усти ёпиқ ерда, яъни иссиқхона шароитида жуда самарали натижа кўрсатади, ўргамчакканадан икки марта тезроқ кўпаяди.

Бодрингдаги ўргамчакканага қарши кимёвий воситаларни қўллаш

Нима бўлганида ҳам ўргамчакканага қарши энг самарали усул инсектицид ва акарицидларни қўллаш бўлиб қолмоқда. Бу ўргамчаксимонга қарши кўпгина тавсия этилган препаратлар мавжуд – Карбофос, Фуфанон-Нова, Акарин, Апполо, Тиовит-Джет, Демитан, Клещевит.

Улардан исталган бирини қўлланишингиз мумкин, аммо шуни унутманг-ки, биринчидан, бир ҳафта оралиғи билан бодрингга бир неча марта ишлов бериш керак бўлади, иккинчидан эса, препаратларни навбати билан алмаштириб қўллаш лозим (ўргамчакканалар битта таъсир этувчи моддага тез мослашиб олишади ва бу модда уларга таъсир қилмай қўяди).

Кўриб турганингиздек, ўргамчакканага қарши бодринг экинларида доимий ва зерикарли кимёвий ишлов бериш билан “овора” бўлмаслик учун энг яхшиси, профилактика чораларини унутмасликдир.

Манба: dehqon.uz  sadoezh.ru