Бодрингдаги ун шудринг касаллиги: белгилари, олдини олиш ва курашиш чоралари

Бодрингдаги ҳақиқий ун шудринг касаллиги кўпчилик деҳқонларга таниш бўлса керак. Орада-сирада баргларда ва пояларда оқ «унли» доғлар пайдо бўлиб, вақт ўтиши билан янада каттароқ майдонни «эгаллаб» бошлайди. Касалликни ривожланишида нам ҳаво, ҳароратдаги катта фарқ (жуда иссиқ ва анча салқин бўлиши) ёки иссиқхонада ҳавонинг яхши айланмаслиги сабаб бўлади.

Касалликни қўзғатувчи – бир талай замбуруғлар бўлиб, улар умумий қилиб уншудринглар деб номланади. Шундай қилиб бодринглардаги (ва умуман қовоқдошларда) ун шудрингга оидиум, эризифе, сферотека ва бошқа замбуруғлар «жавоб беради».

Замбуруғ зарарланган ўсимликларда ва ўсимлик қолдиқларида қишлайди. Ҳаволар илиши билан уйғонади ва ўсиб, ривожланиб бошлайди. Касаллик илиқ ва нам ҳавода тезроқ тарқалади. Замбуруғ споралари ҳаводан, ёмғир ёки суғориш суви, ҳамда зарарланган ўсимликларга теккан дезинфекцияланмаган деҳқончилик қуроллари орқали жуда осон тарқалиши мумкин.

Бодрингдаги ун шудринг белгилари

Ун шудринг пайдо бўлишининг илк белгилари аввал баргларнинг устки қисмида, сўнгра остки қисмида оқ кукунсимон қатлам (ғубор) орқали намоён бўлади. Кўринишидан бу ғуборни жуда осон артиб ташлаш мумкиндек туюлади. Бироқ артиб ташланса ҳам бу ғубор янгидан пайдо бўлаверади, ҳамда доғлар ҳажмда катталашаверади – бу ўсимлик тўқималари бўйлаб тез тарқаладиган замбуруғ мицелийсидир. Одатда зарарланиш ўсимлик бўйлаб пастдан юқорига қараб «ҳаракатланади».

Бир неча кун ўтгандан кейин нафақат барг пластинкалари, балки поялар, бандлар, гулбандлар ва мевалар оқариб қолади. Зарарланган бодринг ўсимликларининг барглари сўлиб, сарғайиб, буралиб ва тўкилиб бошлайди. Мевалари эса сувсизланиб, ёрилиб ва чириб бошлайди. Ғубор (қоплама) доғлари ўсимликларнинг нормал фотосинтез қилишларига имкон бермайди. Агар касаллик билан курашилмаса, охири оқибат ўсимлик нобуд бўлади.

u78965623014-n98965621014n-a23314587m-123014589ed.jpg (75 KB)

Бодрингдаги ун шудрингни олдини олиш

Бодрингга ун шудринг тушишини олдини олишнинг энг яхши усули – бу экинни етиштиришнинг агротехникасига (экиш схемаси, ҳарорат ва намлик режимига амал қилиш) ва алмашлаб экишга қаттиқ амал қилиш. Шунингдек ушбу касалликка чидамли бодринг навларини экиш.

Томорқадаги барча ўсимлик қолдиқларини йўқатишни унутмаслик, ҳамда кузда ерни чуқур ағдариб (ҳайдаб) чиқиш, шунингдек иссиқхона конструкцияларини дезинфекция қилиш лозим.

Бодрингдаги ун шудринг касалини даволаш

Касалликнинг илк белгиларида зарарланган баргларни ва новдаларни кесиб олиб, йўқотиш, бир ҳафтага суғориш ва озиқлантириш ишларини тўхтатиш лозим. Шунингдек қуйидаги сувли аралашмалардан бири билан бодринг экинига ишлов бериш (устидан пуркаш) керак:

— содали аралашма билан (10 л сувга 50-80 г сода), ҳамда совун қўшиб;

— марганцовкали аралашма билан (10 л сувга 3-5 г);

— коллоидли олтингугурт аралашмаси билан (10 л сувга 15 г).

Юқоридаги аралашмалар билан ғубор (қоплама) йўқолгунига қадар экинга бир неча марта ҳар 7 кунда ишлов бериш лозим.

Манба: dehqon.uz sadoezh.ru

Дўстларингизга ҳам улашинг!